Ўзбекистон ҳудудларидаги ишбилармонлик фаоллиги — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи (+Инфографика)

Ўзбекистон ҳудудларидаги ишбилармонлик фаоллиги — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи (+Инфографика)

Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 27 июннигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,3%га ошган.

Шу билан бирга, солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Фарғона (37,6% га), Сурхондарё (37,5% га), Самарқанд (35,9% га), Бухоро (35,9% га), Хоразм (35,2% га), Андижон (33,6% га) вилоятлари ва Тошкент (44,6% га) шаҳрида қайд этилди.

Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.

Таҳлил қилинган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 41,2%га ошди. Божхона тушумларининг энг юқори ўсиши Хоразм (77,9%га), Сирдарё (70,6%га), Андижон (61,3%га), Бухоро (56,3%га), Жиззах (49,8%га) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (68,0%га) кузатилди.

Божхона тушумларининг ўсиши ташқи солиқ солинадиган импорт ҳажми ва валюта курсининг ошиши, савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларининг ошириши, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 27 июнга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,4%га ошган. Товарлар экспорти ҳажмининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (61,6%га), Навоий (52,5%га), Самарқанд (44,5%га), Андижон (33,5%га), Наманган (26,9%га) вилоятларида ва Тошкент (53,0%га) шаҳрида қайд этилди.

Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.

Товарлар экспортининг камайиши Бухоро (22,2% га), Сурхондарё (6,8% га) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (17,0% га) кузатилди.

Бухоро вилоятида экспортнинг камайишига 2022 йилнинг январ-июнь ойларида пахта толасининг экспорт ҳажми камайгани сабаб бўлмоқда, бу эса ушбу маҳсулотларнинг ички бозорга йўналтирилганлиги билан боғлиқ.

Қорақалпоғистон Республикасида экспорт ҳажмининг камайиши пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайганлиги билан, шунингдек, пахта толаси экспортининг бутунлай бекор қилиниши ва ички бозорга йўналтирилиши билан изоҳланади.

Ўз навбатида, Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажмининг камайиши мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг камайиши ҳамда пахта толаси ва ип-калаванинг ички бозорга йўналтирилиши билан боғлиқ.

Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 42,8%га ошди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли даражада ўсиши Хоразм (68,1%га), Навоий (65,4%га), Жиззах (54,6%га) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (49,8%га) ва Тошкент шаҳрида (68,5%га) кузатилмоқда.

Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши техник уруғлар, минерал ўғитлар, шакар, ўсимлик ёғи, этил спирти, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва маиший материаллар, қора ва рангли металлар ва бошқалар каби товарларни савдосини кўпайтириш орқали таъминланди.

Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида 7,2%га пасайиш кузатилди. Бу полипропилен, пахта толаси, техник уруғлар, ўсимлик ёғи, шрот ва пўстлоғи, қора металл, цемент, буғдой, совун маҳсулоти ва чорва озуқаси билан савдо қилиш бўйича битимлар сони ва ҳажмининг камайиши билан изоҳланади.

Юсуп Жумабаев, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар