Коронавирус пандемияси кичик бизнесга қандай таъсир қилди?

Коронавирус пандемияси кичик бизнесга қандай таъсир қилди?

Коронавирус пандемияси салбий таъсири кичик бизнесни четлаб ўтаётгани йўқ. Ўзбекистонда 250 мингга яқин кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 60%дан ортиғи ўз фаолиятини бошлаганига 3 йилдан кўп вақт ўтган. Уларда умумий кичик бизнесда бандларнинг 81% фаолият юритади. Табиийки, мисқоллаб тўпланган обрў ва узоқ муддатда эришилган натижаларни бир кунда йўқотилишининг олдини олиш зарур.

Коронавирус пандемиясининг кичик бизнесга таъсир қилиш каналлари

Коронавирус пандемияси иқтисодиётга, айниқса, кичик бизнесга ҳам талаб ва ҳам таклиф каналлари орқали таъсир этади.

Таклиф томонидан таъсирнинг бир кўриниши бу корхоналарда ишчи кучи таклифининг камайиб кетишидир. Аниқроғи, боғча ва мактаблар ёпилиши натижасида болали оилалар, ўзлари ёки оила аъзоларида касаллик аниқлангани туфайли ишга қатнолмайди. Таклиф каналининг бошқа кўриниши бу таъминот занжирлари узилиши натижасида эҳтиёт қисмлар ва оралиқ истеъмол товарларининг етиб келиши чекланиши ҳисобланади. Карантин шароити жорий этилган жойларда эса ишлаб чиқариш қувватларини етарли даражада сафарбар этиш имкони бўлмайди.

Талаб томонидан таъсирнинг асосий кўриниши бу аҳоли даромадларининг кескин ва тўсатдан тушиб кетиши натижасида кичик бизнес субъектлари томонидан етказиб бериладиган товар ва хизматларга талабнинг пасайиб кетиши сифатида намоён бўлади. Бошқа тарафдан эса касаллик юқиши ва юқори даражадаги ноаниқликдан хавфсираш ҳисси (даромад манбайи сақланиб қолган ёки жамғармалари етарли аҳоли ичида) сарф-харажатларнинг чекланишига олиб келади.

Маълумот таъриқасида: Италияда пандемия таъсирида талабнинг кескин камайиши ва етказиб берувчилар билан алоқаларнинг узилишидан зарар кўрган фирмалар улуши 72%ни ташкил этган. Уларнинг учдан бир ўз тушумларининг 15%дан кўпроққа қисқаришини тахмин қилмоқда (20% эса 5-15%га). Энг кўп зарар кўрган тармоқлар қаторига транспорт (98%), туризм (90%), мода саноати (80%), озиқ-овқат саноати (78%) киради.

Бундай ҳолатлар корхоналарда кучли ликвидлик танқислигини келтириб чиқаради, яъни масофадан туриб ишлайдиган ишчиларга ёки ишламаган тақдирда ҳам маоши сақланиб қоладиган ишчиларга корхоналар иш ҳақини тўлашга қодир бўлмай қолади.

Маълумот таъриқасида: Белгияда 75% фирмалар тушумларига путур етганлигини билдиришган ва 50%дан ошиқ кичик фирмалар ижара, ойлик маошлар каби тўловларни ўз вақтида амалга ошира олмасликларини айтиб ўтишган.

Таъкидлаш жоизки, вируснинг таъсири молия бозорларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Яъни, ноаниқ ҳолат ва келажакдаги риск даражасининг ошиб кетиши натижасида банклар томонидан кредитлар берилиши нисбатан камаяди. Бу эса катта ва кичик фирмаларнинг инвестицион фаолиятига салбий таъсир қилади. Бу ҳолат паст даражада мослашувчан бўлган кичик корхоналарга нисбатан жиддийроқ таъсир қилади. Бошқача қилиб айтганда, кичик бизнес вакиллари катта корхоналарга қараганда маневр қилиш учун етарлича катта маблағларга эга эмасликлари, суғурта ва молиялаш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари нисбатан чекланганлиги туфайли "ижтимоий изоляцияланиш" ҳолатларига нисбатан кўпроқ таъсирчан бўлади.

Одатда кичик бизнес вакиллари ташқи етказиб берувчиларга камроқ эҳтиёж сезади. Аммо шундай корхоналар борки, улар баъзи вирус кенг тарқалган давлатлардан хом ашё ёки технологиялар импорт қилишга эҳтиёж сезади. Ана шу корхоналар пандемия пайтида кўпроқ зарар кўради. Бундан ташқари, бу фирмалар учун алоқалар занжири узилган тақдирда уларнинг қайта тикланиши жуда қийин кечади.

Маълумот таъриқасида: Корея Республикасида 72% кичик ва ўрта бизнес вакиллари вирус оқибатларидан зарар кўрганларини билдиришган. Уларнинг ярмидан кўпи Хитойдаги фабрикалар ёпилиши натижасида ўз буюртмаларини вақтида бажара олмаганликларини айтишган. Бу аҳволда 42% фирма бизнесни уч ойдан ошиқ ва 70% фирма 6 ойда ошиқ иш фаолиятида ушлаб туриш имконияти йўқлигини билдирган.

Глобал даражада талабнинг пасайиши ҳам кичик бизнес вакилларига сезиларли таъсир ўтказиши мумкин. Масалан, туристлар оқимининг камайиши бу соҳадан даромад кўрувчи туташ транспорт, мода, умумий овқатланиш ва миллий ҳунармандчилик каби соҳаларга ҳам жиддий зарар етказади. Кўпчилик мамлакатларида корхоналар сони, қўшимча қийматнинг яратилиши ва бандликнинг асосий улуши кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келиши сир эмас. Бироқ, чегараларнинг ёпилиши оқибатида таъсир кўрган сайёҳлик ва транспорт соҳалари, шунингдек, вақт омили муҳим саналган мода саноати ва озиқ-овқат соҳасида кичик бизнеснинг улуши жуда юқори.

Шу билан бирга, кичик ва ўрта корхоналар ташқи шоклар келтириб чиқарадиган ортиқча харажатларга камроқ бардошли ва мослашувчан бўлади. Уларнинг санитария харажатларини ошириш, шунингдек, онлайн иш режимига ўтиш, рақамлаштириш ва янги технологияларни қўллашда имкониятлари чекланганлиги ҳам янги муаммолар келтириб чиқаради.

Умумий маънода, пандемия шароитида кичик бизнес олдида турган тўсиқларни қуйидагича гуруҳлаш мумкин:

  • ишчи кучи тақчиллиги (ўзи ёки яқинлари касалликка чалинган ишчилар, боғча ёшидаги болали ота-оналар, узоқ жойларда яшовчи ишчилар ишлай олмасликлари сабабли);
  • таъминот занжири узилиб қолганлиги (ихтисослашиш кучли ва қўшилган қиймати катта бўлмаган фирмаларда);
  • маҳсулотларга ташқи ва ички талаб пасайганлиги (талаб эластиглиги юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар учун);
  • ликвидлиликнинг чекланиб қолганлиги (маневр учун маблағи етарли бўлмаган корхоналар учун);
  • кредитлар берилиши камайганлиги (ноаниқлик даражаси ошганлиги сабабли);
  • ҳамкорлар билан алоқа занжири қайта тикланмайдиган даражада узилиши (ўзининг чет элда жойлашган таъминотчилари олдида бир ёки икки марта буюртмаларидан воз кечган фирмалар улар учун ўз обрўйини йўқотиши мумкин);
  • янги (рақамли) технологияларни қўллашда имкониятлар чекланганлиги (қурилиш, таъмирлаш, саноат ишлаб чиқариш, транспорт, маиший хизмат каби жисмоний иштирокни талаб қилувчи фаолият турлари учун).

Ўзбекистонда кичик бизнеснинг ҳолати

Ўзбекистонда кичик бизнес сектори товар ва хизматларнинг ярмидан кўпини ишлаб чиқариши ва ишчи кучининг тўртдан уч қисмини банд қилиб турганлиги билан аҳамиятли. 2019 йилда кичик тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши 56,5%ни ташкил қилган. 2020 йилнинг январь-март ойларида эса бу кўрсаткич 46%ни ташкил этган.

Ҳудудлар бўйича кичик тадбиркорликнинг Ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2019 йилда энг кўп Жиззах (84,1%), Наманган (79,2%), Сурхондарё (78,2%), Самарқанд (77,5%) ва Бухоро (75,7%) вилоятларида кузатилади. Ҳар 1000 аҳолига нисбатан олганда эса энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (28,8 та), Навоий вилоятида (18,1 та), Сирдарё вилоятида (17,9 та), Жиззах вилоятида (15,6 та), Тошкент ва Бухоро вилоятларида (14,9 та), Фарғона вилояти (12,2 та) кузатилади.

2020 йилнинг январь-март ойларига келиб кичик тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига:

саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг 28,7%;

– ўзлаштирилган умумий инвестициялар ҳажмининг 54,6%;

қурилиш ишлари умумий ҳажмининг 72,3%;

– республика жами хизматлар ҳажмининг 52,1%;

чакана товар айланмаси умумий ҳажмининг 85%;

– умумий экспорт ҳажмининг 27,4%;

– умумий импорт ҳажмининг 58,1%;

– жами автомобил транспорти юк айланмасининг 77,4% (2019 йил);

– умумий йўловчи айланмасининг 94,9% тўғри келади (2019 йил).

Хизматлар соҳасини турлари бўйича таҳлил қилинганда, 2019 йилда энг юқори хизмат ҳажми савдо хизматларида 42478,0 млрд. сўмни, транспорт хизматларида 25620,1 млрд. сўмни, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматларда 4831,7 млрд. сўмни, яшаш ва овқатланиш хизматларида 4621,6 млрд. сўмни, бошқа шахсий хизматларда 4420,9 млрд. сўмни, ижара хизматларида 3575,3 млрд. сўмни ташкил этган.

Бугунги кунга келиб рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларининг катта қисми ўз фаолиятини тўхтатган. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда карантин муддатининг 60 кунга чўзилиши кичик бизнес корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг йиллик ҳисобда 11%га камайишига ва тегишли равишда, уларнинг даромадларининг ҳам шунчага камайишига олиб келиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон кичик бизнес секторининг аҳамиятли тарафларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • ЯИМнинг ярмидан кўпи ва иқтисодиётда бандларнинг тўртдан уч қисми кичик бизнес вакиллари ҳисобига тўғри келади;
  • кичик бизнесга бутунлай боғланиб қолган ҳудудлар сони кўп (жумладан, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро);
  • иқтисодиётга инвестицияларнинг деярли ярми улар ҳисобига тўғри келади;
  • чакана товар айланмаси, транспорт ва қурилиш фаолиятларининг асосий қисми улар томонидан амалга оширилади;
  • жами экспортнинг учдан бир қисмини улар амалга оширади;

Ҳозирга келиб кичик бизнес корхоналарининг кўпчилиги ўз иш фаолиятини тўхтатганидан келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарлар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • аҳолининг катта қисми ўз даромад манбайидан айрилиш хавфи (асосан, транспорт, қурилиш, ноозиқ-овқат товарлар савдоси соҳасида банд бўлганлар ичида);
  • асосан Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида камбағаллик даражасининг ошиб кетиш ва талабнинг тушиб кетиш хавфи;
  • инвестициялар ҳажмининг тушиб кетиш хавфи;
  • экспорт ва валюта тушумларининг тушиб кетиш хавфи.

Кичик бизнесни пандемия шароитида қўллаб-қувватлаш бўйича жаҳон тажрибаси

Бир қатор мамлакатлар тўғрида-тўғри кичик корхоналарга йўналтирилган иш вақтини қисқартириш, вақтинча ишдан бўшатиш ва касаллик таътилига чиқариш каби чора-тадбирлар жорий этмоқда. Шунга ўхшаб, ҳукуматлар вақтинча ишдан бўшатилган ишчиларга тўғрида-тўғри ёрдам ёки компанияларга иш ўринларини сақлаб қолишлари учун кўмак қўрсатмоқдалар. Кўп ҳолатларда, мамлакатлар ўз-ўзини иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни жорий этишмоқда.

Ликвидликни таъминлаш мақсадида кўп мамлакатлар солиқлар, ижтимоий тўловлар, қарзлар, ижара ва коммунал тўловларни кечиктириш чораларини кўрмоқдалар. Баъзи ҳолларда солиқни камайтириш ёки қарзни тўлашга мораторий жорий этиш чоралари ҳам қўлланилмоқда. Шунингдек, баъзи давлатлар давлат харидлари ва тўловларини кечиктириш тартиблари билан боғлиқ чораларни тадбиқ этмоқда.

Таъкидлаш керакки, баъзи давлатлар, тижорат банкларига кичик ва ўрта бизнесга кредит беришни кенгайтириш учун кредит кафолатларини тақдим этишни кенгайтирмоқда ва бунинг йўл-йўриғини соддалаштирмоқда.

Давлат муассасалари орқали кичик бизнес субъектларига тўғридан-тўғри кредитлар беришни кўзда тутувчи сиёсатлар ҳам ўрин олган.

Бир неча давлатлар кичик ва ўрта бизнес корхоналарига тушумларнинг кескин пасайишини олдини олиш учун грантлар ва субсидиялар ажратмоқда.

Чекловлар шароитида янги бозорлар ва савдо каналлари топиш орқали фаолиятни давом эттириш учун янги ишлаш тизимларини ва янги (рақамли) технологияларни жорий этишга кўмаклашмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу чора-тадбирлар, бир тарафдан, қисқа муддатли муаммоларни шошилинч ҳал қилишга қаратилган, бошқа тарафдан эса уларнинг узоқ муддатда барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилишни кўзда тутган.

Баъзи давлатлар кичик бизнес корхоналарига йўналтирилган давлат сиёсатини доимий тарзда яхшилаб бориш мақсадида тадбиқ этилган чора-тарбирлар самарасини мониторинг қилиш тизимларини жорий этишган.

Кичик бизнесни ривожлантириш чора-тадбирларини шартли равишда қуйидаги йўналишларга бўлиш мумкин:

  • ишчиларни қўллаб қувватлаш (иш вақтини қисқартириш, вақтинча ишдан бўшатиш ва касаллик таътилига чиқариш);
  • тўловларни кечиктиришга имкон яратиш (солиқлар, ижтимоий тўловлар, қарзлар, ижара ва коммунал тўловларни кечиктириш);
  • кредит беришни кенгайтириш ва тўлов қобилиятини кафолатлаш (шу жумладан фоизсиз кредитлар бериш);
  • грант ва субсидиялар ажратиш;
  • янги (рақамли) технологияларни қўллашда кўмаклашиш.

Булардан энг кўп қўлланилаётган механизмлар қаторига иш ҳақи субсидиялари, фойда ва даромад солиғини ва қарзларни тўлашни кечиктириш, қарздорликни кафолатлаш ва тўғридан-тўғри (фоизсиз) қарз беришлар киради.

Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган:

  • тижорат банклари томонидан туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн сўмлик қарздорликларни тўлаш бўйича кечиктиришни (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш; хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратиш.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлик субъектларига кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун кафиллик ва компенсациялар тақдим этиш ҳажмларини оширишга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси капиталлашувини 500 млрд сўмгача ошириш.
  • 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаш.
  • карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатиш.
  • ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан ва ижтимоий солиқ бўйича — уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этиш.
  • лойиҳалар сонидан қатъий назар, ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик қилиш.
  • тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этиш.

Ўзбекистонда кичик бизнесни янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар

Юқоридаги таҳлилдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон шароитида пандемия оқибатларини кичик бизнесга таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар таркибига қуйидагиларни киритиш ўринли:

  • иқтисодиётда кичик бизнес субъектлари маҳсулотларига талабни етарли даражада ушлаб қолинишини таъминлаш мақсадида асосан Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида кичик бизнес ишчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш;
  • транспорт ва ноозиқ-овқат товарлар савдоси (айниқса, компьютер ва алоқа воситалари) соҳаларини саноат ишлаб чиқариш ва таъмирлаш соҳалари каби дезинфекция қоидаларига амал қилган ҳолда фаолиятини қайта тиклашга имкон яратиб бериш чораларини кўриш;
  • банклар томонидан фаолият юритаётган корхоналарга фоизсиз ёки давлат кафолати остида кредитлар ажратиш масаласини кўриб чиқиш (янги ташкил этилаётган корхоналар бундан мустасно);
  • экспорт қилувчи кичик фирмалар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қўвватлаш;
  • масофадан туриб ишлаш мумкин бўлган фаолият турларини (бизнес консалтинг, банк ва молия, суғурта, савдо) техник ва технологик жиҳатдан қўллаб-қўвватлаш ва рақамли технологиялар, интернет қамровини кенгайтириш чора-тадбирларини кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими Бахтишод Хамидов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар