Инвестиция жараенларини жадаллаштиришнинг икки жиҳати

Инвестиция жараенларини жадаллаштиришнинг икки жиҳати

Мамлакатимиз иқтисодиётининг ишлаб чиқариш тармоқларида давлат улушининг салмоғи камайиб, ишлаб чиқаришда нодавлат сектори улуши ортиб бормоқда. Бундай жараён хорижий инвестицияларни иқтисодиётга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратмоқда. Бунинг самараси ўлароқ Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий инвесторларнинг тараққий этиб бориши, инвестициявий инфратузилма субъектлари, яъни тижорат банклари ва махсус молия-кредит ташкилотлари ўз фаолиятларини янгича ташкил этишлари талаб этилади.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди”.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, инвестиция капиталини шакллантириш тизими мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларига мос ҳолда такомиллашиб бориши керак. Бундан ташқари инвестициялаш субъектлари ташкилий тузилмаларининг бозор иқтисодиёти талабларига мос равишда ўзгариши инвестициявий фаолиятни ривожлантириш ва иқтисодиётни диверсификациялашга кўмак беради. Бундай жараёнлар Ўзбекистон иқтисодиётида қуйидаги омиллар таъсирида жадаллашмоқда:

  • иқтисодиётнинг устувор, айниқса реал тармоқларини инвестициялашда хусусий секторнинг иштироки ортиб бормоқда;
  • давлат-хусусий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кенг имкониятлар яратилмоқда;
  • хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес жамғармаларини самарали инвстициявий лойиҳаларга стратегик режалар орқали йўналтириш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
  • Молиявий секторнинг инвестициявий манбаларни жалб этишнинг бозор механизмлари аста-секинлик билан ишга солинмоқда.

Бироқ, ҳозирча хусусий сектордаги корхоналар, банклар ва аҳолининг молиявий ресурслари кўпайиш тенденциясига эга бўлишига қарамасдан, уларни инвестициявий фаолиятга жалб этиш борасида бир қанча муаммолар ўз ечимини топмаган.

Давлат бюджети ҳисобидан инвестициявий фаолиятни молиялаштиришда устувор тармоқларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қисқариши давлат инвестиция сиёсатининг эътибори хусусий тузилмалар: корхоналар, банклар ва аҳоли зиммасига кўчишини шарт қилиб қўйиши табиийдир. Бироқ, ҳозирча хусусий сектордаги инвестициявий фаолият субъектлари миқдори ва сони ортганига қарамай, уларнинг инвестициявий фаолиятдаги ўрни ва мавқеи давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини боса олмаяпти.

Кейинги ўн йил ичида Ўзбекистонда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилган инвестицияларнинг ўртача йиллик ўсиши 12,6 фоизни ташкил этиб, 2018 йил маълумотларига кўра унинг таркибида давлат маблағлари 32 фоизни, марказлашмаган инвестициялар эса деярли 68 фоизни ташкил қилмоқда. Айрим МДҲ мамлакатларида эса марказлашмаган инвестициялар қарийиб 90 фоизни ташкил этади. Жумладан, Қирғизистонда бу кўрсаткич – 93%, Арманистон – 91%, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда 84% ни ташкил этади.

2018 йилда асосий капиталга инвестицияларнинг молиялаштириш манбалари бўйича тақсимланиши

млрд. сўм.

Ўсиш суръати,

%

Жамига нисбатан,

%

Асосий капиталга инвестициялар

107333,0

118,1

100,0

шу жумладан:

Марказлашган инвестициялар

34448,4

159,9

32,1

бюджет маблағлари

4124,1

88,7

3,8

Давлат мақсадли жамғармалари

5468,7

170,6

5,1

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси

271,2

129,0

0,3

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси

7894,8

103,7

7,4

Ўзбекистон Республикаси кафолати остидаги кредитлар

16689,6

2,8м

15,5

Марказлашмаган инвестициялар

72884,6

105,3

67,9

корхона маблағлари

30062,9

106,5

28,0

аҳоли маблағлари

12127,8

104,1

11,3

тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар

14660,4

85,8

13,7

тижорат банклари кредитлари ва бошқа қарз маблағлари

16033,5

131,3

14,9

Сўнгги йиллардаги бозорни эркинлаштириш, валюта айирбошлаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, экспорт-импорт тўсиқларини бартараф этиш билан боғлиқ иқтисодий сиёсат асосий капиталга инвестицияларнинг манбаларини ўзгартириб бормоқда. Лекин, мавзунинг биринчи жиҳати сифатида айтиш мумкинки, тижорат банкларининг капитал бозорини шакллантиришда янги шароит ва талабларга мослашиш жараёни секин кечмоқда. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида тижорат банкларда асосий фаолиятга боғлиқ бўлмаган қўшимча “юклама”ларнинг кўплигидир.

Бу борада жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, тижорат банклари давлат томонидан амалга ошириладиган, ижтимоий ва инфраструктурани шакллантиришга қаратилган узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишда катта иштиёқ ва ташаббусга эга бўлмайди. Шу туфайли ҳам молия ва капитал бозорини шаклалнтиришда ўтиш даврида бўлган мамлакатлар давлатнинг устувор йўналишларига оид лойиҳаларни амалга оширишда тижорат банкларининг эркинлигини ошириш, уларнинг бозордаги иштирокида мобиллиги ва юқори мотивациясини сақсаш нуқтаи назаридан “Ривожланиш банклари”ни ташкил этмоқда.

Ривожланиш банкининг асосий вазифаси – давлат маблағларини, шу жумладан, асосий капиталга инвестицияларни миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳаларига йўналтириш ҳисобланади. Ушбу махсус банк давлат, ёки давлат-хусусий молия-кредит институти сифатида шакллантирилади. Ривожланиш банки қимматли қоғозлар бозорида олди-сотди операциялари билан ҳам шуғулланиши мумкин. Тижорат банкларидан фарқли ўлароқ, ривожланиш банклари омонатлар қабул қилмайди, тўлов операцияларини амалга оширмайди, қисқа муддатли кредитлар ажратмайди.

Ривожланиш банклари ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги молиявий алоқаларни таъминлайди. Ушбу банк ўз уставида кўрсатилган амалиётни таъминлаши учун марказий банк ёки молия вазирлиги томонидан молиялаштирилади. Натижада, ривожланиш банки томонидан узоқ муддатли (10 йилдан ортиқ) лойиҳаларга маблағ ажратиш имконияти сақлаб қолинади. Яъни, давлатнинг бевосита йирик инвесторлик роли хусусий капитал учун жозибадор бўлмаган ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек муҳим давлат аҳамиятига эга тармоқларга нисбатан cақланиб қолади. Мисол учун, ҳозирги пайтда товарларнинг илмий асосда яратилиши ва рақобатдошлигини таъминлайдиган номоддий ишлаб чиқариш тармоқлари давлатнинг алоҳида кўмагидан фойдаланмоқдалар. Бир қатор ғарб давлатларида ЯИМ нинг 30-50% га қадар қисми бюджет орқали шу йўналишларга тақсимланади. Шу билан бирга давлатнинг инвестициялар билан таъминлашини нафақат марказлашган манбалар ҳажми нуқтаи-назаридан, балки давлат кафолатлари, суғурталаш ва хусусий сармоядорлар учун тадбиркорлик майдони яратиш нуқтаи-назаридан ҳам роли ва аҳамияти ортади.

Ривожланиш банкларининг самарали фаолияти тижорат банкларининг инвестициявий фаолиятда фаоллигини ошишига, хусусий инвестиция манбаларини топишга бўлган иштиёқини ортишига, бу эса инвестициявий фаолият кўлами ва самарасининг ортишига олиб келади. Ушбу жараёнда ички инвестиция манбалари корхоналарнинг ўз маблағлари, молия бозори ресурслари, аҳоли жамғармалари ва бошқа эркин маблағлар ҳисобига шаклланиб боради. Бу жараён ички инвестициялар самарадорлигининг ошишига олиб келишини ривожланган ва тез суръатларда ривожланиб бораётган мамлакатлар тажрибаси яққол кўрсатиб турибди. Ушбу тажрибадан аёнки, ички инвестициялар самарали бўлмасдан туриб, тўғридан–тўғри хорижий инвестициялар иқтисодиётга ўз-ўзидан кириб келавермайди.

Инвестициявий фаолиятни жадаллаштиришнинг иккинчи жиҳати капитал бозорининг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ. Ушбу масала фоиз ставкалари воситаларидан монетар сиёсатни олиб боришда унумли фойдаланиш билан узвий боғлиқ. Айни пайтда кўпгина ғарб мамлакатларида ушбу воситадан нафақат инфляция даражасини ўзгартиришда, балки иқтисодиётга инвестиция киритишнинг “ноанъанавий” усули сифатида фойдаланилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, пул массасини муомалада сунъий равишда ошириш (пул массасини “миқдорий юмшатиш”) ҳисобига иқтисодиётда товар ва хизматларга қўшимча талабни юзага келтириш, ёки бунинг учун молиявий манбаларни топишга эришилмоқда. Бунинг учун албатта мамлакатда бирламчи ва иккиламчи қимматли қоғозлар бозори (акция ва облигациялар, фьючерс ва опционлар, давлат қимматли қоғозлари) ривожланган бўлиши керак.

Лекин бу борада иқтисодиётимизда жиддий муаммолар бор. Республика фонд биржаси капиталининг аксарият қисмини (90 фоизга яқин) сотилмайдиган давлат улушлари ташкил этмоқда. Агарда инвестициялар ҳажмини монетар сиёсат асосида, замон талаблари даражасида, амалга оширмоқчи бўлсак, унда қимматли қоғозлар бозорини ҳам замонавий шакллантиришимиз лозим бўлади. Бунинг учун мавжуд қонуний асосларни қайта кўриб чиқиш яъни фонд бозорининг регулятори манфаатлар зиддиятидан ҳоли бўлишини таъминлайдиган механизм яратилиши керак.

Бозорбой Тухлиев

Экономическое обозрение №4 (232) 2019

Поделиться постом

Похожие новости