Бухоро вилоятида тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш имкониятлари ўрганилди

Бухоро вилоятида тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш имкониятлари ўрганилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Бухоро вилоятининг оғир тоифадаги туман ва маҳаллаларида тадбиркорлик фаолияти ҳамда ишбилармонлик муҳити ўрганилди.

Тадқиқот доирасида вилоятнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 1 763 та тадбиркорлик субъекти ўртасида сўров ўтказилди. Унда корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари, банк хизматлари, инфратузилма таъминоти ва давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзларнинг самарадорлиги баҳоланди.

Ишлаб чиқариш фаолияти

Тадқиқот натижаларига кўра, 2025 йилда Бухоро вилоятида сўровда қатнашган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 79 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида нисбатан юқори кўрсаткичлар Шофиркон (94 фоиз), Ғиждувон (92 фоиз) ва Жондор (89 фоиз) туманларида қайд этилган.

Мазкур натижалар вилоятнинг айрим ҳудудларида мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан фаол фойдаланилаётганини кўрсатади.

Тадбиркорликни молиялаштириш

Сўров натижалари тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларини кредитлаш жараёнларида ижобий натижалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, 2025 йилда кредит олиш учун тижорат банкларига мурожаат қилган тадбиркорларнинг 93 фоизининг аризалари қаноатлантирилган.

Вобкент, Ғиждувон, Жондор, Қоракўл, Олот ва Пешку туманларида сўровда қамраб олинган кредит аризаларининг 100 фоизи маъқулланган.

Шунингдек, респондентларнинг 51 фоизи сўнгги йилда кредит олиш жараёнлари ва тартиби осонлашганини билдирган.

Тадбиркорларнинг 66 фоизи кредитга эҳтиёж йўқлигини қайд этган. Бу кўрсаткич кредит олиш учун мурожаат қилмаган тадбиркорлар орасида аниқланган.

Давлат имтиёзларининг самарадорлиги

Тадқиқотда давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чораларининг натижалари ҳам баҳоланди.

Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 61 фоизи давлат имтиёзларидан фойдаланган. Уларнинг 79 фоизи ушбу имтиёзлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлаган.

Имтиёзлардан фойдаланиш даражаси айниқса Қоракўл (97 фоиз) ва Шофиркон (82 фоиз) туманларида юқори бўлган.

Иқтисодиёт тармоқлари кесимида давлат имтиёзларидан фойдаланган тадбиркорлар улуши саноатда 67 фоиз, хизмат кўрсатишда 62 фоиз, қишлоқ хўжалигида 59 фоиз ва қурилишда 51 фоизни ташкил этган.

Тадбиркорлар энг кўп солиқ имтиёзлари (69 фоиз), кредит имтиёзлари (34 фоиз) ҳамда субсидия ва грантлардан (14 фоиз) фойдаланган.

Ушбу натижалар давлат томонидан жорий этилган молиявий ва солиқ рағбатлантириш механизмлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади.

Тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари

Тадқиқот натижалари Бухоро вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ҳам кўрсатди.

Хусусан, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш, гўшт, сут, мева-сабзавот ва тери маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган замонавий кичик корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, экспортга йўналтирилган иссиқхона хўжаликларини барпо этиш истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, жумладан, исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган янги механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадқиқот натижалари Бухоро вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чораларининг ижобий самарасини ҳамда мавжуд ишлаб чиқариш ва инвестиция имкониятларидан янада кенг фойдаланиш салоҳиятини кўрсатди.

Ғолибжон Турсунқулов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар