Октябрь ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги ўсиши давом этди

Октябрь ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги ўсиши давом этди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан жорий йилнинг октябрь ойи учун баҳоланган мамлакатдаги ишбилармонлик фаоллиги индекси 1 034 бирликни ташкил этиб, олдинги ойга нисбатан 3,4 фоизга ошган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 15,0 фоизга ўсиш кузатилган, График №1).

Ишбилармонлик фаоллиги индекси – хўжалик юритувчи субъектлар фаоллигини 4 та компонент, яъни банклараро тўлов операциялари (маблағлар айланиш тезлиги), товар-хом ашё биржасидаги фаоллик (товар айланмаси), фаолият кўрсатаётган субъектлар сони динамикаси, янги турдаги брeндларни рўйхатга олиниши орқали баҳоланади.

Умумий тенденция

Жорий йилнинг октябрь ойида ишбилармонлик фаоллиги индекси компонентларининг 3 тасида ўсиш кузатилган. Хусусан, товар-хом ашё биржасида хом-ашё сотиб олиш жадаллиги (6,6 фоиз), фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони (5,5 фоиз), товар белгилари бўйича компонент (1,3 фоиз) ортган.

Таҳлилларга кўра, барча ҳудудда мазкур индекснинг ўсиши кузатилган (График №2).

Мисол учун, Сурхондарё (46,7 %), Хоразм (40,2 %), Фарғона (35,3 %), Қашқадарё (35,1 %), Қорақалпоғистон (33,2 %) ва Сирдарёда (24,1 %) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Ишбилармонлик фаоллиги индексининг компонетлари таҳлили

Ҳисобот даврида банклараро тўлов операциялари сони 7,8 млн тани ташкил этди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 19,2 %).

Банклараро тўлов операциялари сони 4 та ҳудудда ортган. Хусусан, Сирдарё (5,9 %), Қашқадарё (4,8 %), Наманган (2,7 %) ва Самарқандда (2,6 %) юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган.

Октябрь ойида биржа компоненти 1,0657 бирликни ташкил этган (олдинги ойга нисбатан 6,6 фоизга ортган). Бунда, тузилган битимлар сони 26,0 фоизга ошган.

Республика товар-хом ашё биржасида асосий 34 турдаги товарлар савдосининг умумий қиймати 2026 йил сентябрь ойида 10 738 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 5,0 фоизга ортган.

Бунда, биржа савдолардаги ушбу фаолликда азот-фосфорли ўғит савдоси ҳажмининг ўтган ойга нисбатан 35,4 бараварга, техник уруғ 3,2 баравар, бензин ёқилғиси (АИ 95) 2,8 баравар, пахта чигити пўстлоғи 2,3 баравар, суюлтирилган газ 67 фоиз, кўмир 56 фоиз, пахта толаси ва чигит шроти 51 фоиз ва арматура савдосининг 39 фоизга ортиши асосий омил ҳисобланади.

Ҳисобот даврида фаолият юритаётган хўжалик субъектлари компоненти 1,0550 бирликни ташкил этиб, олдинги ойга нисбатан 5,5 фоизга ортган. Бунда:

- барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони олдинги ойга нисбатан 37 724 бирликка ортиб, 592,6 мингтани ташкил этган;

- йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони 68 тага ортиб, 4 902 тани ташкил этган;

- кичик корхоналар сони 30,0 мингтага ортиб, 489,1 мингтага етган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 7,6 мингтага ортиб, 98,6 мингтани ташкил этган.

2026 йилнинг октябрь ойида савдо белгилари бўйича компонент 1,0125 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 1,3 фоизга ошган. Мазкур даврда юридик шахслар томонидан 486 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Исломбек Сапарматов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар