Инфографика: 2017–2024 йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноатининг ривожланиши

Инфографика: 2017–2024 йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноатининг ривожланиши

Сўнгги саккиз йил мобайнида Ўзбекистонда фармацевтика саноати жадал суръатларда ривожланиб, миллий иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга соҳалари қаторида мустаҳкам ўрин эгаллади. 2017–2024 йиллар давомида соҳани комплекс ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 бараварга ўсиб, 2024 йил якунида 4,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўсиш, аввало, миллий дастурлар доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ва инвестиция фаоллигининг ортиши билан боғлиқдир.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони 2017 йилдаги 146 тадан 2024 йилда 195 тага етди. Улардан 54 таси дори-дармон воситалари, 38 таси тиббий ускуналар, 103 таси эса тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг яратилиши ва мавжуд корхоналарни модернизация қилиш орқали соҳанинг ички эҳтиёжларни қондириш салоҳияти сезиларли даражада ошди.

2017–2024 йиллар давомида фармацевтика соҳасига киритилган умумий инвестициялар ҳажми 3,6 бараварга ўсиб, 2024 йилда 185 млн долларни ташкил этди. Бунинг катта қисми тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобига тўғри келади. Хусусан, замонавий технологияларни жалб қилиш, халқаро стандартларни жорий этиш ва сифат назорати тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Экспорт салоҳияти ҳам сезиларли даражада кенгайди. Агар 2017 йилда фармацевтика маҳсулотлари экспорти 7,3 млн долл. атрофида бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2,7 бараварга ошиб, 20 миллион долларга етди. Халқаро ҳамкорлик географияси кенгайиб, Германия, Россия ва Қозоғистон асосий ҳамкор давлатлар сифатида шаклланди. Бундай алоқалар ўзбек маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлади.

Ишлаб чиқаришда сифат ва хавфсизликка бўлган талабларнинг ортгани шароитида GMP (Good Manufacturing Practice) ва бошқа халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. 2020 йилда 10 та корхона GMP талабларига жавоб берган бўлса, 2024 йилда улар сони 54 тага етди. Шунингдек, ISO 9001:2015 стандарти бўйича сертификатланган корхоналар сони 74 фоизга ўсиб, 59 тага етди.

Умуман олганда, фармацевтика саноати Ўзбекистонда технологик жиҳатдан илғор, инвестициявий жозибадор ва экспортбоп соҳалардан бирига айланмоқда. Ҳукумат бу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириб, фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспортни рағбатлантириш ва илғор ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар