Хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида бизнес муҳити яхшиланди - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови

Хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида бизнес муҳити яхшиланди - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республиканинг барча ҳудудларида тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.

Олинган маълумотлар асосида Бизнес муҳитининг умумлашган индекси шакллантирилди. Ушбу индекс бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар ҳамда тадбиркорларнинг келгуси уч ойга мўлжалланган кутилмаларини акс эттиради.

Ўзбекистонда бизнес муҳити умумлашган индексининг динамикаси

Октябрь ойида Бизнес муҳитининг умумлашган индекси 58 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бандга ошди.

Индекс қийматининг 50 банддан юқори бўлиши тадбиркорлик муҳитида оптимистик кайфият устунлик қилаётганини англатади.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси деярли ўзгаришсиз қолиб, 55 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, кутилмалар индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 бандга ўсиб, 60 бандга етди..

Тадбиркорларнинг 57 фоизи келгуси уч ойда ўз маҳсулотларига бўлган талаб ошишини кутмоқда.

Респондентларнинг қарийб ярми (49 фоизи) бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган. Шунингдек, ҳар тўртта корхонадан бирида (25 фоиз) сўнгги уч ой давомида ходимлар сони кўпайган.

Бизнес муҳити индексининг тармоқлар кесимидаги динамикаси

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бизнес муҳити индекси саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсди, қурилишда ўзгаришсиз қолди, қишлоқ хўжалигида эса пасайди.

Саноатда бизнес муҳитининг умумлашган индекси 4 бандга ўсиб, 51 бандни ташкил этди. Ижобий динамика тадбиркорларнинг келгуси уч ойда бизнесни ривожлантириш бўйича кутилмалари яхшиланганида ҳам кузатилди. Хусусан, кутилмалар индекси 7 бандга ўсиб, 53 бандга, бизнеснинг жорий ҳолати индекси эса 4 бандга ошиб, 49 бандга етди.

Ўтган йилга нисбатан саноат соҳасида келгуси уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 60 фоиз даражасида сақланиб қолди. Маҳсулотларга талаб ошишини кутаётган тадбиркорлар улуши эса 55 фоизни ташкил этиб, 5 фоиз бандга кўпайди.

Хизмат кўрсатиш соҳасида бизнес муҳитининг умумлашган индекси 10 бандга ўсиб, 67 бандни ташкил этди. Бунда бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар 9 бандга, келгуси уч ойда ривожланиш истиқболлари бўйича кутилмалар эса 10 бандга яхшиланди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналарнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 66 фоизи келгуси уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутмоқда.

Қишлоқ хўжалигида бизнес муҳитининг умумлашган индекси 43 бандни ташкил этди. Бизнеснинг жорий ҳолати индекси 36 банд, кутилмалар индекси эса 50 банд даражасида шаклланди.

Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини тадбиркорларнинг 43 фоизи билдирган бўлса, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, респондентларнинг 63 фоизи бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган. Ўтган йилнинг мос даврида ушбу улуш 66 фоиз бўлган.

Қурилиш соҳасида бизнес муҳитининг умумлашган индекси ўзгаришсиз қолиб, 58 бандни ташкил этди. Соҳада тадбиркорларнинг келгуси даврга оид кутилмалар индекси 2 бандга ўсиб, 61 бандга етди. Бизнеснинг жорий ҳолати индекси эса 1 бандга пасайиб, 56 бандни ташкил этди.

Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини қурилиш корхоналарининг 43 фоизи қайд этган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида ҳам 43 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, корхоналарнинг 46 фоизи бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган, ўтган йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 52 фоиз бўлган.

Тадбиркорлар солиқ билан боғлиқ тўсиқлар камайганини қайд этмоқда

Сўров натижаларига кўра, тадбиркорларнинг 60 фоизи бизнес юритишда ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмаётганини билдирган. Энг юқори кўрсаткич хизмат кўрсатиш соҳасида (67 фоиз) қайд этилди. Кейинги ўринларда қишлоқ хўжалиги ва қурилиш (54 фоиздан) ҳамда саноат (46 фоиз) соҳалари жойлашган.

2026 йил сентябрь ойига нисбатан солиққа тортиш билан боғлиқ муаммоларни қайд этган тадбиркорлар улуши 4 фоиз бандга камайиб, 19 фоизни, банк тизими билан боғлиқ муаммоларни билдирганлар улуши эса 1 фоиз бандга қисқариб, 14 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, бошқа молиявий қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар улуши 11 фоиз даражасида сақланиб қолди.

Солиқ соҳасидаги қийинчиликлар асосан солиқ маъмуриятчилиги (12 фоиз) ва солиқ ставкалари даражаси (7 фоиз) билан боғлиқ.

Тармоқлар рақобатбардошлиги ва инвестиция фаоллигини ўрганиш сектори

тел: (78)150 02 02 (441)

ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78)150 02 02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар