Ижтимоий ҳимоя ва ҳар бир фуқарога эътибор – камбағаллик билан курашнинг асоси сифатида

Ижтимоий ҳимоя ва ҳар бир фуқарога эътибор – камбағаллик билан курашнинг асоси сифатида

“Ўзбекистонда халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги” доирасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликдаБарқарор ривожланиш йўлида ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни камайтиришнинг ролимавзусида халқаро “давра суҳбати” бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган камбағаллик билан кураш сиёсатининг асосий принципи, яъни, ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолмаслиги тамойилига урғу берилди. Иштирокчилар ҳукумат олдида турган янги мақсад ва вазифалар, шунингдек, халқаро молия институтларининг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги илғор жаҳон тажрибасига асосланган тавсияларини муҳокама қилдилар.

Муҳокама давомида Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашнинг асосий йўналишлари ва кўп ўлчовли камбағаллик индексининг мақсадли сиёсат ва ижтимоий барқарорликнинг стратегик воситаси сифатидаги аҳамияти каби муҳим мавзулар кўриб чиқилди. Шунингдек, иштирокчилар камбағалликдан фаровонликка ўтиш масаласига тўхталиб, мавзуни болалар камбағаллиги ва уни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор берган ҳолда муҳокама қилдилар. Камбағал ва заиф гуруҳларни самарали таргетлаш ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишнинг муҳим мавзусига айланди.

Бундан ташқари, камбағалликни қисқартириш контекстида интеграциялашган кейс-менежмент ва ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича илмий маълумотлардан келиб чиқадиган хулосаларга эътибор қаратилди.

Ушбу тадбир фикр алмашиш ва замонавий муаммоларга самарали жавоб бера оладиган барқарор ижтимоий ҳимоя тизимини яратишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш учун аҳамиятли платформага айланди.

Буюк Британия Лордлар палатаси аъзоси Крис Реннард ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов тадбир модераторлари бўлдилар.

Тадбирда қуйидагилар иштирок этдилар: Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Ботир Зоҳидов; Оксфорд Камбағаллик билан кураш ва инсон тараққиёти ташаббуси (OPHI) директори профессор Сабина Алькайр; БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии; “Евроосиё дўстлари” консерватив ташкилоти асосчиси ва Британия парламентидаги Евроосиё мамлакатлари бўйича маслаҳатчи Бота Хопкинсон; ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эксперти Умид Алиев; Жаҳон банки тараққиёт иқтисодиёти эксперти, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёда камбағаллик муаммолари бўйича мутахассис Михаил Локшин; Озарбайжон Республикаси кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш агентлиги (KOBİA) бошқаруви раисининг ўринбосари Заур Гардашов; Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қошидаги Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти директори Хуршид Зафари; Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича мутахассиси Влад Александру Григораш, Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси, J-PAL Europeнинг сиёсат бўйича координатори Аранта Родригес-Урибе ва бошқалар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўз нутқида камбағалликка қарши курашнинг асосий йўналишлари ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ташаббусларни тақдим этди. Уларнинг асосийлари – сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш кабилардир.

2019-йилда Ўзбекистонинг аҳоли жон бошига ЯИМ 1800 АҚШ долларини ташкил этиб, қарийб 6 млн киши камбағаллик чегарасидан қуйида яшар эди. Ўша пайтдан бери ижтимоий ёрдам оладиган оилалар сони 500 000 дан 2023 йилга келиб 2.3 млнгача ошди, ижтимоий харажатлар эса 3.7 бараварга кўпайди. Қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида 1,7 млрд АҚШ доллари кичик кредитлар шаклида ажратилди, бу эса 977,6 минг оилавий тадбиркорлик ташаббусларига ёрдам берди. Дастур доирасида, шунингдек, 152 000 фуқарога умумий қиймати 52 млн долларлик субсидиялар ҳам ажратилди.

“Аёллар дафтари” ташаббуси 1,5 млн аёлларга, “Темир дафтар” ташаббуси эса 610 минг кишига ёрдам берди. 2021 йил бошидан буён мамлакатимизда камбағаллик даражаси сезиларли даражада – 17 фоиздан 11 фоизга пасайганни кузатилмоқда. Мақсадимиз ана шу ижобий тенденцияни давом эттириш ва 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини 5 фоизгача камайтиришдир.

2017-2024 йиллар орасида ўтган даврда ҳаётнинг турли жабҳаларида салмоқли ижобий ўзгаришлар юз берди. Ўртача иш ҳақининг реал ўсиши 47 фоизни ташкил этди, бу кўплаб одамларнинг молиявий барқарорлик яхшиланганидан далолат беради. 3-6 ёшли болаларни боғчалари билан қамраб олиш даражаси 25 фоиздан 70 фоизга, олий ўқув юртлари талабалари сони эса 9 фоиздан 40 фоизга ошди. Уй интернетидан фойдаланувчиларнинг улуши икки бараварга ошиб, 2023 йилда умумий аҳолининг 89 фоизига етди.

Марказ директори нисбатан қисқа вақт ичида камбағаллик кўламининг бундай сезиларли даражада қисқаришини “салмоқли ютуқ ва самарали ижтимоий сиёсат натижаси”, деб атади.

Ўзбекистондаги ислоҳотларга баҳо берар экан Оксфорд Камбағаллик билан кураш ва инсон тараққиёти ташаббуси (OPHI) директори профессор Сабина Алькайр “Ўзбекистоннинг кўп ўлчовли камбағаллик индексини яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларини намойиш этиш, шунингдек, бу индекс қаттиқ тежамкорлик нуқтаи назаридан самарадорликни ошириш ва монетар камбағаллик кўрсаткичларини тўлдиришга имкон берадиган ижтимоий хизматлар учун самарали восита бўлиши мумкинлигини тушунтириш ҳам жуда муҳимдир”, деб таъкидлади.

Жаҳон банкининг ривожланиш иқтисодиёти бўйича мутахассиси, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё камбағаллиги масалалари бўйича эксперти Михаил Локшин ислоҳотларнинг навбатдаги босқичига ўтар экан, иштирокчилар эътиборини “камбағал ва заифларни таргетлаш самарадорлиги” масаласига қаратди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, камбағаллик чегарасидан паст бўлган даромад ёки истеъмол даражаси орқали аниқланадиган монетар камбағаллик ташқи ўзгаришларга тез таъсирчан ва кўплаб давлат субсидиялари учун асос бўлиб хизмат қилади. Бироқ, у ҳақиқий яшаш шароитлари ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини акс эттирмаслиги мумкин. Шу билан бирга, кўп ўлчовли камбағаллик даромаддан ташқарига чиқувчи турли жиҳатларни қамраб оладиган янада кенгроқ тасаввурни таклиф этади, гарчи у янада кенгроқ маълумотлар тўплашни талаб қилса ҳам. “Ҳам кўп ўлчовли камбағаллик индексидан фойдаланиш, ҳам монетар кўрсаткичларидан фойдаланиш учта асосий кўрсаткич: камбағаллар сони, камбағаллик даражаси ва камбағаллик даражасининг интенсивлигини ҳисобга олган ҳолда камбағалликни янада тўлиқроқ тушунишга имкон беради”, - дея хулоса қилди Жаҳон банки эксперти.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эксперти Умид Алиев ўз чиқишида “ҳар қандай мамлакатда болалар камбағаллиги ҳар доим умумий камбағаллик кўрсаткичларидан юқори бўлади”, - дея қайд этди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, болалар камбағаллигининг билвосита салбий оқибатлари ҳам бор – булар психологик стресс ва соғлиқнинг ёмонлашиши, улар ота-оналаридан камроқ эътибор оладилар, натижада – мамлакатда инсон салоҳияти пасаяди. Шу билан бирга, ЮНИСЕФнинг баҳоларига кўра, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя чоралари самарали ишламоқда, сўнгги 3 йил ичида болалар камбағаллиги даражаси 7,8 фоиз пунктига қисқарди ва бу курс давом этиши керак, деб таъкидлади эксперт.

Тадбир давомида камбағалликни қисқартириш соҳасидаги фундаментал ишланмалар ва амалий тажрибалар, шу жумладан, Марказ томонидан ҳисобланган Кўп ўлчовли камбағаллик индексининг натижалари ҳам тақдим этилди.

Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ташаббуслар, умуман олганда, комплекс характердалиги ва камбағаллик билан боғлиқ асосий муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар