Инфографика: 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг ривожланиши

Инфографика: 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг ривожланиши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг 2017-2023 йиллардаги ривожланиш динамикасини тақдим этди.

2017-2023 йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноати сезиларли ривожланди ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларидан бирига айланди. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича миллий дастур доирасида фармацевтика сектори салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми деярли 2 бараварга ошиб, 2023 йилда 4,0 трлн сўмга етди.

Ўткан давр мобайнида маҳаллий дори-дармон воситалари ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони 2017 йилдаги 149 тадан 2023 йилда 210 тага етди.

Шулардан 69 та корхона дори-дармон воситалари, 38 таси тиббий ускуналар ва 103 таси тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Сўнгги 7 йилда фармацевтика секторида киритилган инвестициялар ҳажми 1,9 бараварга ўсиб, 2023 йилда 97 миллион долларга етди. Тармоқни ривожлантириш стратегиясининг муҳим қисми сифатида чет эл инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш амалдаги ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш ва халқаро талабларга мос янги сифат стандартларини жорий этиш имконини берди.

Кўриб чиқлаётган даврда фармацевтика маҳсулотлари экспорти 7 бараварга кўпайиб, 2023 йилда 130 миллион долларига етди. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ривожланиши, хусусан, Германия, Россия ва Қозоғистон каби давлатлар билан алоқалар муҳим роль ўйнади. Бу ҳамкорлик ўзбек маҳсулотларининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга ҳисса қўшди.

Ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари ва тиббий маҳсулотлар сифати яхшиланишини таъминлаш мақсадида халқаро GMP (Good Manufacturing Practice) ва бошқа меъёрларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада GMP стандартлари асосида ишлаётган корхоналар сони 2020 йилдаги 10 тадан 2023 йилда 52 тага етди. Бундан ташқари, ISO 9001:2008 стандарти бўйича сертификатланган корхоналар сони 74 фоизга ошиб 59 тага етди.

Ўзбекистоннинг фармацевтика саноати мунтазам ривожланишда давом этмоқда ва мамлакат ҳукумати ушбу тармоқни инвестицияларни рағбатлантириш, экспортни ривожлантириш ва илғор технологияларни жалб қилиш орқали қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар