Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилларига кўра, 2024 йилнинг июнида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони пасайиб, жами 20,2 мингтани ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, кўчмас мулк бозори беқарорлик ва қисқа муддатли тебранишларга ишора қилмоқда. Хусусан, бир ой давомида фаоллик 6,4 фоизга пасайиб, икки ойлик ижобий динамиканинг ўрнини эгаллади. Таъкидлаш жоизки, май ойида сотувлар 9 фоизга, апрель ойида эса 11 фоизга ошган эди. Йил давомида сотувлар деярли 14 фоизга пасайди.
Умуман олганда, фаолликнинг тушиши мамлакат кўчмас мулк бозорининг ялпи секинлашганлигини акс эттиради.
Ҳудудий кўчмас мулк бозоридаги вазият
Ҳудудий кесимида, июнь ойида уй-жой савдосининг энг катта пасайиши Сирдарё (21%), Бухоро (20%) ва Андижон (16%) вилоятларида кузатилди.
Республиканинг аксарият ҳудудларида сотувлар умумий пасайишига қарамасдан, Тошкент шаҳрида ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Ҳисобот даврида пойтахтда фаоллик деярли 5 фоизга ўсган.
Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайди. Бу пасайиш айниқса, Навоий вилоятида сезиларли бўлиб, операциялар 26,5 фоизга қисқарди. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида 10,6 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, бир қатор ҳудудларда ижобий динамика қайд этилмоқда. Хусусан, 6 ой ичида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда энг кўп ўсиш Андижон вилоятида – 12,7%, Хоразм вилоятида – 8,3% ва Қашқадарё вилоятида – 6% қайд этилди.
Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият
Пойтахт ижара бозори май ойида бироз тикланишдан сўнг, яна пасайиш тенденцияси билан характерланди. Хусусан, Тошкентда ижара нархлари 1,2 фоизга пасайиб, бир квадрат метр учун 8,3 АҚШ долларни ташкил этди.
Шу билан бирга, йил бошидан ижара нархи 9,8 фоизга, ўтган йил мос даврига нисбатан 5,5 фоизга пасайган.
Ўтган йилга нисбатан ижара нархида энг сезиларли пасайиш Яшнобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилган бўлса (12 фоиздан юқори пасайиш), Юнусобод ва Яккасарой туманларида нархлар пасайиш суръати нисбатан пастроқ кузатилди - 8,3 фоиз.
Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархлари юқорилигича қолмоқда (бир квадрат метр учун ўртача 10,2 доллар). Нисбатан арзон ижара нархлари эса Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилиб, ўртача бир квадрат метр учун 6,4 долларни ташкил этади.
Иккиламчи уй-жой бозори
Июнда иккиламчи кўчмас мулк бозорида уй-жой нархлари ўсиш суръати секинлашди. Май ойида нарх ўсиши 1,3 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ойида ўртача 0,3 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, ўтган йил июнига нисбатан иккиламчи бозорда нархлар 10 фоизга кўтарилган.
Иккиламчи уй-жой сегментида уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм (18,1 фоиз), Бухоро (17,1 фоиз), Қашқадарё (16,7 фоиз) ва Тошкент вилоятида (16 фоиз) кузатилди.
Тошкентда эса иккиламчи бозордаги нархлар бир ойда 1,1 фоизга пасайди. Шайхонтоҳур (0,8%), Яккасарой (0,6%) ва Олмазор туманларида (0,3%) уй жой нархларида кичик ўсиш сақланиб қолган.
Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.
Жалолиддин Усмонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Тел.: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш