Пандемия даврида хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 35 триллион сўмлик кўмак берилди

Пандемия даврида хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 35 триллион сўмлик кўмак берилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Хизмат кўрсатиш соҳаси кенг қамровлилиги билан иқтисодиётда, аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу соҳада янги иш ўринларини кам харажат билан ва тез муддатда ташкил этиш мумкин. Аҳоли даромадларининг реал ўсиши ҳам аввало хизматлар ривожида сезилади.

Коронавирус пандемияси бу соҳага салбий таъсир кўрсатди. Шу боис, тадбиркорларга 24 та турдаги солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали 35 триллион сўмлик кўмак берилди. Бу енгилликлар ҳам тадбиркорлар, ҳам банклар учун катта имконият бўлди.

Масалан, ўтган йили тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат соҳасига 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари берилган. Бундан ташқари, тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча 14 триллион сўм кредитлар ажратган. Кенг имтиёзлар берилгани натижасида сервис соҳаларида ўзини ўзи банд қилган 500 минг нафар фуқаро расмий рўйхатдан ўтган.

Жойларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда янги хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича мурожаатлар, ташаббуслар кўп бўлмоқда. Улар асосида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари жорий йилда хизматлар соҳасида 59 триллион сўмлик 42 мингта янги лойиҳани амалга ошириш, 150 мингта доимий иш ўрни яратиш бўйича режалар белгилаган.

Йиғилишда Президент ҳар бир лойиҳа ижросини назоратга олиб, тадбиркорларга кўмаклашиш, шу билан бирга, янги лойиҳаларни шакллантириб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, хизматларни кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методология яратиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун, Ўзбекистон миллий банки ҳузурида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилади ва барча вилоятлардаги филиалларида унинг бўлимлари очилади. Уларда аҳолига намунавий тайёр бизнес лойиҳалари тақдим этилади, касбга ўқитишдан бизнесни йўлга қўйишгача бўлган комплекс хизматлар кўрсатилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар