“Ўзбекистондан нигоҳ: Туркий маконда иқтисодий ҳамкорлик масалалари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати

“Ўзбекистондан нигоҳ: Туркий маконда иқтисодий ҳамкорлик масалалари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати

2024 йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Озарбайжон Республикаси Иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникациялар таҳлили маркази (CAERC) томонидан Туркий давлатлар ташкилоти котибияти билан ҳамкорликда тайёрланган «Туркий давлатлар иқтисодиёти» китоби муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Китоб кенг қамровли тадқиқот бўлиб, унда етти туркий давлатнинг 35 дан ортиқ етакчи олимлари минтақадаги иқтисодий вазиятни чуқур таҳлил қилишган. Давра суҳбати иштирокчилари иқтисодий тенденцияларнинг умумий кўриниши ва ҳар бир мамлакат учун сўнгги ўн йилликдаги аниқ кўрсаткичларнинг батафсил таҳлили билан танишдилар.

Давра суҳбатининг асосий мақсади – туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилиш, сўнгги ўн йилликдаги минтақадаги иқтисодий вазиятни таҳлил қилиш, экспертлар ва таҳлил марказлари ўртасида фикр алмашиш платформасини яратиш, "Туркий дунё. 2040 йилга нигоҳ" призмаси орқали иқтисодий ҳамкорликнинг институционал асосларини шакллантиришдан иборат.

Иқтисоий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов иштирокчиларни қутлар экан, ушбу китоб тадқиқотчилар, сиёсатчилар ва тадбиркорларга туркий макондаги иқтисодий жараёнлар динамикасини тушунишга ёрдам берадиган таҳлилларни тақдим этиб, илмий жамоатчиликка муҳим ҳисса қўшган.

Шунингдек, Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президентлари Илҳом Алиевнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш доирасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази делегацияси шу ойда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш учун амалга оширилмаган салоҳиятни ўрганиш мақсадида амалий ташриф билан Озарбайжон Республикасида бўлиб, 20 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиб чиққанини қўшимча қилди.

"Энди бизнинг таҳлил марказларимиз ҳамкорликнинг янада самарали механизмларини, шу жумладан, транспорт ва энергетика соҳаларида фаол иш олиб бормоқда", – деди О. Хакимов.

Сўнгра CAERC ижрочи директори, профессор доктор Вусал Гасимли иштирокчиларга мурожаат қилиб, "Туркий давлатлар иқтисодиёти" китобини ТДТ аъзолари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш учун йўл харитаси деб атади. Унинг таъкидлашича, ушбу нашр минтақамиз ва ундан ташқарида келажакни шакллантириш учун катта аҳамиятга эга.

"Бизнинг масъулиятимиз тез ўзгарувчан иқтисодий муҳитда иқтисодий интеграция ва барқарор ўсишни ўз ичига олган йўлни белгилашдир. Китобда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, савдо оқимлари механикаси ва ТДТ минтақасидаги йирик иқтисодий коридорларнинг мумкин бўлган таъсири очиб берилган", – дея қўшимча қилди у.

CAERC ҳузуридаги Туркий дунёни таҳлил қилиш маркази директори Вусала Жафарова иштирокчиларни «Гравитация модели» ва «График назарияси» каби асосий методологиялар, шунингдек, Зангезур коридорининг кўп томонлама савдога таъсири билан таништирди. Иштирокчилар «Туркий дунё: 2040 йилга нигоҳ» призмаси орқали иқтисодий ҳамкорликнинг институционал асослари билан танишдилар.

Тақдимот давомида қуйидаги асосий хулосалар тақдим этилди:

  • импорт қилувчи ва экспорт қилувчи ЯИМнинг савдога ижобий таъсири ТДТ мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ўзаро боғлиқликни тасдиқлайди ва савдо алоқаларини чуқурлаштириш учун иқтисодий ўсишнинг муҳимлигини таъкидлайди;
  • аҳолининг ўсиши қўшимча истеъмол бозорларини яратади, бу эса савдо ҳажмининг ошишига ёрдам беради;
  • савдо ҳажмини оширувчи омил сифатида умумий чегаранинг мавжудлиги географик яқинлик ва маданий ўхшашликнинг муҳимлигини кўрсатади, бу эса янада яқинроқ ҳамкорлик ва интеграция учун имкониятлар яратади.

Умуман олганда, CAERC тадқиқотининг натижалари туркий давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга стратегик ёндашув муҳимлигини таъкидлайди.

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, ТДТ мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти жуда катта. 2023 йилда аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларнинг умумий номинал ялпи ички маҳсулоти дунёнинг 1,7 фоизини (тахминан 1,79 трлн. долл.), харид қобилияти паритети (PPP) бўйича эса дунёнинг 3,1 фоизини (тахминан 5,7 трлн. долл.) ташкил этди. ТДТга аъзо мамлакатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 1,2 трлн. доллардан ошди.

2023 йил якунларига кўра Ўзбекистон Республикасининг ТДТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 10 млрд. долларни ташкил этди, шундан экспорт ҳажми 3,6 млрд долларни, импорт ҳажми 6,4 млрд долларни ташкил этди, бу эса 4,6 фоизга ўсишга тўғри келади. ТДТ мамлакатлари Ўзбекистон Республикаси умумий ташқи савдо айланмасининг 16 фоизини ташкил этди. Бу ТДТ давлатлари иқтисодиёти кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиришини, товар-хомашё биржаси ва саноат кооперациясининг кенгайиши иқтисодиётимизнинг янада жадал ривожланишига ҳисса қўшишини тасдиқлайди.

Тадбир давомида янада интеграциялашган ва ўзаро манфаатли иқтисодий макон яратиш учун аниқланган имкониятлардан янада фаол фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Давра суҳбати китобда келтирилган ғоялар ҳақида фикр алмашиш ва муҳокама қилиш, шунингдек, минтақанинг етакчи мутахассислари ва таҳлил марказлари ўртасида алоқа ўрнатиш учун платформага айланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар