Сирдарё вилоятининг 2023 йил учун маҳаллий бюджет даромадлари 2 067 млрд. сўм режалаштирилган бўлиб, ушбу даромадларнинг 47 фоизи (980,6 млрд. сўм) вилоят маҳаллий бюджети даромадлари ҳисобидан, 53 фоизи (1 086,2 млрд сўм) республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.
2023 йилда Ялпи Ҳудудий Маҳсулот 22,29 трлн.сўм бўлиши режа қилиниб, 2022 йилга нисбатан 6 фоизга ўсиши кўрсатиб ўтилган. Вилоятнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳисобланган саноат соҳасининг ўсиш суръати 2023 йилда 109,1%, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари соҳасининг ўсиш суръати 103,3% ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсиш суръати 106,6% бўлиши режалаштирилган.
Вилоят бюджетининг даромад қисми жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (51%), юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи (13%), норуда қурилиш материаллари учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (8%), жарималар (7%), акциз солиғи (7%), давлат божлари (6%), юридик шахслар мол-мулк солиғи (4%) ва бошқа даромадлар ҳисобидан шаклланади.
2023 йилда вилоят маҳаллий бюджети маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағ миқдори 2 066,7 млрд сўмни ташкил қилади. Энг кўп маблағ олувчи ташкилотлар – Соғлиқни сақлаш соҳаси (40%), Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (7%), Президент таълим муассасалари (5%), “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ва ташаббусли бюджет учун (5%), Халқ таълими бошқармаси (5%), , Спорт (3%) ва Маданият бошқамаси (1%) ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш