Ўзбекистон ва Корея Республикаси стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришди

Ўзбекистон ва Корея Республикаси стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришди

Маросимдан сўнг икки давлат раҳбарлари тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Унда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, технологик ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунлари бўйича ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жорий ташриф доирасида умумий қиймати қарийб 12 млрд долларлик истиқболли инвестиция лойиҳалари портфели тайёрланди. Шунингдек, Корея Эксимбанки билан Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Иқтисодий шерикликни кенгайтириш бўйича бешта устувор йўналиш белгиланди. Улар савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини илгари суришни қамраб олади.

Технологик ҳамкорлик доирасида Кореянинг илғор технологиялари ва Ўзбекистоннинг ресурс ҳамда саноат салоҳиятини бирлаштирувчи инновацион ва технологик альянсни шакллантириш таклиф этилди. Унинг фаолиятини ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, шунингдек, тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатида юқори технологик ва рақамли ечимларни жорий этишга йўналтириш назарда тутилмоқда.

Музокараларда ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ва ҳарбий мутахассисларни ўқитишга тайёр эканини билдирди.

Ҳудудлараро алоқаларни давом эттириш бўйича ҳам келишувга эришилди. Ташриф арафасида икки мамлакат ҳамкорлиги тарихида биринчи марта ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланди. Кейинги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказиш белгиланди.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугун Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали фаолият юритиб, педагогика, ахборот технологиялари, муҳандислик, рақамли технологиялар ва бошқа йўналишларда кадрлар тайёрламоқда. Шунингдек, KOICA кўмагида ташкил этилган 5 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият кўрсатмоқда. Кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашишда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумининг имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ҳамда унинг доирасида қўшма маданий ва гуманитар тадбирлар ўтказишга келишиб олинди. Кўп сонли корейс диаспорасининг Ўзбекистон ва Корея халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, парламентлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан икки томон позицияларининг яқинлиги тасдиқланди.

Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни савдо, инвестициялар, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма, юқори технологиялар, хавфсизлик, таълим ва маданий-гуманитар ҳамкорлик йўналишларида янада кенгайтиришни назарда тутади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар