Ўзбекистон кўчмас мулк бозори - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларида

Ўзбекистон кўчмас мулк бозори - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларида

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида пасайиш тендецияси кузатилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилига кўра, сентябрь ойида рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони август ойига нисбатан 4,2%га камайиб, 21,2 мингтани ташкил этган.

Йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли пасайиб, ўтган йилнинг сентябрь ойига солиштирганда уй-жой савдоси билан боғлиқ шартномалар сони 9%га камайган.

2024 йилнинг учинчи чорагида йил давомида уй-жой савдоси 13%га камайиб, 66,5 мингтани ташкил этди.

Ҳудудий динамика

Сентябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимлари сонида энг катта пасайиш Жиззах, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида мос равишда 20%, 14% ва 13%га қайд этилди.

Учинчи чорак якунларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик Тошкент (25,7%), Бухоро (24,3%) ва Наманган вилоятларида (18,7%) нисбатан сезиларли даражада пасайган.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

Жорий йилнинг сентябрь ойида республика бўйича иккиламчи бозор уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,1%га ўсиш).

Йил давомида иккиламчи бозорда 1 кв.м. учун ўртача уй-жой нархи 6,7%га ошди.

Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Хоразм (19,5%), Бухоро (12,5%) ва Самарқанд (10%) вилоятларида кўтарилган.

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар 1%га пасайди.

Энг катта пасайиш Мирзо-Улуғбек - 2,5% ва Юнусобод - 2,4% туманларида кузатилди. Пойтахтнинг яна иккита туманида нархлар ошди - Яккасаройда - 1,1% ва Шайхонтоҳурда - 0,3%.

Йиллик ҳисобда Тошкентда иккиламчи уй-жойлар нархининг ўртача ўсиши 1,8%ни ташкил этди.

Уй-жой ижара бозори

Сентябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Ижара ўртача нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган – 1 кв. м. учун 8,3 долл. Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида ижара нархларида ўртача ўсиш қайд этилиши бозордаги вазиятнинг барқарорлашувидан далолат беради.

Пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан учтасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Ижара нархи Олмазорда - 14,6%, Учтепада - 7,4%, Бектемир туманида - 3,8%га пасайган. Шунингдек, нархларнинг энг катта ўсиши Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, туманларда ижара нархи ўртача 7%га ошди.

Тошкент шаҳри туманлари кесимида ижара нархидаги фарқлар кескин ўзгармаган. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқори бўлиб, ижара нархи 10 доллар атрофида.

Бектемир ва Сергели туманларида ижара нархлари нисбатан арзон шаклланиб, кв.м. учун ўртача 6 долларни ташкил этди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархлари бугунги кунга нисбатан, ўртача 8,4%га юқори. Бу эса бозорнинг ушбу сегментида умумий пасайиш тенденцияси сақланиб қолинаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яшнабод (16,2%), Олмазор (12,2%) ва Яккасарой (11%) туманларида кузатилди.

Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар