Ҳурматли Цзинь Лицюнь жаноблари!
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Сизларни Ўзбекистон заминида, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида кўриб турганимдан бениҳоя хурсандман.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилмоқда. Бу нуфузли анжуманнинг навбатдаги, тўққизинчи мажлиси учун айнан Ўзбекистон танланганини биз ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимизнинг юксак намунаси, деб биламиз.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга самарали ечимлар топиш учун халқаро мулоқот майдонига айланиб боряпти.
Бугунги анжуманимизда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингга яқин вакиллар қатнашмоқда. Сизлар мамлакатимиздаги жадал ислоҳотлар, қулай инвестиция ва тадбиркорлик муҳити билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб оласизлар.
Шу билан бирга, юртимизнинг бой тарихи ва замонавий қиёфасини ўзида мужассам этган Самарқанд шаҳри барчангизда ўчмас таассурот қолдиради, деб ишонаман.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолари тобора ўткир тус олиб бормоқда. Масалан, ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти.
Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланди. Натижада дунёда 800 миллионга яқин аҳоли ўта оғир камбағаллик шароитида яшаяпти.
Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти.
Буларнинг барчаси – мавжуд инфратузилмага бўлган юкламани кескин оширади ва глобал иқтисодий тараққиётга катта тўсиқ бўлади. Экспертлар фикрига кўра, 2030 йилгача дунёда янги инфратузилма учун 15 триллион доллар инвестиция талаб қилинади.
Шунингдек, хорижий инвестициялар оқими сўнгги икки йилдан буён 10 фоиздан камаймоқда, дунёда молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашди.
Булар барча мамлакатларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини қийинлаштирмоқда.
Бундай шароитда глобал хавф-хатарлар оқибатларини юмшатиш, барқарор ўсиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бормоқда. Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Азиз дўстлар!
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар жадал амалга оширилмоқда. Биз иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришга асосий эътибор қаратяпмиз.
Ўтган даврда ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 2 баробар кўпайиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Келгуси беш йилда бу рақамни 160 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз.
Бундан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизни аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқишдир. Ушбу мақсадларга эришиш учун олдимизга катта-катта марраларни қўйганмиз.
Биринчи. Биз тўрт йил ичида мамлакатимиздаги камбағаллик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришдик.
Жорий йил бу кўрсаткични 9 фоизгача, 2030 йилга қадар эса 2 баробар пасайтиришни мақсад қилганмиз.
Бизнинг ислоҳотларимиз туб негизида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, одамларимиз учун барча соҳаларда янги иш ўринларини ва даромад манбаларини кўпайтиришдек устувор вазифа мужассам.
Шу билан бирга, аҳолининг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, энг оғир ҳудудларда инфратузилма тармоқларини барпо этишни қамраб олган “кўп ўлчовли” камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширяпмиз.
Шу боис илғор хорижий ёндашувлар асосида энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Яқинда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори жаноб Абхижит Банержи “Ўзбекистондаги маҳалла тизими ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ўзининг ноёб рецептига эга”, деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас.
Иккинчи. Инсон капиталини ривожлантиришни мамлакатимиз барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишининг мустаҳкам пойдевори, деб биламиз.
Бу борада сўнгги саккиз йилда мактабгача таълим қамровини 27 фоиздан 74 фоизга оширдик.
Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 800 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ошиб, қамров 9 фоиздан 38 фоизга етди.
Биз келгуси 3-4 йилда мактабгача таълим қамровини камида 80 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун хусусий сектор билан бирга 240 минг ўринли боғчалар барпо этилади.
Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб, давлат-хусусий шериклик асосида ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда энг илғор стандартларга мос келадиган 100 тадан янги мактабларни ишга туширишни режа қилдик. Бунга келгуси йилларда 2 миллиард доллар инвестиция киритамиз.
Биз таълимдаги лойиҳаларни халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлигимизнинг янги истиқболли йўналиши сифатида белгилаб олишни таклиф қиламиз.
Учинчи. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда энергетика, сув, транспорт, IT ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш учун йиллик эҳтиёжимиз ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизига тенг.
Шу маънода, бугунги анжуман “Барча учун барқарор инфратузилма яратиш” мавзусида ўтказилаётганини олқишлаймиз.
Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, катта тажриба орттирдик. Бунинг натижасида ушбу соҳаларга хусусий сектор фаол кириб бормоқда.
Биз 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилдик. Хусусан, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, “Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади.
Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилишни давлат-хусусий шерикликка берамиз.
Шунингдек, келгуси беш йилда электр, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтади. Масалан, Самарқанд вилоятининг электр тармоқларини бошқарувга олиш бўйича ўтказиладиган тендерга 50 дан зиёд хорижий нуфузли компаниялар ўз қизиқишини билдирди.
Шу билан бирга, бизда ҳар йили 100 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Масалан, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон каби йирик шаҳарларимиз ҳамда қолган вилоятлар марказларига йўлдош “Янги Ўзбекистон” шаҳарчаларини қуриш бўйича катта лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Бу борада ўрта шаҳарларни ривожлантириш бўйича 200 миллион долларлик, қишлоқ жойларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳаларни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда бошлаганимизни алоҳида эътироф этмоқчиман.
Ишончим комил, Банк ва бошқа ҳамкорларимиз билан бундай инфратузилмавий лойиҳаларни янада кенгайтирамиз.
Тўртинчи. “Яшил” иқтисодиётни жадал ривожлантиришни олдимизга устувор вазифа сифатида қўйиб, 2030 йилгача “яшил” энергия манбаларини 40 фоизга етказиш бўйича катта марра олганмиз.
Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки 2030 йилга бориб жами портфелининг 50 фоизини иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларга йўналтириши бизнинг мақсадларимиз билан ҳамоҳанг.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик “яшил” энергия лойиҳаларида Банк нуфузли хорижий компаниялар билан бирга ишлаб, бу соҳада глобал даражада янги андозаларни яратмоқда.
Биз келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 миллиард долларлик электр тармоқларини ишга туширамиз.
Мазкур лойиҳалар орқали йирик “яшил” маълумотлар марказларини ҳам яратмоқчимиз. Бу – барча халқаро молия ташкилотлари учун ҳам жозибадор лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан йилига 100 миллион долларлик “яшил” сертификатлар бозори шаклланиб, бу халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши бўлишига ишонаман.
Қўшни мамлакатлар ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта лойиҳаларни бошлаганини қайд этиш лозим. Келгуси йилларда қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига “яшил” энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Бу борада Транскаспий электр тармоғини барпо этиш лойиҳаси катта салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Шу ўринда, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошчилигида Марказий Осиёда “яшил” энергияни ривожлантириш дастурини амалга оширишни таклиф қиламан.
Бешинчи. Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда.
Ҳозирда амалга ошириш бошланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.
Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган.
Лекин сув муаммосини ҳал қилиш бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликда ишлашини талаб қилади.
Шу боис, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчиман. Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди.
Ҳурматли банк бошқарувчилари!
Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ҳиссасини юқори баҳолайди.
Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида Банк билан 3 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга ошириляпти.
Мамнуният билан айтишим керакки, буларнинг ҳисобидан Ўзбекистон банкнинг ТОП-10 та ҳамкоридан бирига айланди. Мисол учун, Банк билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича 720 миллион долларлик лойиҳа қарийб 1,5 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлайди. Ёки “Бухоро – Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини ишга тушириш натижасида Хива шаҳрига йилига қўшимча 1 миллион турист жалб қилиш имконияти яратилади.
Таъкидлаш керакки, шу кунларда Банк билан келгуси уч йилда яна 4 миллиард долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олдик.
Фурсатдан фойдаланиб, биз билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошираётган ва кенг кўламли ислоҳотларимизни қўллаб келаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь жанобларига, Банкка аъзо давлатлар ҳукуматлари ва бошқарувчиларига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман.
Ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлида Банкнинг барча жамоасига улкан муваффақиятлар тилайман.
Шунингдек, бугун анжуманда иштирок этаётган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ҳамда йирик компания ва инвесторларга ўзимнинг алоҳида ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Келгуси икки кунда Банк бошқарувчилари олдида жуда муҳим глобал ва минтақавий муаммоларга замонавий ёндашувлар асосида ечимлар топиш, янги лойиҳа ва дастурларни муҳокама қилиш каби масъулиятли вазифалар турибди.
Сизлар қабул қиладиган қарорлар Банкка аъзо мамлакатларда яшайдиган 6 миллиарддан зиёд аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади.
Ушбу улкан вазифаларни амалга оширишда сизлар ўзингизнинг чуқур билим, бой тажриба ва куч-ғайратингизни аямайсизлар, деб ишонаман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва қадимий Самарқандда ишларингиз муваффақиятли бўлишини тилайман.
Сиз, азиз дўстларимизни Ўзбекистонга яна кўп бор келишингизни кутиб қоламиз.
Изоҳлар қўшилмаган
Изоҳ қолдириш