Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари Сурхондарё вилояти туман ва шаҳарларида ўрганишлар олиб борди. Таҳлиллар натижасида ҳудуд иқтисодиётида қўшимча ишлаб чиқариш, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти мавжудлиги аниқланди.
Вилоятда 34 та кичик саноат зонаси, 17 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда “Термиз” эркин иқтисодий зонасида жами 151,4 гектар ер майдони мавжуд. Шундан 92,2 гектарига 522 та лойиҳа жойлаштирилган. Ҳозирда ер майдонларининг 21,9 фоизидан (33,1 гектар, 249 лойиҳа) тўлиқ фойдаланилмоқда. 2024 йилда ушбу ҳудудларда 208,2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бир гектарга ўртача ишлаб чиқариш ҳажми 6,3 млрд сўмни ташкил этган. Таҳлилларга кўра, бўш турган 118,3 гектар майдондан самарали фойдаланиш орқали йилига қўшимча 1 136 млрд сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Вилоятда жами 107 та норуда фойдали қазилма кони мавжуд бўлиб, 10 тасини аукционга чиқариш мумкин. Бойсун туманида 13,8 млн тонна гипс ва 1 млн м³ инерт материаллар, Сариосиёда 687 минг м³ лёсс тупроқ, 1,4 млн тонна оҳактош ва 17,1 млн тонна гипс, Жарқўрғонда 4 млн м³ бентонит, Шерободда 9,9 млн м³ инерт материаллар ва 19 млн тонна доломит захиралари аниқланган. Шунингдек, Шеробод туманида 46,6 гектар майдонда 3,3 млн тонна каолин хомашёси мавжуд бўлиб, бу орқали 20 млн доллар инвестиция жалб этиш имконияти бор.
Қишлоқ хўжалигида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Вилоят иқлими каврак ўсимлигини маданий усулда етиштиришга жуда қулай. Узун (10 минг га), Бойсун (200 га) ва бошқа туманларда (40 га) жами 10,3 минг гектарда каврак етиштириш орқали йилига 12,4 минг тонна, 2,5 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Бир гектардан 1,2–1,5 тонна ҳосил олиш мумкин. Ҳозирда 1 кг каврак ширасининг нархи 200–250 долларни ташкил этади.
Туризм йўналишида Учқизил (51,6 га), Оқтепа (11,4 га), Жанубий Сурхон (12 га) ва Тўпаланг (761 га) сув омборлари атрофида дам олиш ва спорт туризмини ривожлантириш имконияти мавжуд. Бу орқали 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш мумкин.
Хизматлар соҳасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 69 та маҳаллада озиқ-овқат дўкони, 128 та маҳаллада кийим тикиш, 192 та маҳаллада умумий овқатланиш, 147 та маҳаллада сартарошхона, 163 та маҳаллада авто-тех хизмат ва 167 та маҳаллада хусусий мактабгача таълим объектларини очиш имконияти мавжуд. NASA сунъий йўлдош маълумотлари таҳлилига кўра, Термиз шаҳри (28,4 млрд сўм), Қизириқ тумани (4,7 млрд сўм) ва Термиз туманида (0,8 млрд сўм) электр истеъмолини ошириш орқали хизматлар ҳажмини қўшимча 34,3 млрд сўмга ошириш мумкин.
Таҳлиллар Сурхондарё вилоятида саноат, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизматлар соҳаларида катта қўшимча захира ва иқтисодий имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўлими
Изоҳ қолдириш