Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимиз, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги можаролар ечим топмаётганини, шу жумладан Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётганини қайд этди.
Бундай мураккаб шароитда иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш энг муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди. Бунинг учун маҳалланинг иқтисодий заминини мустаҳкамлаш, одамлар даромадини кўпайтириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилди.
Президент пойтахтда ҳали ишга солинмаган имкониятларни кўрсатиб ўтди. Жумладан, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектар ерларни тадбиркорларга бериш орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.
Пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда мавжуд 98 минг бўш иш ўрни – аҳоли бандлигини таъминлаш учун ишга солинмаган имкониятлардан бири. Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда ташкил этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида яна ўн минглаб иш ўрни яратиш имконияти бор.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди
Президент Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Шавкат Буронович Умурзоқов номзодини тавсия этди.
Шаҳар ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари халқ вакиллари билдирган бу юксак ишонч янги ҳокимдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилишини таъкидлади.
Янги ҳоким ўз ўринбосарлари, туман ҳокимлари, сектор ва банк раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” билан пойтахт аҳолиси учун муносиб шароит яратиш, инвестиция олиб келиб, янги-янги юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, шаҳарни янада обод қилиш, бир сўз билан айтганда, одамлар рози бўлиши учун янгича ёндашув асосида катта марраларни олиб, қаттиқ ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Президент аҳоли даромадини ошириш бўйича қандай ишлаш зарурлигини Юнусобод тумани мисолида тушунтирди
Сўнгги етти-саккиз йилда пойтахтда, шу жумладан Юнусободда катта ўзгаришлар бўлди. Масалан, бу даврда туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилди, корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайди.
Туманда 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилди, 8 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил қилинди, 3 та олийгоҳ очилди. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар сони бўйича ҳам Юнусобод пойтахтдаги етакчи туманлардан бирига айланди.
Шу билан бирга, Юнусободни чекка қисми билан пойтахтнинг марказий қисмидаги маҳалла ўртасидаги фарқ жуда катта экани, аҳоли даромади ва яратилган шароит бўйича вазият бир хил эмаслиги таъкидланди.
Масалан, тумандаги айрим оилалар ойлик даромадини фақат кун кечиришга сарфлаяпти. Улар ўзи ва фарзандлари келажагига инвестиция киритиш учун маблағ ажрата олмайди.
Иқтисодий комплекс ташкилотларида бу борада таҳлил йўқлиги, турли молиявий инструментлар орқали бу оилалар даромадини оширишни ўйлаб кўрмагани қайд этилди.
Президент пойтахтдаги 12 та туман бир-бири билан туташиб кетгани, уларни иқтисодий чегараси йўқлиги боис тадбиркорларга шароит яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича бошқача ёндашув кераклигини таъкидлади.
Шу боис, банклар филиаллари фақат мижозни ҳисоб рақамига хизмат кўрсатувчи эмас, балки ўзининг йирик мижозлари ва тумандаги маҳаллаларни боғлайдиган кўприк бўлиши муҳимлиги қайд этилди.
Мисол учун, фаолиятини кенгайтириш ҳамда айланма маблағ учун кредит олиш ва иш ўрни яратишга тайёр мижозлар кўп. Банклар замонавий фикрлаб, шундай мижозлар билан ишлаши, уларни йириклаштиришга кўмаклашиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Банк филиаллари тадбиркор мижозларга кредит бераётганда фуқароларни ишга олиш шарти билан кредит фоизини камайтирадиган тизимни жорий қилиш таклиф қилинди.
Янги тизимга кўра, эндиликда банклар тадбиркорлар иш ўрни яратганидан кейин уларга берилган кредит фоизини тушириб боради.
Ҳоким ёрдамчилари эса ишсизларни тадбиркорни талаби асосида ўқитади.
Юнусобод пойтахтни энг қулай қисмида жойлашгани учун кредит олмасдан, ўз сармоясини киритиб, иш ўрни яратишга интилаётган ташаббускорлар жуда кўп. Лекин, уларни энг қийнайдиган масала – туманда бўш жой топиш.
Масалан, Амир Темур шоҳ кўчаси сўнгги етти йилда тадбиркорлар учун энг жозибадор кўчага, ҳудудни ўсиш нуқтасига айланди. Лекин кўчани 6 километр қисмида эскирган қиёфадаги 3-4 қаватли 8 та давлат идоралари жойлашган.
Бу биноларни ерости автотураргоҳи бор кўп қаватли савдо, хизмат ва овқатланиш объектлари, офис ва меҳмонхона шаклида қайта қуриш шарти билан лойиҳалар амалга оширилса, тадбиркорлар ва иш ўринлари сонини кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди.
Шундай лойиҳаларни банк филиаллари ўрнида ҳамда давлат ташкилотлари эгаллаб турган 24,5 гектар негизида ҳам амалга ошириш мумкин.
Президент ер ўта чекланган шароитда бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Масалан, йирик бозорларни қават-қават усулда кенгайтириш, Юнусобод кичик саноат зонасидаги биноларни 3-4 қават қилиб қайта қуриш ҳисобига қўшимча майдонларни ҳосил қилиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Вазирлар Маҳкамасига унумли фойдаланилмаётган давлат объектларини хатловдан ўтказиб, уларни ўрнида саноат ва хизматларда юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни жойлаштириш дастурини тасдиқлаш топширилди.
Ижтимоий соҳада хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш орқали ҳам иш ўринларини яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Масалан, тумандаги 7-сонли шаҳар шифохонаси учун 200 ўринли янги бино қуриш чўзилиб келаяпти. Янги бино ишга тушса, ундан бўшайдиган 4,7 гектарда хусусий шериклик асосида кореялик инвесторлар 160 миллион долларлик 420 ўринли замонавий кўп тармоқли клиника қуриш ташаббусини берган.
Мутасаддиларга шаҳар шифохонаси қурилишини жадаллаштиришга кўрсатма берилди.
Шунингдек, тумандаги 44 та мактабни ўтган йили 4 минг 400 нафар ўқувчи битирган бўлиб, 1 мингтаси IELTSдан юқори балл олган. Улардан 3,5 мингтаси ёки 78 фоизи олийгоҳларга кирган.
Бундай натижанинг сабабларидан бири – мактабларни 2-3 тадан синф хонаси шартнома асосида хусусий ўқув марказларига дарсдан кейин фойдаланиш учун берилган.
Бу тажрибани кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Юнусободда ўтказилган бир ҳафта ўрганиш давомида 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 35 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш учун имкониятлар аниқлангани қайд этилди.
Ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун иқтисодий комплекс раҳбариятига янги ёндашув асосида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Шаҳар ҳокимига хориждаги йирик шаҳарларнинг саноат, инфратузилма, тадбиркорлик, коммунал соҳаларидаги ижобий тажрибасини Тошкентда жорий қилиш топширилди.
Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтди
Табиат уйғонган бугунги кунларда ҳамма жойларда мевали ва манзарали дарахтлар, гул, райҳон кўчатлари экиш жадал кетмоқда.
Тошкент шаҳридаги 585 та маҳаллада ҳам дарахт ва гуллар экиш, ҳудудни ободонлаштириш, шароити оғир оилалар, ёлғиз қариялар, имконияти чекланган одамларни ҳолидан хабар олиб, уларни кўнглини кўтариш муҳимлиги таъкидланди.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари маҳаллалар ўртасида танлов ўтказиб, йил якуни билан энг намунали маҳаллага Президент совғаси сифатида электромобиль совға қилиш ташаббусини билдирди.
Йиғилиш давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти, жамоатчилик вакилларининг фикр ва таклифлари тингланди.
Изоҳ қолдириш