Минглаб муаммолар ўз ечимини топди

Минглаб муаммолар ўз ечимини топди

Президент Халқ қабулхоналари, йигирмадан зиёд вазирликлар, қўмиталар, республика ташкилотлари, секторлар раҳбарлари Фарғона шаҳридан 120 км. олисдаги Бешариқнинг 62 та маҳалласида уйма-уй юриб, сайёр ва шахcий қабуллар ўтказди. Бу галги қабулларнинг ўзига хослиги шундаки, энди масъуллар мурожаат келишини кутиб ўтирмай, мурожаатчини ўзи қидириб келмоқда. Одамларнинг уйига борилиб, уларни ўйлантираётган масалаларга аввало ички имкониятлар ҳисобидан ечим топилмоқда.

41 минг 674 та хонадон-у 1 минг 30 дан зиёд ижтимоий соҳа объектидаги ўрганишларда 11 минг 272 та масала аниқланган бўлса, уларнинг 8 минг 430 дан зиёди ҳал этилди, 2 минг 840 дан ортиқ масала эса назоратга олинди.

Қўқон шамоли асли Бешариқдан бошланади, дейишади. Айниқса, изғиринли кунларда электр таъминотига талаб ҳар қачонгидан ҳам ошади. Шу боис ҳам бу борадаги муаммоларни юмшатиш мақсадида 4 та трансформатор, 315 та бетон таянч ўрнатилиб, қарийб 11 км. янги тармоқ тортилди.

Қиш-қировли кунларда барқарор иссиқликни таъминлаш учун Бешариққа 1 минг 728 тонна кўмир олиб келиниб, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказилди.

Аҳоли талабидан келиб чиқиб, 17 мингдан зиёд газ баллони алмаштирилди. 550 нафар истеъмолчига янги газ баллони берилди. Туманнинг “Беш сари” маҳалласига борганимизда бу ишлар қабул жараёнлари билан уйғун олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.

Шунингдек, тумандаги барча газ тақсимлаш пунктлари, хонадонлардаги газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилиб, дудбўронлар тозаланди.

Бу жараёнда “Файзобод”, “Яккатут”, “Қум”, “Ганбай”, “Эшон”, “Дўстлик”, “Адолат”, “Қияли”, “Қорақўйли” сингари қишлоқ-маҳаллаларга ичимлик суви тортиш билан боғлиқ сусайиб қолган ишлар жадаллаштирилди. Хусусан, ҳафта-ўн кун ичида 7,3 км. қувур ётқизилди, битта сув минораси, 3 та насос таъмирланди.

Айтайлик, туман марказидан 15 км олисдаги “Адолат” маҳалласи аҳолиси ҳозиргача қудуқлардан сув ичган бўлса, энди 4,2 км. тармоқ тортилиб, 275 та хонадонга оби ҳаёт олиб кириляпти. Ёки “Дўстлик” маҳалласидаги 136 та, Қурама қишлоғидаги 385 та хонадон ҳам ичимлик суви билан таъминланмоқда.

Ўрганишлар натижасида кўп қаватли 7 та уйнинг, шу жумладан ички имкониятлар ҳисобидан “Халқлар дўстлиги” маҳалласидаги 2 қаватли 4 та уйнинг ҳам таъмирталаб томи янгилаб берилди.

“Қият-Сартол”, “Қум”, “Нурафшон”, “Дала-Ҳамид Олимжон”, “Обод” сингари маҳаллаларнинг 29,2 км. кўчалари тош йўлга айлантирилган бўлса, 2,6 км. йўл асфальтланди. Айтайлик, Бешариқ марказидан 18 км. олисдаги “Обод” маҳалласининг ҳам тупроқ кўчалари шағаллаштирилиши билан аҳолининг кўп йиллик масаласи ҳал қилинди.

Тадбиркорлик ва янги иш ўринларини кенгайтириш, одамлар реал даромадини ошириш учун аҳолига “балиқ эмас, қармоқ бериш” лозим. Шу боис ҳам Республика ишчи гуруҳи фаолияти давомида 94 нафар мурожаатчига 1 млрд. 400 млн. сўм имтиёзли кредитлар олиш учун тавсиялар берилиб, улардан 19 нафарига 352 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, уйида ишлаб даромад топишни истаган 174 нафар инсонга субсидия ажратилди.

Субсидия асосида тикув машинаси билан таъминланган 94 нафар хотин-қизнинг асосий қисми тумандаги “Sherwood dizayn”, “Рапқон фаровони”, “Generous khunarmand” сингари йирик тикув фабрикаларига касаначи сифатида бириктирилди. Уларнинг бир қисми шу ерда аввал касб-ҳунар ўрганади, тикувчиликка уқуви борлари эса ўз уйида ишлаб даромад топади.

Айтайлик, Бахмал маҳалласида яшовчи Муҳиба Умарова қўли гул тикувчи бўлса-да, тикув машинаси анча эскириб қолган, камига қиш пайти ишнинг ҳам авжи сал пастроқ эди. Унга ҳам янги, замонавий тикув машинаси ажратилгач, у “Sherwood dizayn” корхонаси билан шартнома имзолади. Энди корхона Муҳибанинг уйига бичилган хомашё олиб келиб бериб, тайёр маҳсулотни олиб кетмоқда. Хизмат ҳақи ҳам нақд тўланмоқда.

Халқлар дўстлиги маҳалласида яшовчи Севарахон Назарова эса спорт анжомлари тайёрлаш билан машғул, бироқ унинг ҳам тикув машинаси эскиргани ишни ривожлантиришга халал бераётган эди. Бу аёлга ҳам субсидия асосида янги тикув машинаси олиб берилиши фаолиятини кенгайтиришда айни муддао бўлди. “Эндиги мақсадимиз маҳсулот сифати ва турини ошириб, аввал миницех, кейин катта фабрика очиш”, дейди тадбиркор аёл.

Ёки Қият Сартол маҳалласида яшовчи Шоҳида Парпиева 10 турдаги ўйинчоқлар ва манежлар тайёрлаб, 15 нафар маҳалладоши бандлигини таъминлаган. Шоҳида опа фаолиятини ўрганиш давомида унинг қўшимча бино қуришга рухсат бериш ва 200 млн. сўм кредит ажратишга оид масаласи ҳал қилинди. Бу билан 50 нафар инсон шу ерда, яна ўнлаб ишсиз оилалар эса ўз хонадонида кооперация асосида иш билан таъминланадиган бўлди.

Шунингдек, Сойлаби қишлоғида яшовчи Гулнозахон Муродова, Ифтихор маҳалласи турғуни Гуллола Матмусаева сингари оғир ижтимоий аҳволдаги 18 нафар инсонга субсидия асосида иссиқхоналар қуриб беришга киришилди. Бу аёллар ҳадемай мўъжаз иссиқхонада эртанги редиска ва кўкатлар етиштиришни бошлайди, қўшимча даромад манбаси яратилади.

Яқинда “Бешсари” маҳалласида 9-мактаб филиали учун 220 ўринли янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, янги штатлар ташкил қилиш учун муассасага умумий ўрта таълим мақоми бериш масаласи ҳал бўлмай турган экан. Халқ таълими вазирлиги масъуллари ўрганишлари асосида куни кеча бу масала ҳал қилиниб, мамлакатимиздаги мактаблар сони яна биттага кўпайди. Бу ерда қишлоқ ўқувчилари замонавий таълим олиши учун барча шарт-шароит яратилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маъуллари ўрганишлари натижасида турли хасталиклар аниқланган 761 нафар инсоннинг 102 нафари шифохоналарга ётқизилди, 659 нафари амбулатор шароитда даволанмоқда. Тумандаги ногиронлиги бор инсонлар ҳолидан хабар олиниб, 558 нафар эҳтиёжманд инсонга реабилитация воситалари, кўзойнаклар, дори-дармон етказиб берилди.

Айтайлик, “Олтинкўл” маҳалласида яшовчи Малоҳатхон Мадумарова 18 йилдирки, ногиронлиги бўлган ўғли Яҳёбек Олимовни парваришлайди. Аёл истиҳола қилганми, аравача сўраб хеч мурожаат қилмаган, ўғлини елкасига опичлаб катта қилган экан. Ўрганишлар давомида Яҳёбекка ҳам ногиронлик аравачаси, дори-дармон, озиқ-овқат етказилди. Улар яшаётган уй таъмирлаб бериладиган бўлди. Бир онанинг 18 йиллик матонати, қисмати, шукронаси эса бизга нималарнинг қадрига етишимиз, нималар учун шукр қилишимиз кераклигини эслатгандек бўлади.

Ички ишлар ва Қурилиш вазирликлари масъулларининг ўрганишлари “Нурли маскан” алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларга ихтисослаштирилган 2-мактаб филиалининг 36 нафар ўқувчиси оғир шароитда таълим олишга мажбур бўлаётганини, улар учун янги, алоҳида бино зарурлигини кўрсатди. Қисқа муддатда 3-сектор худудидаги “Дала Ҳамид Олимжон” маҳалласида бўш бино таъмирланиб-жиҳозланиб, муассаса барча шароитга эга янги бинога кўчирилди.

Ўрганишлар асосида эҳтиёжманд, ночор ўнлаб оилалар уй-жойларини таъмирлаш учун ички имкониятлар ҳисобидан маблағ топилиб, бу борадаги амалий ишларга ҳам киришилди.

Яккатутлик Назрулло Мадаминов ва оғир хаста рафиқаси Гулшаной Алиёрова ҳам ҳадемай янги, шинам бошпанасига эга бўлади.

Эътиборлиси, бешариқлик фаоллар, нуронийлар, тадбиркорлар ташаббус билан чиқишиб, бу каби оғир шароитда яшаётган эҳтиёжманд инсонлар уй-жойларини таъмирлашда амалий ёрдам кўрсатишга қарор қилишди. “Ташаббускор гуруҳ”нинг қурилиш-ободонлаштириш ишларига ҳомийлик ёрдами “Маҳалла” хайрия жамоат фонди орқали тизимли йўналтирилади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Република ишчи гуруҳининг Бешариқдаги ўрганишлари давомида 62 та маҳаллада аниқланган ҳар бир масалани ҳал қилиш бўйича “йўл харитаси”, туман, сектор, маҳалла даражасидаги ҳар бир раҳбар, ҳар бир масъулнинг ҳар ҳафталик иш режаси ишлаб чиқилди. Бу борадаги ишлар натижадорлиги эса улар фаолиятига баҳо беришда асосий мезон бўлади.


Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar