Марказий Осиё мамлакатларида мебель саноати 2021–2025 йилларда

Марказий Осиё мамлакатларида мебель саноати 2021–2025 йилларда

Марказий Осиё мамлакатларида мебель ишлаб чиқариш юқори ўсиш салоҳиятига эга тармоқлардан бири ҳисобланади. Соҳа меҳнат талабчан бўлиб, ёғочни қайта ишлаш, тўқимачилик, кимё ва металлни қайта ишлаш саноати маҳсулотларига талабни оширади.

Минтақа мамлакатларида мебель саноатининг ривожланиши иқтисодиётда қўшилган қийматни ошириш, тайёр маҳсулот импортига боғлиқликни камайтириш ва тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш имконини беради.

Сўнгги беш йилда Марказий Осиёда мебель бозори, аввало, ички талабнинг ошиши ҳисобига фаол кенгайди. Барқарор иқтисодий ўсиш, бизнеснинг жадал ривожланиши ва аҳоли фаровонлигининг ошиши мебель маҳсулотларига барқарор талабни таъминлади.

Мазкур материалда асосан тўртта мамлакат — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда мебель саноатининг ривожланиш кўрсаткичлари кўриб чиқилган. Туркманистон бўйича аксарият кўрсаткичларга доир расмий маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас. Материал миллий статистика идоралари, МДҲ Статистика қўмитаси, Евроосиё иқтисодий комиссияси, Trade Map, ОАВ ва бошқа очиқ манбалар маълумотлари асосида тайёрланган.

Мамлакатлар кесимида тармоқнинг ривожланиш тенденциялари

Ўзбекистон минтақадаги энг йирик мебель бозори ва ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Сўнгги беш йилда мебель ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 баробарга ошиб, 2025 йилда $729 млнга етди. Ишлаб чиқаришнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 10,7%ни ташкил этди. Мебель ишлаб чиқаришнинг қайта ишлаш саноатидаги улуши 0,7%дан 1%га ошди. Ўтган йил якунларига кўра, тармоқда 4,1 мингта корхона фаолият юритган. Кўриб чиқилаётган даврда тармоққа инвестициялар номинал ҳисобда 5,8 баробарга ошиб, $147 млнга етди.

Ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ҳозирча асосан ички бозор ҳисобига таъминланмоқда, экспорт модели эса ривожланишнинг дастлабки босқичида. Мебель экспорти сўнгги беш йилда 5,3 баробарга ошган бўлса-да, унинг ҳажми нисбатан паст — $19 млн даражасида қолмоқда.

Шу даврда ички мебель бозори ҳисоб-китобларга кўра 3 баробарга, яъни $362 млндан $895 млнга кенгайиб, Марказий Осиёдаги энг йирик бозорга айланди. Мебель импорти $82 млндан $184 млнга ошди, импорт маҳсулотларининг бозордаги улуши эса 23%дан 25%га кўтарилди. Демак, ички эҳтиёжнинг қолган 75%и маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминланмоқда.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда мебель саноатини ривожлантиришга юқори даражада эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда мебель саноатини ривожлантириш бўйича комплекс режа қабул қилиниб, унда ишлаб чиқаришни рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Хонқа тумани тажрибаси асосида айрим туманларни мебель ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 8 та туманда мебель марказлари ташкил этилмоқда.

Дастурда мебель ва ёғочни қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 30%га ошириш, экспортни $100 млнга етказиш, умумий қиймати $200 млнлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва 50 минг кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Мазкур чоралар яқин йилларда тармоқ ривожига сезиларли туртки бериши кутилмоқда.

Қозоғистон минтақада бозор ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Сўнгги беш йилда мебель ишлаб чиқариш реал ҳисобда 75%га ошиб, 2025 йилда $290 млнга етди. Ишлаб чиқаришнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 12,6%ни ташкил этди. 2025 йилда мебель саноатининг Қозоғистон қайта ишлаш саноатидаги улуши 0,5%ни ташкил этди, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 0,4% бўлган. Инвестициялар $3,4 млндан $20 млнга ошди, 2024 йилда эса $31 млнни ташкил этган.

Қозоғистон ички мебель бозори ҳисоб-китобларга кўра 77%га кенгайиб, $721 млнга етди. 2025 йилда бозорнинг 63%и импорт ҳиссасига тўғри келди. 2020 йилда ушбу кўрсаткич 70% бўлганини ҳисобга олганда, импорт улушининг камайиши маҳаллий таклифнинг тезроқ ўсганини кўрсатади. Ташқи бозор ҳам тармоқ ўсишини қўллаб-қувватлади. Мебель экспорти ушбу даврда $5,8 млндан $24 млнга ошди.

Қозоғистонда ҳам мебель саноатини ривожлантиришга давлат томонидан эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тармоққа қайта ишлаш саноати ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш инструментлари татбиқ этилди. Қозоғистон ҳукумати «оддий буюмлар иқтисодиёти» доирасида мебель саноатини ривожлантириш бўйича йўл харитаси тасдиқлангани ҳақида маълум қилган.

Умуман, Қозоғистонда мебель саноати кучли ички талаб таъсирида фаол ривожланди. Шу билан бирга, 2025 йилда импорт ҳажми маҳаллий ишлаб чиқаришдан 1,6 баробар юқори бўлиб қолди. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ҳозирча хорижий етказиб берувчиларнинг бозордаги устун мавқеини сезиларли ўзгартиргани йўқ.

Қирғизистонда 2021–2025 йилларда мебель ишлаб чиқариш реал ҳисобда 2,2 баробарга ошиб, 2025 йилда $20 млнга етди. Ўртача йиллик ўсиш қарийб 22%ни ташкил этди. Натижанинг катта қисми 2025 йил ҳиссасига тўғри келиб, шу йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми деярли икки баробарга ошди. Шунга қарамай, мебель саноатининг қайта ишлаш саноатидаги улуши 0,32%дан 0,28%га камайди ва паст даражада қолмоқда.

Қирғизистон ички мебель бозорининг ҳисоб-китоб ҳажми хорижий етказиб беришнинг ортиши ҳисобига 3,3 баробарга кенгайиб, $70 млнга етди. Импортнинг бозордаги улуши 58%дан 78%га, унинг ҳажми эса $12 млндан $55 млнга ошди. Экспорт ҳам 2,5 баробарга, яъни $1,9 млндан $5 млнга кўпайди, бироқ унинг ҳажми ҳануз паст даражада.

Тожикистонда мебель ишлаб чиқариш ҳажми 2025 йилда $12 млнни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошди. Ички бозор ҳажми ҳисоб-китобларга кўра $40 млнни ташкил этди ва унинг 72%и импорт ҳиссасига тўғри келди. Беш йил давомида импорт 2,6 баробарга ошиб, $29 млнга етди. 2025 йилда импорт ҳажми маҳаллий ишлаб чиқаришдан 2,4 баробар юқори бўлди. Экспорт эса $0,5 млн даражасида қолди.

Умумминтақавий бозорнинг беш йиллик тенденциялари

2021–2025 йилларда Марказий Осиё мебель бозори фаол ўсди. Бу жараён ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши ва импортнинг кенгайишида ҳам намоён бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилда минтақанинг ички мебель бозори ҳажми камида $1,7 млрдни ташкил этди.

Кўриб чиқилаётган даврда минтақага мебель маҳсулотлари ташқи етказиб бериш ҳажми ҳисоб-китобларга кўра 78%га, яъни $434 млндан $774 млнга ошди. Туркманистон бўйича импортнинг кўзгу статистикаси қўлланилган. Минтақа импортининг энг катта қисми Қозоғистон — 59% ҳиссасига тўғри келди. Кейинги ўринларда Ўзбекистон — 24%, Қирғизистон — 7,1%, Туркманистон — 6,6% ва Тожикистон — 3,7% қайд этилди. 2020 йилга нисбатан Қозоғистоннинг улуши 6,6 фоиз пунктга камайди, Қирғизистонники эса 4,3 фоиз пунктга ошди. Мутлақ қийматда импорт ўсишининг асосий қисмини Қозоғистон +$171 млн ва Ўзбекистон +$102 млн таъминлади.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон хорижий етказиб беришга кўпроқ боғлиқ. Ўзбекистонда эса ички бозор эҳтиёжларини асосан маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминлаш устунлик қилади. Шу билан бирга, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ички бозорида ҳам импорт улушининг ўсиши кузатилди. Импорт ҳажмини ҳисобга олганда, минтақа ишлаб чиқарувчилари учун унинг айрим товар тоифаларини маҳаллий маҳсулотлар билан алмаштириш истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкин.

Ички бозор ҳажмига нисбатан экспорт натижалари ҳозирча нисбатан паст. Маълумотлар мавжуд бўлган тўрт мамлакатнинг жами мебель экспорти 2020 йилдаги $11 млндан 2025 йилда $48 млнга ошди. Экспорт ўсишининг асосий қисми Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди. Мазкур кўрсаткичлар экспорт ҳозирча тармоқ ўсишининг сезиларли манбаига айланмаганини кўрсатади.

Умуман, 2021–2025 йилларда маълумотлар мавжуд бўлган тўрт мамлакатда мебель ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт ҳажмининг ўсиши ҳамда ички бозорнинг кенгайиши умумий тенденция бўлди. Таҳлил тармоқни янада ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини кўрсатади.

Минтақа ички бозорининг ҳажми ва унда импортнинг юқори улуши маҳаллий бизнес учун мебель ишлаб чиқаришни кўпайтириш, корхоналар сони ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ички ҳамда қўшни мамлакатлар бозорларига етказиб беришни ошириш учун иқтисодий рағбат яратади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги имкониятлари, аввало, маҳсулот рақобатбардошлиги — нарх, сифат, ассортимент ва етказиб бериш муддатларига боғлиқ.

Шу жиҳатдан, маҳаллий корхоналар барқарорлиги ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, хусусан хомашё ва ишлаб чиқариш материаллари — ёғоч плиталар, фурнитура ва пардозлаш материалларини барқарор етказиб бериш ҳамда улар импорти харажатларини камайтириш, айланма маблағлар учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ускуналарни янгилаш, конструкторлар, технологлар ва дизайнерларни тайёрлаш каби чоралар истиқболли ҳисобланади.

Минтақа корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш ва чуқурлаштириш, ёғоч плиталар, бутловчи қисмлар, юмшоқ мебель элементлари ва тайёр мебель ишлаб чиқариш бўйича мамлакатлараро қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш ҳам қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.

Хулоса

2021–2025 йилларда Марказий Осиёда мебель саноати сезиларли даражада кенгайди. Ички талабнинг ўсиши тармоқни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Мебель саноатининг кейинги ривожланиши корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмини барқарор ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош мебель етказиб бериш қобилиятига боғлиқ.

Руслан Абатуров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар