Хитой сунъий интеллект технологиялари экспорти устидан назоратни кучайтирмоқда (Reuters)
Хитой сунъий интеллект технологияларини хорижга узатиш бўйича янги чекловларни таклиф қилди. Лойиҳага мувофиқ, 23 та технологияни экспорти тақиқланган ёки чекланган технологиялар рўйхатига киритиш назарда тутилмоқда. Янги қоидалар 2026 йил охирига қадар қабул қилиниши кутилмоқда.
Назорат катта ҳисоблаш қувватларини талаб этадиган сунъий интеллект моделлари, 2 трлн параметрга эга тизимлар ҳамда 10 мингта сунъий интеллект чипини бошқариш технологияларини қамраб олади.
Шу билан бирга, хорижий фойдаланувчилар Хитойнинг сунъий интеллект хизматларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади. Бироқ технологияларнинг ўзини хорижга узатиш чекланади. Шу тариқа, Хитой технологиялар устидан назоратни сақлаб қолган ҳолда, халқаро бозорда сунъий интеллект хизматларини тақдим этишни кўзламоқда.
Volkswagen Хитойда ишлаб чиқилган технологиялардан халқаро бозорларда фойдаланади (DPA, Германия)
Volkswagen компанияси Хитойда ишлаб чиқилган электрон архитектурани (автомобил электроникаси, дастурий таъминоти ва рақамли функцияларини бошқарувчи ягона тизим) Жанубий Америка, Африка ва Жануби-Шарқий Осиё бозорлари учун мўлжалланган янги авлод автомобилларида қўллашни режалаштирмоқда.
Мазкур технология Volkswagen компаниясининг Хитойнинг Хэфэй шаҳридаги тадқиқот марказида ишлаб чиқилган. Уни жорий этиш ўн йиллик охирига қадар режалаштирилган. Шу билан бирга, Volkswagen Хитойда ишлаб чиқарилган автомобилларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилмоқда.
Ушбу қарор компаниянинг “Хитойда, Хитой учун” стратегиясидан Хитойда яратилган технологияларни халқаро бозорларда қўллаш стратегиясига ўтаётганини англатади. Стратегиядаги ўзгариш Volkswagen компаниясининг Хитойдаги сотувлари 2026 йилнинг учинчи чорагида 38,5 фоизга қисқариб, 405,8 мингта автомобилни ташкил этган бир пайтга тўғри келмоқда. Компания баҳолашича, автомобилларни Хитойда ишлаб чиқиш уларни яратиш муддатини 30 фоизгача қисқартириш имконини беради.
Йирик истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилари нархлар ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди (Reuters)
Жаҳоннинг йирик озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилари (Coca-Cola, Procter & Gamble, Nestlé ва Reckitt) ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши фонида 2027 йилда маҳсулотлар нархи ошиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунга АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро шароитида хомашё, энергия ресурслари ва транспорт ташувлари қийматининг ошиши асосий сабаб бўлмоқда.
Procter & Gamble компанияси хомашё, энергия ва логистика билан боғлиқ қўшимча харажатлар бўйича ўз баҳосини 1 млрд доллардан 1,4 млрд долларгача оширди. Reckitt эса ишлаб чиқариш харажатларини қоплаш мақсадида маҳсулотларнинг сотиш нархларини ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Изоҳ қолдириш