Ўзбекистон автомобил бозоридаги вазият таҳлили: 2024 йил август

Ўзбекистон автомобил бозоридаги вазият таҳлили: 2024 йил август

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобил бозоридаги вазиятни мунтазам таҳлил қилиб боради. Август ойи якунларига кўра, республикада автотранспорт воситаларининг умумий савдоси 9%га ўсиб, 111 минг донадан ошди. Йиллик фаоллик 25%га камайди.

Енгил автомобиллар сегментидаги вазият

Август ойида енгил автомобиллар савдоси 11%га ошиб, 102 минг донани ташкил этди, бу жорий йилнинг февраль ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Бироқ, ўтган йилга нисбатан енгил автомобиллар савдоси 24,6%га қисқаришда давом этди. Шундай қилиб, ойлик ўсишга қарамай, йиллик динамика заифлигича қолмоқда.

Енгил автомобилларни сотишнинг ҳудудий тенденциялари август ойида энг юқори ўсиш Сурхондарё, Фарғона ва Андижон вилоятларида мос равишда 54%, 25,4%ва 24,8%га қайд этилганини кўрсатмоқда.

Бирламчи автомобил бозоридаги вазият

Бирламчи енгил автомобил бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 22,4%га ошди, бу аввалги ойга нисбатан қарийб 7 мингтага кўпдир. Йиллик ҳисобда фаолият барқарорлашмоқда, июль ойида сотувларнинг пасайиши 12% даражасида бўлган бўлса, август ойида у атиги 1%ни ташкил этди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида сотув суръатларини ошириш тенденцияси давом этди. Хусусан, бундай автомобиллар савдоси 22%га ўсиш билан 34 мингтани ташкил этди. Йиллик ҳисобда 5% фаоллик ўсиши кузатилмоқда.

Хорижий енгил автомобиллари сегменти ўсиб бормоқда

Ўзбекистон бозорида хорижий енгил автомобиллар бозори ўсишда давом этди. Июль ойида ушбу сегментдаги сотувлар 9,6%га ўсган бўлса, август ойида ўсиш 25,6%дан ошди, бу аввалги ойга нисбатан 680 тадан ортиқ хорижий автомобилга кўпдир.

Шунга қарамай, фаолликнинг бундай ўсиши йиллик сотувларнинг пасайишини қопламайди, бу тахминан 38%ни ташкил этди.

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозори

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги вазият сотиш ҳажмининг йиллик пасайиши тенденциясини сақлаб, сотиш динамикасининг доимий ўсиши билан тавсифланади.

Хусусан, август ойида енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги фаоллик ўтган ойга нисбатан 5%га ошди. Ҳисобот даврида ушбу сегментда 64,6 минг дона автомобил сотилган. Умуман олганда, сотувлар йил давомида 33,7%га камайди.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Енгил электромобиллар сегменти сотувларнинг пасайишини кўрсатади. Сотувлар ҳажми 1,7 минг донани ташкил этди, бу аввалги ойга нисбатан деярли икки баравар кам.

Ҳудудлар бўйича 5 та ҳудудда сотувлар камайганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, умумий пасайишнинг 90%дан ортиғи пойтахт улушига тўғри келди, бу ерда сотувлар 66%га камайди.

Янги электромобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар бир ой давомида 53%га камайди, иккиламчи бозорда эса пасайиш 37%ни ташкил этди. Йиллик ҳисобда фойдаланилган электромобиллар савдоси 20%га ошди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар