Тадбиркорлик фаолияти таҳлили ҳар ойда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудлари бўйича комплекс мониторингнинг тезкор маълумотлари асосида ҳисобланади. Маълумотлар Божхона ва Cолиқ қўмиталари, Марказий банк ва Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси томонидан тақдим этилади.
Умуман олганда, республика бўйича солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,5%га ўсди, бу эса иқтисодий фаолиятнинг кенгайишини кўрсатмоқда.
Солиқ тушумларининг энг юқори ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон Республикаси (18,3%), Сурхондарё (13,6%) ва Хоразм (6,6%) вилоятларида қайд этилди.
Даромад солиғи - 18%, мулк солиғи - 38% ва ер солиғи - 31% каби асосий солиқ манбаларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Божхона тушумлари 14,5%га ошди, бу ташқи иқтисодий фаолият фаоллашаётганидан далолат беради.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, божхона тушумларининг энг кўп ўсиши Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида мос равишда 2,7 ва 2,2 баробар, Бухоро вилоятида эса 65%га қайд этилган.
Ушбу ўсиш транспорт ускуналари ва бутловчи қисмлари, техник жиҳозлар, металл ва металл буюмлар, электротехника ва бутловчи қисмлари каби бир қатор асосий товарлар учун импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ.
Жорий йил бошидан буён маҳсулот экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,8%га ошди. Экспортнинг энг юқори ўсиши қуйидаги ҳудудларда кузатилди: Сурхондарёда – 58,8%га, Навоийда – 55,1%га, Қашқадарёда – 38,1%га ва Қорақалпоғистон Республикасида (31,3%га).
Йил бошидан буён тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 9,5%га ошди.
Кредит беришнинг энг катта ўсиши Навоий - 18,6%, Тошкент - 14,5% вилоятларида ва Тошкент - 19,5% шаҳрида қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 32,4%га ўсди. Биржа фаоллигининг энг кўп ўсиши қуйидаги ҳудудларда, мос равишда Қорақалпоғистон Республикасида 2,2 баробар, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 2 бараварга кузатилди.
Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсиши пахта толаси, техник чигит, қурилиш ва маиший материаллар, дизел ёқилғиси, бензин, буғдой, минерал ўғитлар ва бошқа маҳсулотларни сотиш ҳажмининг ошиши ҳисобига таъминланмоқда.
Ўзбекистонда ташкил этилган янги тадбиркорлик субъектлари сони 41,4 мингтани ташкил этди.
Энг кўп янги корхона ва ташкилотлар Тошкент шаҳрида – 8,2 мингта, кейин Самарқанд – 4 мингга яқин, Хоразм – 3,5 мингта вилоятларида рўйхатга олинган.
Шундай қилиб, комплекс мониторинг маълумотлари солиқ ва божхона тушумлари, экспорт ва кредитлаш ҳажмлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасидаги фаоллик сезиларли даражада ошганини кўрсатади, бу эса мамлакат ҳудудларида ишбилармонлик фаоллигининг ўсишини кўрсатади.
Султонмурод Озодов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш