Ой давомида уй-жой олди-сотди битимлари 12% га ошиб, 27,1 мингтани ташкил этди. Бу 2023 йил августидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич.

Ҳудудлар кесимида
Октябрь ойида уй-жой бозоридаги фаоллик ўсиши республиканинг барча ҳудудларида қайд этилди.
Энг катта ойлик ўсиш Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида кузатилиб, бу ҳудудларда уй-жой олди-сотди битимлари ўртача 26 %га кўпайди. Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида эса ўсиш мӯътадил бўлиб, мос равишда тахминан 2% ва 4% ни ташкил этди.
Республика бўйича уй-жой олди-сотди битимларининг тахминан 30 %и Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Октябрь ойида пойтахтда савдо ҳажми ойлик ҳисобда 5,3 %га, йиллик ҳисобда эса 32 %га ошди.
Иккиламчи уй-жой бозори
Октябрь ойида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар динамикаси бироз тезлашди. Бир ой ичида 1 квадрат метр учун ўртача нарх 2,4% га ошди, сентябрда бу кўрсаткич 0,6% бўлган эди.
Ўтган йил октябрига нисбатан ҳисоблаганда, иккиламчи бозорда ўртача нарх 1 кв. метр учун 7,4% га ўсган.
Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Наманган вилоятларида қайд этилди, бу ҳудудларда уй-жой нархлари тахминан 20% га ошди.
Тошкентда уй-жой бозоридаги вазият
Октябрь ойида Тошкентда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар деярли ўзгармасдан қолди, ўртача ўсиш 0,7% атрофида бўлди.
Йиллик ҳисобда, ўтган йил октябрь ойига нисбатан, пойтахтда иккиламчи уй-жой нархлари 1% га пасайган. Энг сезиларли тушиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида қайд этилган, бу ерда ўртача нархлар тахминан 5% га арзонлашган.
Пойтахтнинг бирламчи уй-жой бозорида эса аксинча, нархлар ўсиши кузатилмоқда. Октябрь ойида бир квадрат метр учун ўртача нарх йиллик ҳисобда 2,1%га ошган.
Энг юқори ўсиш Бектемир, Яшнобод, Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудларда нархлар ўртача 5,5% га ўсган.
Пойтахтда ижара бозори
Октябрь ойида Тошкентда ўртача ижара ставкалари ўтган ой даражасида қолиб, 1 кв.м учун 8,5 долларни ташкил этди. Энг юқори ижара нархлари пойтахтнинг марказий ҳудудлари Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланмоқда, бу ҳудудларда 1 кв. метр учун ўртача ижара ҳақи тахминан 10,2 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, ўтган йил октябрига нисбатан Тошкентда уй-жой ижара нархлари 1,6% га ошган. Энг катта ўсиш Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманларида қайд этилган, бу туманларда ижара нархлари ўртача 9% га кўтарилган.
Жалолиддин Усмонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш