2017-2025 йиллар давомида Ўзбекистонда банк тизимини янада ривожлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, валюта бозори либерализацияси, Марказий банк томонидан инфляцион таргетлаш режимига ўтилиши, пул муомаласи ва тўлов тизимидаги ўзгаришлар, давлат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига мамлакатимизда 34 та тижорат банки фаолият юритади ва шундан 9 тасида давлат улуши мавжуд.
2017-2025 йилларда банк тизими активлари 5,5 бараварга, мажбуриятлари 5,4 бараварга ўсди. Банк тизими активлари 2025 йил якунларига кўра 925 трлн сўмни (2017 йил – 167 трлн сўм) ташкил этди ва ЯИМга нисбати 50%гача (2016 йил – 42,3%) ўсди. Банк тизими мажбуриятлари 2017 йилдаги 145,9 трлн сўмдан 2025 йилда 789,4 трлн сўмга етди. Банк тизими жами капитали ўтган 9 йил давомида 6,5 баравар ўсиб, 2025 йил якунларига кўра 135,3 трлн.сўмни ташкил этди.
Сўнгги 9 йилликда тижорат банкларига депозит қўйилмалари ҳамда аҳоли ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари кескин ўсди. Банк тизимида жами депозит қўйилмалари қолдиғи 2017 йил якунида 59,6 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига келиб 417,2 трлн сўмга етди ёки 7 баравар ўсди. Жами депозит қўйилмаларининг қарийб ярми хусусий банкларга тегишли. Банк тизими томонидан иқтисодиётга тақдим этилган жами кредитлар қолдиғи ҳисобот даврида 5,5 баравар ўсиб, 2025 йилда 604,0 трлн сўмга етди.
Ажратилаётган кредитлар иқтисодиётнинг барча тармоқлари кесимида сўнгги 9 йилда кескин кенгайиб бориш тенденциясига эга бўлди. Хусусан, қишлоқ хўжалигига ажратилган кредитлар қолдиғи 13 бараварга, улгуржи ва чакана савдода 8,4 бараварга, қурилиш соҳасида 5,6 бараварга, саноатда 3,2 бараварга, транспорт ва алоқа хизматлари соҳасида 2,1 бараварга ошди.
Жисмоний шахсларга турли мақсадларда ажратилган кредит линияларида ҳам кескин ўсиш кузатилди. 2017 йил якунида жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 13,6 трлн сўмни, 2025 йил якунида 220,3 трлн сўмни ташкил этиб, сўнгги 9 йилликда 16,2 бараварга ошди. Аҳолига ажратилган кредитлар таркибида таълим кредитлари 23,8 баравар, ипотека кредитлари 2,2 баравар ва тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар 3,6 баравар ўсиш қайд этган.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган қатор таркибий ислоҳотлар натижасида аҳолининг банк хизматлари билан қамраб олиш даражаси кенгайди. Мамлакатимизда молиявий хизматларнинг йиллик ҳажми 2017 йилда 15,2 трлн сўмдан 2025 йил якунида 171,9 трлн сўмгача, 11,3 баравар ўсиш қайд этди. 2025 йил якунларига кўра, кредит ташкилотлари 260 тани (2017 йил 104 та), масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 82,9 млн кишини (4,5 млн киши), эмиссия қилинган банк пластик карталари сони 68,3 млн донани (19,2 млн. дона), банкомат ва инфокиосклар сони 40 090 тани (5 632 та) ташкил этган.
Жаъфар Хидиров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Izoh qoldirish