Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Жойларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда янги хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича мурожаатлар, ташаббуслар кўп бўлмоқда. Улар асосида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари жорий йилда хизматлар соҳасида 59 триллион сўмлик 42 мингта янги лойиҳани амалга ошириш, 150 мингта доимий иш ўрни яратиш бўйича режалар белгилаган.
Йиғилишда Президент ҳар бир лойиҳа ижросини назоратга олиб, тадбиркорларга кўмаклашиш, шу билан бирга, янги лойиҳаларни шакллантириб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.
Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, хизматларни кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методология яратиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун, Ўзбекистон миллий банки ҳузурида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилади ва барча вилоятлардаги филиалларида унинг бўлимлари очилади. Уларда аҳолига намунавий тайёр бизнес лойиҳалари тақдим этилади, касбга ўқитишдан бизнесни йўлга қўйишгача бўлган комплекс хизматлар кўрсатилади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни молиявий таъминлаш масаласига алоҳида тўхталди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бу йил хизматлар соҳаси учун банклар томонидан камида 18 триллион сўм кредитлар йўналтирилади.
Бундан ташқари, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 миллион доллар ажратилади. Шундан 150 миллион доллари 1 июлгача жойларга етиб боради.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага бириктирилган масъуллар билан бирга “маҳалла – туман – банк” принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради. Бунда, ҳар бир маҳаллада камида 20 турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар бўлиши назарда тутилади.
Шунингдек, Миллий банк томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим хизматлари ҳамда йирик савдо комплекслари ташкил этиш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилинади.
Умуман айтганда, бюджетдан ва Миллий банк томонидан хизмат кўрсатиш соҳасига жами 500 миллион доллар ёки 5,5 триллион сўм йўналтирилади.
– Топшириқ беришдан олдин шароит яратаяпмиз, пуллар ажратаяпмиз. Биргина хизматлар соҳасига 500 миллион доллар беряпмиз. Буни агар ҳалол-пок ишлатсак, неча минг ишчи жой пайдо бўлади. Ҳар бир вазир ватанпарвар бўлиб, “ўзининг аравасини ўзи тортиб”, берилган бир сўм пулни қадрлаб, жойига етказса, одамлар ишонади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш