2022 йил учун давлат бюджети: асосий кўрсаткичлар таҳлили

2022 йил учун давлат бюджети: асосий кўрсаткичлар таҳлили

30.12.2021 йилдаги «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Ушбу Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 26 ноябрда қабул қилинган. Сенат томонидан 2021 йил 15 декабрда маъқулланган.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60%дан ошмаслиги керак.

2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Қонунга мувофиқ қуйидаги солиқлар бўйича асосий ставкалар ўзгаришларсиз қолдирилди:

  • ҚҚС – 15%;
  • фойда солиғи – 15%;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 12%;
  • айланмадан олинадиган солиқ – 4%.

Фойда солиғи ставкаси 15%, дивидендлар тарзидаги фойда бўйича солиқ ставкаси 5% даражасида сақланиб қолинди.

Амортизациянинг йиллик чекланган нормаси ва инвестициявий чегирма миқдори ўртача 2 бараварга оширилади.

Солиқ тўловчиларга зарар суммасини келгуси даврларга, зарар кўрилган солиқ давридан кейинги 10 йилга кўчириш ҳуқуқи берилади. Бунда жами кўчирилаётган зарар суммаси жорий солиқ давридаги солиқ базасининг 60%идан ошмаслиги лозимлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

Табиий газни экспорт қилишда, шунингдек импорт қилинган газни ички бозорда реализация қилишда акциз солиғи ставкаси нолга тенглаштирилади. Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан суюлтирилган газни реализация қилиш акциз солиғидан озод этилади.

Бундан ташқари ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари нефть ва табиий газ бўйича 10%гача, олтин ва мис бўйича – 7%гача, вольфрам бўйича – 2,7%гача, уран бўйича – 8%гача пасайтирилди.

Шунингдек автомобилни сотиб олишда ва вақтинчалик олиб киришда тўланадиган йиғим бекор қилинди.

Жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари белгиланди. Улар бинони ёки автомобилни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солишда қўлланилади.

2022 йил учун Консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3%и миқдорида белгиланди. 2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 трлн сўм ёки ЯИМнинг 30,3%и миқдорида прогнозлаштирилмоқда.

Давлат бюджети даромадлари 200 трлн сўм ёки ЯИМнинг 23,8%и миқдорида белгиланди. Улардан солиқ тушумлари 68,5 трлн сўм, шу жумладан фойда солиғи – 43,7 трлн сўм, айланмадан олинадиган солиқ – 2,7 трлн сўм, ЖШДС – 22 трлн сўмни ташкил этади.

Билвосита солиқлар бўйича даромад суммаси 73,2 трлн сўм, шу жумладан ҚҚС – 53,3 трлн сўм, акциз солиғи – 15 трлн сўм, божхона божи – 4,8 трлн сўмни ташкил этади.

Ресурc ва мол-мулк солиғи 25,7 трлн сўмни ташкил қилади.

Консолидациялашган бюджет харажатлари 280, 13 трлн сўмни ташкил этади. Давлат бюджети харажатлари 188, 91 трлн сўм, давлат мақсадли жамғармалари харажатлари – 58, 18 трлн сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг сарфланиши – 7, 73 трлн сўм миқдорида прогнозлаштирилмоқда.

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларининг сарфланиши 14, 61 трлн сўм, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига харажатлар эса – 10,7 трлн сўмни ташкил этади.

Бюджетни шакллантиришда барча туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тасдиқланган харажатларининг 5%и жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг камида 30%и жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

2022 йил учун бюджет ва қонун маблағларни белгиланган йўналишда сарфлашда натижадорликни ошириш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини кенгайтириш, бюджет барқарорлигини таъминлаш, бюджет қамровини ошириш ва бюджет маблағларининг тақсимланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича таклифларни ўз ичига олади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар