Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жой қурилиши ва 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилиш аввалида сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5,5 миллион нафарга ўсгани, ҳадемай 40 миллионга етиши қайд этилиб, 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилгани таъкидланди.
Бу даврда уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли жон бошига 18 фоизга ошди.
Охирги уч йилда 210 минг оилага 33 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди, эҳтиёжманд 73 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилди.
Соҳага бозор тамойиллари жорий қилиниб, юзлаб хусусий буюртмачи компаниялар шаклланди. Сейсмик хавфсиз ва энергия тежамкор йиғма темир-бетонли кўп қаватли уйларни қуриш бўйича 11 та йирик кластер пайдо бўлди.
2022 йилда 31 та “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури бошланган эди. Йиғилишда бу борадаги ишлар Андижон ва Хоразмда яхши кетаётгани таъкидланиб, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарёдаги массивларда ҳокимларнинг эътиборсизлиги оқибатида бирорта уй фойдаланишга топширилмагани қаттиқ танқид қилинди.
“Янги Ўзбекистон” массивлари бўйича Фарғонада 80 та, Самарқандда 36 та, Тошкент вилоятида 15 та, Наманганда 14 та уйни фойдаланишга топшириш чўзилиб кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари, Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилинди ва вазиятни ўзгартириш учун бир ой муҳлат берилди.
Жорий йил мамлакактимизда уй-жой қуриш ҳажми 1,5 бараварга оширилади
Йиғилишда 2023 йилда янги уй-жой қуриш ҳажмини 1,5 бараварга ошириб, 90 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари қурилиш ҳажмларини ўз вақтида таъминлаш ҳар бир вилоят иқтисодий кўрсаткичларининг ўсишига катта туртки беришини таъкидлади. Шу боис, аҳоли ва қурувчилар учун янги енгиллик ва имкониятлар яратилади.
Жумладан, ипотека кредити ва субсидия билан кўпроқ аҳоли қамраб олинади:
- 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Бунда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади;
- дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади;
- субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Яъни, бу муддат қисқартирилиши орқали субсидиядан кўпроқ аҳоли фойдаланиши учун имконият яратилаяпти.
Шу билан бирга, 4 ой давомида сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
Ушбу чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида 2023 йилда:
- тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 триллион сўмлик ресурс йўналтириш;
- дастлабки бадал учун ва фоизларни қоплашга 1,6 триллион сўм субсидия ажратиш;
- ипотека кредитига ресурс бериш ва қурилиш корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун 100 миллион доллар ва 1 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш;
- яна 20 минг оилага банклар ҳисобидан 5,7 триллион сўм ипотека кредити ажратилишини таъминлаш;
- 10 минг аҳолига ўзининг ҳовлисини кенгайтириш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун 1,5 триллион сўм кредит ажратиш;
- Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси орқали аҳолига 5,5 мингта хонадон сотиб олишлари учун қўшимча 1,7 триллион сўм кредит ресурслари йўналтириш топширилди.
Ипотека облигацияси чиқарилади
Тижорат банклари балансида ипотекадан қайтиши керак бўлган маблағларни актив сифатида ишлатиб, ипотека облигациясини чиқариш орқали қўшимча 10 триллион сўм ресурс жалб қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга икки ой муддатда “Ипотека облигацияси тўғрисида” қонун лойиҳасини киритишга кўрсатма берилди.
Зангиотада ойлик тўлов миқдори арзон бўлган уйлар қурилади
Маълумки, Президент ташаббуси билан Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” дастури бошланади.
Шу мақсадда Қурилиш вазирлиги ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этилади. Унга Зангиота туманидан 36 гектар ер майдони ажратилиб, ушбу ҳудудни комплекс ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ушбу ҳудудда 2,5 минг оилага мўлжалланган, барча стандартларга жавоб берувчи қулай ва энергия тежамкор 58 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади.
Ушбу уйлардаги 2 ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлади.
Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигига бир ҳафта муддатда “Менинг биринчи уйим” шаҳарчасининг мастер режасини якунлаш, лойиҳани экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.
Йиғилишда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш учун қурилиш таннархини пасайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда:
- 2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божини бекор қилиш;
- юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзини яна 1 йилга узайтириш (бунинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди);
- пудрат ташкилотларига қурилаётган уйни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар бир қавати учун кредит олиш ҳуқуқини бериш;
- банклар берадиган кредитларни давлат томонидан қайта молиялаш амалиётини давом эттириш;
- қурувчиларга кафиллик ва компенсация тўлаш тартибини такомиллаштириш;
- аҳолига ўз уйини энергия тежамкор материаллардан фойдаланиб таъмирлашига 10 йилга 16,5 фоиздан 80 миллион сўмгача кредит беришга қарор қилинди.
Қурилаётган уй-жойларни коммуникация билан таъминлаш масаласига тўхталиб ўтилди
Йиғилишда йўли, транспорт қатнови охиригача ҳал қилинмагани учун кўплаб хонадон сотилмасдан тургани таъкидланди. Инфратузилма объектлари жойлашадиган ерларни аниқлаш кечиккани, лойиҳалар бир неча бор ўзгаргани сабабли айрим янги массивларда сув ва оқова тармоғини қуриш ишлари орқада қолмоқда. Шу муносабат билан:
- вилоят ҳокимларига ҳозирда қурилаётган массивларда ички йўллар билан шахсан шуғулланиш;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтган йил қурилган уй-жойлар инфратузилмаси билан боғлиқ барча молиявий масалаларни тўлиқ ҳал қилиш;
- бу йилнинг ўзида ипотека дастурлари доирасида қуриладиган уйлар инфратузилмасига зарур бўлган яна 800 миллиард сўм бўйича молиявий манбаларни аниқлаш топширилди.
Аҳоли зичлиги паст, эски уйлари кўп ва уй-жойга талаб юқори бўлган шаҳарларда реновация дастурига талаб ортаётгани қайд этилди.
Реновациянинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратиш зарурлиги таъкидланиб, “Реновация тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун алоҳида ишчи гуруҳи тузилиши хабар қилинди. Ишчи гуруҳи илғор хорижий тажриба асосида “Реновация тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.
Бугунги кунда янги уй-жойлар ўзимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларидан қурилмоқда. Лекин, қурилишларнинг сифатига таъсир қилувчи темир-бетон ишлаб чиқарувчи 3 мингга яқин корхонанинг ярмида лаборатория йўқ. Ўтган йили уй-жой қурилишида темир-бетон, девор конструкциялари ва пайвандлаш ишлари сифатсизлиги бўйича 1 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган.
Шу боис, мутасаддиларга барча темир-бетон корхоналарида замонавий лабораториялар ташкил қилиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Сўнгги ойларда дунёда ҳам, минтақамизда ҳам сейсмик фаоллик кузатилаяпти. Шу боис, 1 майдан бошлаб:
- қурилиш бошланишидан олдин танланган ер участкаларида муҳандислик-геологик экспертиза ўтказиш мажбурий бўлади;
- кўприк, тоннел, кўп қаватли бинолар каби сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотларни қуриш фақат Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида “А” ва “Б” тоифага эга бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.
Ёғингарчилик шаҳарларнинг дренаж тизими ёмон аҳволга келиб қолганини яққол кўрсатаётгани таъкидланди. Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига икки ҳафта муддатда ушбу масаланинг ечими бўйича дастур қабул қилиш ва амалга ошириш топширилди.
Изоҳ қолдириш