Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Аҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди (Адлия вазирлигида 2020 йил 30 июнь куни 3269-сон билан рўйхатга олинган). Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу Низом Осиё тараққиёт банки мутахассислари билан ҳамкорликда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди ва тижорат банклари томонидан аҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг умумий шартлари ҳамда қоидаларини белгилаб беради.
Низомда ипотека кредити йўналишлари, расмийлаштириш босқичлари, қарз олувчининг тўловга лаёқатлилиги таҳлили ҳамда ипотека кредитларини ажратиш билан боғлиқ таваккалчиликни бошқариш бўйича йўналишлар белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда муаммоларни ҳал қилишнинг муқобил (алтернатив) усуллари ўз аксини топган.
Низомга асосан аҳолига ипотека кредити банклар томонидан тўловлилик, қайтаришлик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида:
- қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилиб, якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
- янги қурилган ёки иккиламчи бозордан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш;
- янги қурилган ёки иккиламчи бозордан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйни ўзининг мавжуд уй-жойи ёки кўп квартирали уйига алмаштиришга;
- бошқа банклар томонидан ажратилган ипотека кредитларини мижозларга қулай шартларда қайта молиялаштириш мақсадларига ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Низомда Ипотека кредитини расмийлаштиришнинг барча босқичлари, яъни банк томонидан мижозга керакли маслаҳатлар беришдан тортиб, кредитнинг ёпилишигача бўлган жараён батафсил акс эттирилган.
Қарз олувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида мижозларга:
- ипотека кредитининг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини фуқароларга бепул тарзда тақдим этиш;
- ипотека кредити бўйича тўловларни тўлаш учун мижознинг имконияти етиши (ёки етмаслиги) ҳақида тушунтириш бериш;
- шартнома лойиҳасини танишиб чиқиш учун олиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида мижозларни хабардор қилиш бўйича банкларга вазифалар юклатилган.
Шунингдек, Низомда қарз олувчи учун банк фойдасига ипотека предметини суғурта қилишда суғурта ташкилотини мустақил танлаш ваколати берилган.
Шу билан бир қаторда, ипотека кредити олиш учун буюртманомаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш жараёнлари батафсил ёритилган.
Ипотека кредитларини ажратишда банк таваккалчиликларини бошқариш жараёнида банклар томонидан ҳисобга олиниши лозим бўлган ҳолатлар мазкур ҳужжатда тўлиқ мужассам этилган.
Низомга кўра, банклар ипотека предметини баҳолашда баҳоловчи ташкилотларни танлаш мезонларини белгилайди.
Гаров қийматини ҳар уч йилда ёки кўчмас мулк бозорида жиддий ўзгаришлар юз берганда янгилаб туриш юзасидан банкларга тавсия этилган.
Низомга кўра, ипотека кредитининг муддати, ҳажми, фоиз ставкаси ва бошқа шартлари тижорат банкининг ички кредит сиёсатига мувофиқ банк ва унинг мижози ўртасидаги келишувга асосан белгиланади.
Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари барча учун ошкор бўлиши зарур.
Изоҳ қолдириш