2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 6,7 млн долларни ташкил этди. Шундан 1,4 млн доллари экспорт, 5,3 млн доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистоннинг Қатарга экспорт таркибини асосан мисдан ясалган буюмлар (580 минг доллар), қурилиш материаллари (110 минг доллар), тўқимачилик маҳсулотлари (70 минг доллар) ва бошқа саноат товарлари (680 минг доллар) ташкил этган. Импорт таркибида эса нефть маҳсулотлари ва углеводородлар устун бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,4 млн долларни ташкил этган.
Инвестициявий ҳамкорлик
2023 йилда амалга оширилган ўзаро ташрифлар доирасида умумий қиймати 12 млрд долларга тенг бўлган 24 та икки томонлама келишув имзоланди. Улар орасида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Қатар Инвестиция агентлиги (QIA) ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув алоҳида аҳамиятга эга. Муҳим қадам сифатида, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлайдиган «Ўзбекистон – Қатар» қўшма бизнес кенгаши ташкил этилди.
2025 йил март ойида Ўзбекистон Қатар билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Ушбу битим савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва қўшма корхоналарни ташкил этишни назарда тутади. Шунингдек, келишувлар доирасида 2026 йилда Доха шаҳрида миллий «Made in Uzbekistan» кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.
Аниқ лойиҳалар қаторига фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, электробуслар ишлаб чиқариш заводини қуриш, “ақлли” шаҳар туманлари концепциясини ривожлантириш, шунингдек, фойдали қазилма бойликларни қўшма тарзда қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ишлари киради. Асосий ҳамкорлар қаторида Qatar Pharma, Tamam International, Al Mana Group, Ariane Real Estate, Petro White, Qatar Mining, Qatar Investment Authority ва бошқалар бор.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида савдо ҳажмини ошириш учун катта салоҳият мавжуд.
Айниқса, қуйидаги йўналишларда экспортни кенгайтириш бўйича юқори имкониятлар мавжуд: электротехника маҳсулотлари (Қатарнинг йиллик импорти — 2,9 млрд доллар), тўқимачилик маҳсулотлари (1,1 млрд доллар), пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар (639 млн доллар), мис ва мисдан ясалган буюмлар (460 млн доллар), мевалар ва ёнғоқлар (364 млн доллар), сабзавотлар (262 млн доллар), туз ва олтингугурт (217 млн доллар), тамаки ва тамаки маҳсулотлари (41 млн доллар) ҳамда руҳ (16 млн доллар).
Ўзбекистон геологик қидирув ва қазиб чиқариш ишларини кенгайтиришни ўз ичига олган нефть-газ соҳасига Қатар инвестицияларини жалб этишдан манфаатдор. Шунингдек, саноатни модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳаларида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш муҳим йўналишлардан ҳисобланади.
Энергетика соҳаси стратегик ҳамкорликнинг муҳим бўғини сифатида истиқболли йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Қатар капитали иссиқлик ва атом электр станциялари, шунингдек, қайта тикланадиган энергия (ҚТЭ) манбалари соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришга йўналтирилиши мумкин.
Бу йўналиш айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда, чунки 2030 йилга қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 15 ГВт бўлган иссиқлик электр станциялари, 9,5 ГВт ли буғ-газ қурилмалари, 3,2 ГВтли энергия сақлаш тизимлари, 27 ГВт ҳажмдаги ҚТЭ манбалари объектлари ҳамда 2,1 ГВтли атом электр станциялари қурилишини назарда тутувчи йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Молиявий ҳамкорлик
Исломий молиялаштиришни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда Қатар банкларининг филиалларини очиш режалаштирилган бўлиб, бу замонавий молиявий инструментларни жорий этиш ва Форс кўрфази давлатларидан капитал жалб қилиш имконини беради. Шу билан бирга, активлари 475 млрд доллардан ортиқ бўлган Qatar Investment Authority (QIA) имкониятлари мамлакат иқтисодиётига инвестициялар оқимини сезиларли даражада ошириш учун катта салоҳият яратади.
Қатар иқтисодиёти
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йилда Қатар иқтисодиётининг асосий қисмини саноат (55,9%) ва хизмат кўрсатиш (43,8%) соҳалари ташкил этди, қишлоқ хўжалиги улуши эса атиги 0,3%ни ташкил қилди. Ишсизлик даражаси 0,1% бўлиб, аҳолининг 40%и саноатда, 59%и эса хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилади.
2024 йилда Қатарнинг ташқи савдо ҳажми 130 млрд долларга етди, шундан 95 млрд доллари экспорт ҳиссасига тўғри келади. Нефть қазиб чиқариш ҳажми кунига 1,3 млн баррелдан ошиб кетади. Қатар дунёдаги энг йирик 15 та нефть экспорт қилувчи давлатлар қаторига киради, нефть захиралари бўйича 13-ўринни, табиий газ захиралари бўйича эса 3-ўринни эгаллайди.
Углеводород сектори Қатар иқтисодиётига 81,4 млрд доллар (ЯИМнинг 37,2%) ҳисса қўшган. Шу билан бирга, мамлакат қуёш энергетикасини жадал ривожлантирмоқда — 2035 йилга қадар унинг қувватини 5 ГВтга етказиш режалаштирилган. Туризм ҳам иқтисодиётнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилиб, 2030 йилга бориб унинг ЯИМдаги улуши 12%га етказилиши кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши икки томонлама муносабатларнинг амалий босқичга ўтганини кўрсатади. Энергетика, саноат ва молия соҳаларида ривожланиб бораётган лойиҳалар иқтисодий ҳамкорликни янада барқарор кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш