Ўзбекистон БРМга эришиш учун Комплекс молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон БРМга эришиш учун Комплекс молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқмоқда

«Давра суҳбати» ҳукумат ҳамда ҳамкорлар билан Ўзбекистон учун БРМнинг Комплекс молиялаштириш стратегиясини ривожлантириш ва режалаштиришга доир асосий миллий устуворликларни такомиллаштиришни муҳокама қилиш учун замин яратди.

БРМга эришиш, жумладан 2030 йилга қадар сайёрамиздаги барча одамлар учун тинчлик ва фаровонликни таъминлаш учун сезиларли ҳажмдаги давлат ва хусусий инвестициялар талаб этилади. Шу билан бирга, БРМни молиялаштириш 12 триллион АҚШ доллари ҳисобига бозор имкониятларини яратиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш чораларини амалга ошириш ҳисобига 2030 йилгача 380 миллион янги иш ўринларини яратиш ва қарийб 26 триллион АҚШ долларини тежаб қолиш эвазига иқтисодиёт учун салмоқли фойдани таъминлаб бериши мумкин.

Ривожлантиришни молиялаштириш бўйича ўтказилган баҳолашга кўра, Ўзбекистонга миллий БРМга эришиш учун ҳар йили камида 6 миллиард АҚШ долларига тенг қўшимча инвестициялар зарур. Ташқи шокни ва CОВИД-19 таъсирини енгиб ўтиш учун қарийб 4 миллиард АҚШ доллари ёки 7 фоиз ЙИМ миқдоридаги қўшимча ташқи молиялаштириш талаб этилади.

Ўзбекистондаги БМТТД мамлакатда режалаштириш жараёнларини кучайтириш ҳамда барқарор ривожланишни молиялаштириш соҳасида мавжуд тўсиқларни енгиш мақсадида БРМнинг Комплекс молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқа бошлади. Мазкур стратегия БРМга эришишни тезлаштириш учун молиявий оқимларни тўғри тақсимлашда ҳукуматга ёрдам кўрсатишга йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўзининг кириш нутқида таъкидлаганидек, “ўзгариб бораётган молиявий ландшафт молиялаштириш вазифани қийинлаштириб, молия оқимлари ва бошқа воситаларнинг фаол марказлашган бошқарувига оид стратегик ёндашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Молиялаштириш воситаларининг чекланганлиги билан боғлиқ муаммолар ечимининг самарали механизмларидан бири бутун молия тизимининг барқарор инвестициялар билан қай тариқа боғлиқ бўлишини аниқлаштириш имконини берадиган кенг қамровли стратегияни ишлаб чиқишдан иборат”.

БМТТД Доимий вакили Матилда Димовсканинг таъкидлашича, «БМТТД ҳукуматларга Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясини яратишда глобал даражада кўмак бера бошлади. Бу ишлар 60 дан ортиқ мамлакатда олиб борилаётган бўлиб, Ўзбекистон ҳам улардан биридир. Комплекс миллий молиялаштириш стратегияси, бу – режалаштириш ва молиялаштириш жараёнларининг мувофиқлашувини таъминлашга, барқарор ривожлантириш мақсадларига қўшимча ресурсларни сафарбар эти шва йўналтиришга, шунингдек мониторинг ва бошқарувнинг самарали механизмларини яратишга ёрдам беради».

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (Марказ) директори Обид Ҳакимов ўз нутқида ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини молиялаштиришга комплекс ёндашувнинг аҳамиятини қайд этиб ўтди.

"Ўзбекистон "иқтисодий ислоҳотларнинг иккинчи авлоди" деб номланган босқичга кирганлиги сабабли, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари Ўзбекистонда инклюзив ўсиш кун тартибини мустаҳкамламоқда. Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳукумати ривожланиш мақсадларини, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, инфратузилма ва молиявий имкониятларни аниқлаш учун БРМни тўлиқ қабул қилди", - деди Марказ раҳбари.

Хулосада, Обид Ҳакимов "ҳозирги лойиҳа - Ўзбекистон учун интеграциялашган молиявий стратегияни ишлаб чиқиш - БРМга эришиш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаши мумкин", деб таъкидлади. У Ўзбекистондаги кўплаб жорий молиявий ислоҳотларни барқарор ривожланишни молиялаштиришнинг энг стратегик усуллари устуворлигини аниқлашга ёрдам берадиган ягона комплекс тузилмага бирлаштиради. Лойиҳа турли хил молиявий оқимларга ва манфаатдор томонларнинг қиёсий афзалликларига мувофиқ миллий мақсадларга эришиш учун сафарбар қилиниши керак бўлган давлат ва хусусий молиялаштиришнинг турли оқимларига стратегик раҳбарлик қилади.

БМТТДнинг БРМ соҳасида молия бўйича мутахассиси Тим Строусон Ўзбекистонда қандай усуллар ва воситалар қўлланилиши мумкинлигини аниқлаштириш учун Комплекс молиялаштириш стратегиясини яратишда алоҳида давлатларнинг илғор тажрибасини тақдим қилди.

БМТТД халқаро эксперти Нелсон Страттнинг айтишича, «Комплекс молиялаштириш стратегияси ҳукуматга тегишли давлат ва хусусий молиялаштириш орқали қўллаб-қувватланган узоқ муддатли ва ўрта муддатли ислоҳотларни, жумладан янги ва инновацион молиявий ечимларни мувофиқлашган ҳолда амалга ошириш имконини беради. Ушбу Стратегияда шунингдек унинг амалга оширилишини мониторинг ва таҳлил қилишга оид тегишли воситалар, шунингдек бошқарув ва мувофиқлаштиришнинг янгича механизмлари ҳам белгиланиши керак».

Анжуман ривожлантиришни молиялаштириш жараёнида иштирок этувчи барча манфаатдор томонларнинг бирлашувига ҳамда мамлакатни барқарор ривожлантиришнинг узоқ муддатли устуворликларини, мамлакатга хос муаммоларни, давлат томонидан молиялаштириш имкониятлари ва БРМни молиялаштириш стратегиясидан кутилаётган натижаларни белгилаш соҳасида мулоқотни ташкил этишга хизмат қилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон учун БРМнинг Комплекс молиялаштириш стратегиясини яратиш соҳасидаги кенг кўламли ишларнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу фаолият доирасида ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этувчи йирик давлат, хусусий ва халқаро ташкилотлар билан маслаҳатлашиш тадбирлари ўтказилади. Учрашувлар чоғида янги молиявий ечимлар ва ресурсларни сафарбар қилиш усуллари қаторида мавжуд молиявий воситалардан янада самарали фойдаланишни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.

***

Ташаббус БМТТД томонидан Халқаро фавқулодда болалар жамғармаси (УНИCЕФ), Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноят бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ) билан ҳамкорликда бошқариладиган «Ўзбекистонда Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясини яратиш» БМТ Қўшма дастури доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа жорий ислоҳотларнинг тараққиётга таъсирини имкон қадар ошириш учун Комплекс миллий молиялаштириш стратегиясини яратишда ёрдам кўрсатишга йўналтирилган. Дастур БРМ Қўшма жамғармаси томонидан, шунингдек қуйидаги донор-мамлакатларнинг бадаллари ҳисобига молиялаштирилади: Дания, ЙИ, Германия, Ирландия, Люксембург, Монако, Нидерландия, Норвегия, Португалия, Испания, Швеция ва Швейцария.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар