Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

ЕИ Temu платформасига 200 млн евро жарима солинганидан сўнг таклиф этилган тузатиш чораларини маъқуллади (Европа комиссияси)

Европа комиссияси Хитойнинг Temu онлайн савдо платформаси томонидан Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни (DSA) талабларига риоя этиш мақсадида таклиф қилинган чора-тадбирларни маъқуллади.

Temu ноқонуний маҳсулотлар савдосининг олдини олиш бўйича бешта чорани амалга ошириш мажбуриятини олди. Улар хавфларни баҳолаш, чоралар самарадорлигини кузатиш, модерация жараёнлари ва алгоритмларни назорат қилиш ҳамда қоидабузарликларнинг олдини олишни қамраб олади. Temu тўрт ой ичида хавфларни оралиқ баҳолашдан ўтказади.

Аввалроқ Европа комиссияси назорат етарли даражада таъминланмагани учун Temu платформасига 200 млн евро жарима солган эди. 2026 йил июль ойидан бошлаб ЕИда электрон тижорат платформалари (Temu, Shein, AliExpress) орқали келадиган арзон нархли посилкалар учун 3 евро миқдорида бож амал қилмоқда.

АҚШ суди Alibaba компаниясига нисбатан Пентагон томонидан жорий этилган чекловлар амал қилишини вақтинча тўхтатди (Reuters)

Reuters маълумотига кўра, АҚШ федерал суди Alibaba компаниясининг Хитой қуролли кучлари билан эҳтимолий ҳамкорлиги сабабли жорий этилган шартномавий чекловларни вақтинча тўхтатди.

Мазкур чекловлар АҚШ Мудофаа вазирлиги пудратчиларига бир вақтнинг ўзида Alibaba манфаатларини ҳам ифода этувчи лоббистлик компаниялари хизматларидан фойдаланишни тақиқлайди.

Суд қарорига кўра, Alibaba энди Пентагон пудратчилари билан ҳам ишлайдиган АҚШ лоббистлик компаниялари хизматларидан вақтинча фойдаланиши мумкин. Бироқ компания чекловлар рўйхатида қолмоқда. BYD, DJI ва WuXi AppTec компаниялари ҳам шунга ўхшаш чекловлар юзасидан судга шикоят қилган.

Корея банки яримўтказгичлар экспорти қисқариши хавфи ҳақида огоҳлантирди (Maeil Business Newspaper)

Корея банки прогнозларига кўра, 2027 йилда АҚШнинг йирик технологик компаниялари сунъий интеллектга инвестиция киритиш суръатини секинлаштирса, Жанубий Кореянинг яримўтказгичлар экспорти базавий прогнозга нисбатан 50–100 млрд долларга камайиши мумкин.

Корея банки баҳолашича, микросхемаларга талабнинг пасайиши Жанубий Корея ЯИМ ўсиш суръатини 0,4 фоиз бандга секинлаштириши мумкин. Ушбу сценарийда яримўтказгичларнинг экспорт нархлари 10 фоизга пасайиши ҳам назарда тутилган. Асосий хавф Жанубий Корея иқтисодиётининг яримўтказгичлар соҳасига юқори даражада боғлиқлиги билан изоҳланади. Мамлакат экспортининг қарийб ярми ушбу маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади.

Amazon, Google, Microsoft, Meta ва Oracle компанияларининг жами капитал харажатлари 2026 йилдаги 80 млрд доллардан 2027 йилда 110 млрд долларгача ошиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар