Fitch Ўзбекистоннинг суверен рейтинги бўйича прогнозни “Барқарор”дан “Ижобий”га яхшилади

Fitch Ўзбекистоннинг суверен рейтинги бўйича прогнозни “Барқарор”дан “Ижобий”га яхшилади

Қарор мамлакат макроиқтисодий барқарорлигининг мустаҳкамланиши, бозор ислоҳотларининг изчил амалга оширилиши ва иқтисодий сиёсат сифати ошиши билан изоҳланади.

Fitch баҳосига кўра, эришилган натижалар юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий кўрсаткичларни янада яхшилаш учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Агентлик асосий омиллар сифатида хусусийлаштириш дастурининг илгарилаши ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришни қайд этган. 2021–2025 йилларда умумий қиймати 5,1 млрд. долларлик давлат активлари хусусийлаштирилган бўлиб, шундан 1,9 млрд. доллари 2025 йил ҳиссасига тўғри келади.

Fitch давлат корхоналарида корпоратив бошқарувнинг такомиллаштирилаётганини ва бозор механизмларининг ривожланаётганини ҳам таъкидлаган. Ислоҳотлар натижаларидан бири сифатида агентлик жорий йил май ойида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF акцияларининг халқаро капитал бозорларида муваффақиятли жойлаштирилганини қайд этган. Агентлик давлат молияси барқарорлигини ҳам юқори баҳолаган. 2025 йил якунларига кўра, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил этган бўлиб, белгиланган 3 фоизлик чегарадан паст бўлган.

Давлат қарзи ЯИМнинг тахминан 32 фоизи даражасида сақланиб қолмоқда ва Fitch прогнозларига кўра, 2027–2028 йилларда 28 фоизгача пасайиши мумкин. Таққослаш учун, “BB” рейтингига эга мамлакатларда давлат қарзининг ўртача даражаси ЯИМнинг 53 фоизини ташкил этади.

Агентлик мамлакат халқаро захираларининг сезиларли ошганини ҳам қайд этган. Уларнинг ҳажми 2024 йил якунидаги 42 млрд. доллардан 2025 йилда 66 млрд долларга етган ва келгусида 71 млрд. долларгача ошиши кутилмоқда.

Халқаро захиралар ташқи тўловларнинг тахминан 11 ойлик ҳажмини қопламоқда. Бу “BB” рейтингига эга мамлакатлар ўртача кўрсаткичидан икки баравардан ортиқдир.

Молия секторида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Депозитлар долларлашуви даражаси 2020 йил бошидаги қарийб 40 фоиздан 2026 йил февраль ҳолатига кўра 23 фоизгача пасайган. Fitch прогнозларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоизга ўсади. 2027–2028 йилларда эса иқтисодий ўсиш ўртача 6,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръати тахминан 6,3 фоиз бўлиши прогноз қилинган.

Прогнознинг “Ижобий”га ўзгартирилиши халқаро молиявий институтлар томонидан Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ва мамлакатнинг келгуси ривожланиш истиқболлари юқори баҳоланаётганини кўрсатади.

Хорижий инвесторлар учун бу Ўзбекистон бозорига бўлган ишонч мустаҳкамланаётгани ва узоқ муддатли инвестициялар учун қулай шароитлар сақланиб қолаётганини англатади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar