Ўзбекистонда автомобил бозорида савдо ҳажми қандай ўзгарди

Ўзбекистонда автомобил бозорида савдо ҳажми қандай ўзгарди

2021 йилнинг июль ойида аҳоли ўртасида автомобил олди-сотдиси бўйича шартномалар сони жорий йилнинг июнь ойига нисбатан 23,8% сезиларли камайганлигини кўрсатди.

Шунингдек, 2020 йил июль ойи билан таққослаганда, 16,2 %га ўсди.

Шу билан бирга, июль ойи кўрсаткичларини ўтган йилги кўрсаткичлар билан таққослаганда хулоса қилиш мумкинки, мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви сабабли жорий этилган бу йилги чеклов чоралари ўтган йилнинг июль ойида бутун мамлакат бўйлаб локдаун қилинишидан фарқли ўлароқ унчалик қаттиқ бўлмади. Ушбу чоралар талабнинг кескин даражада пасайиб кетишини олдини олишга ёрдам берди.

Биринчидан, ҳозирда ички автомобил бозорида харидорлар ва сотувчиларга нарх эмас, балки автомобилларни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар босим кўрсатмоқда.

Яримўтказгичларни етказиб бериш билан боғлиқ вазият (замонавий автомобилларда тобора мураккаб электроникани бошқариш учун ишлатиладиган компьютер чиплари) ёмонлашмоқда ва салбий тенденция давом этмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган глобал микрочипларнинг тақчиллиги автомобиллар етказиб бериш кутиш вақтини оширмоқда. Шу муносабат билан янги тузилган шартномалар бўйича айрим маҳаллий автомобилларни етказиб бериш фақат 2022 йилнинг февраль ойидан бошланади.

1-расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси

Бироқ, автомобиллар олди-сотдисининг энг катта пасайиши асосан иккиламчи бозорда кузатилди. Шундай қилиб, савдоларнинг ўтган ойга нисбатан камайиши иккиламчи бозорда 30,9%, бирламчи бозорда 9,3%ни ташкил этди.

Эҳтимол, бу янги автомобилни етказиб бериш вақтининг ошиши ва потенциал истеъмолчининг эски автомобилини янгисига алмаштириш имкониятининг чекланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

2-расм. 2021 йилда бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори

Ҳисобот даврида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони барча вилоятларда (Жиззах вилоятидан ташқари) мўътадил суръатлар билан камайди. Энг юқори пасайиш Тошкент (55,8%), Қашқадарё (24,7%), Навоий (19%) ва Фарғона (17%) вилоятларида қайд этилди.

2021 йил июль ойида 17,2 мингта янги автомобил рўйхатга олинди. Шундан 454 таси (2,7%) чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллардир.

Умуман, январь-июль ойларида республика бўйича 111,8 минг дона янги енгил автомобиллар сотилди, шундан, 5,1 минг донаси чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар.

Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (янги автомобилларнинг 11,6%), Тошкент (5,2%), Самарқанд (3,2%) ва Хоразм (2,3%) вилоятлари бўлди.

Ушбу даврда янги енгил автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 25,9 минг дона, шундан, 3 минг дона чет элда ишлаб чиқарилган, Тошкент – 11,8 минг дона (608 дона), Самарқанд – 9,95 минг дона (318) ва Хоразм – 7,7 минг дона (181) вилоятларида қайд этилди.

3-расм. 2021 йилнинг январь-июль ойларида маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси улуши

*Кўчмас мулк ва автомобил бозорларининг батафсил таҳлилини Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига мурожаат қилиш орқали олишингиз мумкин.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Бош илмий ходими

тел: (78) 150 02 02 (410)

Тадқиқот ҳақида саволларингиз бўлса, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Жамоатчилик билан алоқалар хизматига мурожаат қилинг.

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар