– Ҳоким ёрдамчилари институти мамлакатимиздаги иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим бўғинларидан бирига айланиб улгурди. Сиз ҳоким ёрдамчиси лавозимининг моҳиятини қандай тушунасиз?
– 2022 йилда ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда “маҳаллабай” ишлаш тизими ҳамда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Асосий мақсад – маҳаллалардаги ҳар бир хонадондаги муҳит, аҳолининг қизиқиши, иқтисодий аҳволи ва турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, тадбиркорликни бошлаши учун ёрдам бериш, юзага келган муаммоларга тез фурсатда ечим топилишига кўмаклашишдан иборат. Оддий қилиб айтганда, бизнинг вазифамиз фақат кредит ажратишда кўмаклашиш эмас, балки, камбағал фуқароларни ушбу ҳолатдан чиқариш учун комплекс ёрдам беришдир. Шунингдек, маҳалладаги етакчи тадбиркорлар билан ҳам ушбу масалада ҳар томонлама ҳамкорлик қилишимиз зарур. Масалан, камбағал фуқарони тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштириш ёки касаначилик асосида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали. Бундан ҳамма ютади!
– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Ўзим шу ерда туғилиб ўсганман. Олий маълумотлиман. Шунингдек, Банк-молия академиясида ҳам молия йўналишида таҳсил олдим. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтишимдан илгари Бухоро вилояти Жондор тумани “Агробанк” бўлимида банк бошқарувчиси ўринбосари бўлиб ишлаганман. Банк соҳасида фаолият юритганимда тадбиркорлар, оддий фуқаролар билан кўп ишлашга тўғри келган, уларнинг муаммолари билан яхши танишман, десам тўғри бўлади. Ана шу тажриба менга янги лавозимда ҳам қўл келди.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз? 2022 йилда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилганидан буён ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг ижтимоий таркиби ва фаровонлиги бўйича қандай маълумотлар олинди?
– Маҳалла туман марказидан 15 км узоқликда жойлашган бўлиб, ўрта даражадаги маҳалла ҳисобланади. Мен масъул бўлган “Қароли” МФЙда 1795 та хонадон мавжуд бўлиб, 7126 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла ҳудуди асосан, хонадонлардан иборат бўлиб, аҳолининг асосий қисми ҳудуддаги корхона, ташкилот ва давлат ташкилотларида ишлайди. 2022 йилгача маҳаллада жами 80 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлган. “Хонадонбай” ўрганишлар натижасида тадбиркорликка қизиқиши бор фуқароларга давлатимиз томонидан имтиёзли кредитлар ҳамда субсидиялар берилди.
– Сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди? Бу лавозимда ишлаганингизнинг биринчи йилида аҳолининг турмуш шароити ва фаровонлигини ошириш борасида нималарга эришдингиз?
– Маҳаллани ривожлантиришда тадбиркорлик йўналиши етакчи йўналиш сифатида танлаб олинган. Шунингдек, аҳолининг бир қисми мавсумий ишлар билан ҳам шуғулланади. Фаолият бошланган даврда устувор эътибор аҳолини тўғри тоифаларга ажратиш, камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлашга қаратилган бўлса, эндиликда индивидуал дастурлар асосида тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва шу орқали маҳаллада истиқомат қилувчиларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ишларига урғу берилмоқда. Бу орқали, ишсизларнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг хоҳиш-истагига кўра имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилмоқда.
– 2023 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз.
– Фуқаролар билан биргаликда ички йўлларни асфальт қилишни режалаштириб, ташаббусли бюджет лойиҳасининг 2023 йил иккинчи мавсумида ўз ташаббусимизни киритдик ва маҳалла кўчасининг 2,9 км узунликдаги ички йўлларини асфальтлаш учун 1 млрд 360 млн сўм маблағ ютиб олинди.
“Яшил макон” дастури доирасида ҳам фуқаролар ва ҳомийлар ташаббуси билан маҳалланинг бўш турган ерларига мевали дарахтлар экилди. Бундан ташқари, 2023 йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида кўчамизга трансформатор, бетон таянчлар ҳамда тунги ёритиш чироқлари зарур бўлганлиги сабабли 540 млн сўм ютишга муваффақ бўлдик.
– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?
– Бугунга келиб, “Қароли” МФЙда 58 та МЧЖ, 148 та якка тадбиркорлик субъекти ва 174 та деҳқон хўжалиги фаолият юритмоқда. Маҳаллада савдо-сотиқ дўконлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишлаб турибди. Шунингдек, ҳудудда бир нечта хизмат кўрсатиш корхонаси ҳам мавжуд. Маҳаллада 4 та оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилган. Бундан ташқари, маҳалланинг бўш турган эски биноси таъмирланиб, шу ерда яшовчи болалар учун тўгараклар очилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада?
– Ўтган вақт давомида орттирилган тажрибадан, хатлов ва тадқиқ натижаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, камбағаллик кўпинча доимий ишга эга эмаслик, оилада доимий парваришга муҳтож кишиларнинг мавжудлиги, бирон бир бизнес қилиш учун зарур уқув ва малаканинг етишмаслиги ёки йўқлиги, баъзида эса боқимандалик кайфиятининг устунлигидан келиб чиқади. Қисқача айтганда, ҳар бир оилада камбағалликнинг ўзига хос сабаблари бор.
– Аҳолининг турмуш даражасини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришда маҳаллалардаги мавжуд инфраструктуранинг ҳам аҳамияти катта. Бу борада қандай ишлар амалга оширилди?
– Маҳалла тумандаги 3-сектор ҳудудига киради. Маҳалланинг инфратузилмаси ривожланиши аҳоли кайфиятига катта таъсир қилади. Шу маънода, сектор билан биргаликда сўнгги уч йилда 2,4 км узунликдаги ички йўллар бетонлаштирилди, 100 фоиз хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди, 3 та электр подстанцияси тўлиқ таъмирланди. Хусусан, 6 та кўчага тунги чироқлар ҳамда уларни хавфсиз ҳудудга айлантириш мақсадида 25 та кузатув камераси ўрнатилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Маҳаллада мен келишимдан олдин 12 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб борган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 110 тадан ошди. Шунингдек, 38 та ЯТТ очилди. Шулардан бири “Одилбек-Саидбек” МЧЖ бўлиб, керамзит ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳалла аҳолиси учун 87 та иш ўрни ташкил этилди. Clean-Billur МЧЖда эса суюқ совун ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, бу орқали 60 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Маҳалладаги учинчи йирик корхона “Бухоро Барака пласт” МЧЖдир. Ушбу корхонада пеноблок, газоблок каби харидоргир қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Бу ерда 40 янги иш ўрни ташкил этилган. Муштарийбегим-Азиза МЧЖ томонидан маҳаллада иссиқхона хўжалиги ташкил этилган бўлиб, бу ерда ҳозир 12 киши иш билан таъминланган. Бундан ташқари, Xolmurod Family оилавий корхонаси электромонтаж ишлари билан шуғулланади. Бу ерда 20 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун устоз-шогирд анъанасидан ҳам фойдаланяпмиз.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Хорижда меҳнат қилиб, ўз юртига қайтиб келган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларимизни ишга жойлаштириш, агар истаги бўлса, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кўмак бериш диққат марказида турибди. Бугунга қадар 10 нафар шундай фуқарога зарур ёрдам берилди.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
– 2024 йилги барча режаларимиз маҳалла фаровонлигини оширишга қаратилган. Хусусан, жорий йил охиригача ҳудудда замонавий ўқув маркази ташкил қилишни режалаштирганмиз. Шунингдек, “Ёшлар”, “Аёллар” ва “Темир дафтар”да турган фуқароларни моддий-маънавий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини оширишни мақсад қилганмиз. Бир сўз билан айтганда, ҳоким ёрдамчиси – халқ ёрдамчисидир!
Жамолиддин Турдимов, CERR
"Иқтисодий шарҳ" журнали №9/2024
Изоҳ қолдириш