Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Навоий вилоятида қўшимча имкониятларни ишга солиш, иш ўрни ва инвестицияни кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази инфографикасида Навоий вилоятининг сўнгги 7 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги натижалари келтирилган.
2017-2023 йиллар давомида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 34,9 фоизга ошиб, 85,9 трлн сўмга етди. Шу давр мобайнида ЯҲМнинг саноат ва қурилиш соҳаси 50,1 фоиздан 71,7 фоизга ўсди.
Замонавий сервис ва маиший хизматларга бўлган талабни тўлиқ қондиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бозор хизматлари ҳажми 2 бараварга кўпайиб, 3,1 трлн сўмдан 11,7 трлн сўмга етди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсиш 22,7 фоиз, яъни 6,9 трлн сўмдан 19,9 трлн сўмга етди.
Кейинги олти йилда саноат соҳаси вилоятнинг драйверига айланди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,1 трлн сўмдан 101,8 трлн сўмга етиб, 33 фоизга ошди.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида 2017-2023 йилларда 1672 км сув қувурлари ётқизилди. 7 йил давомида Навоий вилоятида 201 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Шу давр мобайнида вилоятда 688 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 8,9 минг, мактабларда 27,2 минг ўринлар ва шифохоналарда 1,0 минг койкалар ташкил этилди.
Сўнгги етти йилда вилоятга 8 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 6 минг 500 та лойиҳа ишга туширилган. 2024 йилда эса 2 миллиард 200 миллион долларлик 577 та лойиҳа якунланмоқда.
Президентнинг ўтган ойда Навоий вилоятига ташрифи чоғида иқтисодиётни янада ривожлантириш, қўшимча имкониятларни излаб топиш бўйича берган топшириқлари асосида тайёрланган таклифлар йиғилишда кўриб чиқилди.
Масалан, Кармана туманидаги кимё технопаркига туташ яйлов ерда янги саноат корхоналарини жойлаштириш мўлжалланмоқда. Инфратузилма ва хомашё борлиги боис у ерда келгуси йилнинг ўзида каолин, кварц, диоксид кремний, мато бўёғи лойиҳаларини бошлаш мумкин.
Хитойлик инвесторлар Хатирчи туманида кварц ва гранитни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ташаббусини билдирган. Конимех, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларида жойлашган 11 та фойдали қазилма майдони ҳам ўзлаштириш учун истиқболли.
“Айдаркўл” атрофидаги 150 гектарда меҳмонхона ва дам олиш масканлари барпо этилса, 10 минг нафаргача сайёҳларга хизмат кўрсатадиган лойиҳалар амалга оширилади, 200 та иш ўрни яратилади. Нуротанинг Сентоб, Хатирчининг Лангар ва Ангидон қишлоқларида 200 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиши йилига 600 мингга яқин сайёҳларни жалб қилиш, 500 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш имконини беради.
Юртимиздаги яйловларнинг 43 фоизи Навоий вилоятида, лекин унинг 5 фоизидан фойдаланаяпти, холос. Шу боис 350 минг гектар яйловга дрон билан иқлимга мос озуқа экинлари, доривор ва зиравор уруғлар сепилади ҳамда аҳолига бўлиб берилади. Томди ҳамда Учқудуқ туманларида эчкичилик ва қўйчилик ривожлантирилади.
Шунингдек, Томди ва Нурота туманларини қурилиш материаллари, чорвачилик ҳамда туризмга, Хатирчини тўқимачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш учун барча шароит бор. Хусусан, Хатирчида гени ўзгармаган ва органик маҳсулот сертификатини берадиган замонавий лаборатория ташкил қилинмоқда. Мазкур туманда 500 гектар, Навбаҳорда 200 гектар адир ерларда интенсив боғ ва токзорлар барпо қилинади.
Далалар ва маҳаллаларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш рағбатлантирилади. Жумладан, Италиядан кунгабоқар уруғи олиб келиб, такрорий экин сифатида 10 минг гектарда экишни таклиф қилинмоқда. Натижада 5 минг аҳоли қўшимча даромадга эга бўлади, ишлаб чиқариладиган кунгабоқар ёғи вилоят аҳолисининг йиллик талабини қоплайди. Пахтачиликда ҳам ҳудуд тупроғига мос, сувсизликка чидамли гўза Хитой навларини экиш кенгайтирилади.
Бу йилнинг ўтган даврида вилоятда 111 минг аҳоли ишга жойлаштирилган. 2025 йилда 140 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш, 10 мингта оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.
Йиғилишда Навоий вилояти ҳокими шу каби ресурсларни ишга солиш, 2025 йилда тармоқ корхоналаридан ташқари 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 320 миллион доллар экспортни таъминлаш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Лекин булар вилоят салоҳияти даражасида эмаслиги боис режаларни қайта кўриб чиқиш топширилди.
Янги лойиҳаларни кўпроқ Конимех, Нурота, Хатирчи ва Томди туманларида жойлаштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Ишсиз аҳолини замонавий касбларга ўқитиб, юртимизда ва чет элдаги юқори даромадли ишларга жойлаштириш вазифаси белгиланди. Иқтисодий имкониятлари кенг, шу билан бирга, аҳолиси нисбатан кўп бўлмаган Навоий вилоятини ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мумкинлиги таъкидланди.
2017-2022 йилларда вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари
2017-2022 йиллар давомида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 34,9 фоизга ошиб, 66,7 трлн сўмга етган. Шу давр мобайнида ЯҲМнинг саноат ва қурилиш соҳаси 50,1 фоиздан 73,3 фоизга ўсди.
Замонавий сервис ва маиший хизматларга бўлган талабни тўлиқ қондиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бозор хизматлари ҳажми 2 бараварга кўпайиб, 3,1 трлн сўмдан 9,2 трлн сўмга етди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсиш 21 фоиз, яъни 6,9 трлн сўмдан 16,1 трлн сўмга етди.
Кейинги олти йилда саноат соҳаси вилоятнинг драйверига айланди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,1 трлн сўмдан 84,1 трлн сўмга етиб, 31 фоизга ошди. Саноатда 148 та қазилма конлари ўзлаштирилиб, цемент хом ашёсидан фойдаланиш даражаси 2017 йилдаги 47,5 фоиздан 2022 йилда 52,5 фоизга, фосфорит – 2017 йилдаги 26,5 фоиздан 2022 йилда 83,4 фоизга, кварц – 2022 йилда 38,1 фоизга ҳамда мармар ва гранит хом ашёсидан фойдаланиш даражаси 2017 йилдаги 6,2 фоиздан 2022 йил якунида 72,6 фоизга етказилди. Натижада, ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 2017 йилда 46,0 фоиздан 2022 йилга келиб 69,3 фоизга ошди.
Охирги 6 йилда вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2,2 баравардан зиёдга, 2017 йилдаги 12 минг тадан 2022 йилда 26,2 минг тага етди. Бунда, 14,2 минг та янги хўжалик юритувчи субъектлар (шундан саноатда 2,4 минг та, қишлоқ хўжалигида 2,0 минг та, қурилишда 1,0 минг та, хизмат кўрсатишда 8,8 минг та) ташкил этилиб, тадбиркорлик субъектлари сони 2,2 бараварга ошди.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида 2017-2022 йилларда 794 км сув қувурлари ётқизилди. Бунда, марказлашган ичимлик сув таъминоти оғир бўлган Хатирчи туманида 262,2 км, Томди туманида 66,1 км, Қизилтепа туманида 247,4 км узунликдаги сув тармоқлари тортилиб, Хатирчи туманида марказлашган ичимлик сув таъминоти даражаси 10,2 фоиздан 38,5 фоизга, Томди тумани 20,6 фоиздан 39 фоизга етказилди.
Олти йил давомида Навоий вилоятида 213 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Бунда, 23 та маҳаллаларда (Хатирчи туманида 6 та, Навбаҳор туманида 5 та, Қизилтепа туманида 4 та, Нурота ва Кармана туманларида 3 тадан, Навоий шаҳрида 2 та) ишсизлар сонини кескин камайтиришга эришилди.
Шу давр мобайнида вилоятда 4 616 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 8,2 минг, мактабларда 22,5 минг ўринлар ва шифохоналарда 1,0 минг койкалар ташкил этилди. Мактабгача таълим ташкилотларига 45 минг нафардан ортиқ 3-7 ёшли болалар жалб қилиниб, қамров даражаси 81,9 фоизга етказилди.
Ғолибжон Турсунқулов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш