Жорий йилда барча мутассадди раҳбарлар ва вилоят ҳокимлари олдига асосий вазифа сифатида инфляция даражасини 6,5 фоиздан оширмаслик ҳамда аҳоли учун муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш юклатилди. Ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодий сиёсатнинг янги ёндашувлари жорий этилмоқда.
Гўшт маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Хусусан, ҳаво транспорти орқали олиб келинадиган ҳар бир наслли қорамол учун 4 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Шунингдек, гўшт импорти билан шуғулланувчи тадбиркорларга транспорт харажатларининг 50 фоизи ёки ҳар бир килограмм учун 0,8 АҚШ доллари миқдорида компенсация берилади. Ушбу чора-тадбирларни молиялаштириш учун республика бюджетидан 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Шу билан бирга, 2026 йилда умумий қуввати 112,4 минг тонна бўлган замонавий совиткич ва музлаткич омборлари ташкил этилади. Чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Мўғулистондан яна 100 минг бош наслли қўй ва эчкилар олиб келиниб, уларни ташиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. Озуқабоп экинлар экиш ҳажми кенгайтирилиб, жами 709 минг гектар майдон, шу жумладан 478 минг гектар асосий ва 231 минг гектар такрорий ерларда экин экиш режалаштирилган.
Инфляцияни жиловлаш ва озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича янги бошқарув тизими жорий этилмоқда. Унга кўра, ҳар бир вилоят ҳокими ўз ҳудудидаги нарх-наво ва инфляция кўрсаткичлари учун шахсан жавобгар бўлади.
Ҳудудларда давлат бошқарувини самарали ташкил этиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маъмурий бинолардан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Давлат идораларини ягона маъмурий марказларга жойлаштириш ишлари бошланган бўлиб, дастлабки босқичда Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Денов, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари ҳамда Бухоро, Самарқанд, Қарши, Янгийўл ва Марғилон шаҳарларида ушбу жараён амалга оширилмоқда.
Жорий йил давомида яна қатор ҳудудларда, жумладан Шаҳрихон, Шофиркон, Жондор, Зафаробод, Қамаши, Нурота, Норин, Косонсой, Каттақўрғон, Пахтачи, Қизириқ, Музработ, Сардоба, Бўка, Чиноз, Ёзёвон, Ўзбекистон, Янгиариқ туманлари ҳамда Андижон, Навоий, Наманган, Термиз, Чирчиқ, Қувасой, Қўқон ва Урганч шаҳарларида давлат идораларини бир жойга жамлаш ишлари амалга оширилади.
Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар иқтисодиётда барқарор ўсишни таъминлаш, инфляция даражасини изчил пасайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси қатъий назоратга олинади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш