Инфографика: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдоси

Инфографика: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдоси

Ўзбекистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 9 йилда, 2016–2025 йилларда 3,2 бараварга ошиб, 3,5 млрд долларга етди. Шу даврда Ўзбекистоннинг ушбу минтақага экспорти 3 бараварга ўсиб, 2 млрд долларни, импорт эса 4,1 бараварга ошиб, 1,5 млрд долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёга экспортида асосий улушни озиқ-овқат маҳсулотлари 976,4 млн доллар, нефт маҳсулотлари 368 млн доллар, транспорт хизматлари 277,8 млн доллар, шунингдек, саноат товарлари 140,5 млн доллар ва кимё маҳсулотлари 134,9 млн доллар ташкил этди.

Жанубий Осиё мамлакатларидан импорт таркибида кимё маҳсулотлари 477,6 млн доллар, озиқ-овқат маҳсулотлари 391,4 млн доллар, машина ва ускуналар 309,1 млн доллар, шунингдек, бошқа товарлар 99 млн доллар ва тайёр маҳсулотлар 67 млн доллар асосий ўрин эгаллади.

2025 йилда Афғонистон билан товар айирбошлашнинг асосий қисми Ўзбекистон экспорти ҳиссасига тўғри келди. Бу Афғонистонни Ўзбекистон учун манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорга айлантирди. Афғонистон Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдосида биринчи ўринни эгаллаб, товар айирбошлаш ҳажми 1,7 млрд долларни ёки умумий савдонинг 47,7 фоизини ташкил этди. Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 712,7 млн долларга етди. Бу Жанубий Осиё мамлакатлари орасида ушбу йўналишдаги экспортнинг 75,5 фоизига тенг.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам сўнгги йилларда фаол ривожланди. Ҳиндистон Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдосида иккинчи ўринни эгаллади. 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 1,3 млрд долларга ёки умумий савдонинг 37,5 фоизига етди.

Покистон Жанубий Осиё мамлакатлари орасида савдо ҳажми бўйича учинчи ўринни эгаллади. 2025 йилда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажми 445,9 млн доллар ёки умумий ҳажмнинг 12,7 фоизини ташкил этди. Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари 260,2 млн доллар, хизматлар 30,1 млн доллар, саноат товарлари 21,2 млн доллар ва ноозиқ-овқат хомашёси 13,2 млн доллардан иборат бўлди.

2025 йилда Покистондан импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари 56,2 млн доллар, кимё маҳсулотлари 45,3 млн доллар, саноат товарлари 6,4 млн доллар ва турли тайёр маҳсулотлар 5,2 млн доллар асосий ўрин эгаллади.

Жанубий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми сўнгги 9 йилда 1,3 млрд долларни ташкил этди. Шундан фақат 2025 йилнинг ўзида 510 млн доллар жалб қилинган. Энг катта улуш Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келиб, инвестициялар ҳажми 586,7 млн долларга етди. Афғонистондан жалб қилинган инвестициялар эса 519,2 млн долларни ташкил қилди.

Шунингдек, Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида Термиз шаҳрида «Айритом» халқаро савдо маркази, «Termez Cargo Centre» халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби ҳамда афғон фуқаролари учун таълим маркази ташкил этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар сектори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар