Инфографика: 2017-2024 йилларда Ўзбекистон банк секторини ривожлантириш

Инфографика: 2017-2024 йилларда Ўзбекистон банк секторини ривожлантириш

2017-2024 йиллар давомида Ўзбекистонда банк тизимини янада ривожлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, валюта бозори либерализацияси, Марказий банк томонидан инфляцион таргетлаш режимига ўтилиши, пул муомаласи ва тўлов тизимидаги ўзгаришлар, давлат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда.

2025 йилгача қатор давлат банкларининг хусусийлаштирилиши режалаштирилган. 2024 йил якунларига кўра мамлакатимизда 36 та тижорат банки фаолият юритади ва шундан 9 тасида давлат улуши мавжуд.

2017-2024 йилларда банк тизими активлари 4,6 бараварга, мажбуриятлари 4,5 бараварга ўсди. Банк тизими активлари 2024 йил якунларига кўра 769 трлн сўмни (2017 йил – 167 трлн сўм) ташкил этди ва ЯИМга нисбати 52,9%гача (2016 йил – 42,3%) ўсди. Банк тизими мажбуриятлари 2017 йилдаги 145,9 трлн сўмдан 2024 йилда 654,5 трлн сўмга етди. Банк тизими жами капитали ўтган 8 йил давомида 5,5 баравар ўсиб, 2024 йил якунларига кўра 114,8 трлн.сўмни ташкил этди.

Сўнгги 8 йилликда тижорат банкларига депозит қўйилмалари ҳамда аҳоли ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари кескин ўсди. Банк тизимида жами депозит қўйилмалари қолдиғи 2017 йил якунида 59,6 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йил якунига келиб 308,7 трлн сўмга етди ёки 5,2 баравар ўсди. Жами депозит қўйилмаларининг қарийб ярми (49,9%) хусусий банкларга тегишли. Банк тизими томонидан иқтисодиётга тақдим этилган жами кредитлар қолдиғи ҳисобот даврида 4,8 баравар ўсиб, 2024 йилда 533,1 трлн сўмга етди. Кредитларнинг депозит қўйилмаларига нисбати хусусий банкларда 108%, давлат банкларида 237 фоизни ташкил этди.

Ажратилаётган кредитлар иқтисодиётнинг барча тармоқлари кесимида сўнгги йилларда кескин кенгайиб бориш тенденциясига эга бўлди. Хусусан, қишлоқ хўжалигига ажратилган кредитлар қолдиғи 10,7 бараварга, улгуржи ва чакана савдода 7,3 бараварга, қурилиш соҳасида 3,8 бараварга, саноатда 3,4 бараварга, транспорт ва алоқа хизматлари соҳасида 2 бараварга ошди.

Жисмоний шахсларга турли мақсадларда ажратилган кредит линияларида ҳам кескин ўсиш кузатилди. 2017 йил якунида жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 13,6 трлн сўмни, 2023 йил якунида 177,5 трлн сўмни ташкил этиб, сўнгги 8 йилликда 13,1 бараварга ошди. Аҳолига ажратилган кредитлар таркибида таълим кредитлари 20,2 баравар, ипотека кредитлари 1,9 баравар ва тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар 1,7 баравар ўсиш қайд этган.

Амалга оширилган қатор таркибий ислоҳотлар натижасида аҳолининг банк хизматлари билан қамраб олиш даражаси кенгайди. Мамлакатимизда молиявий хизматларнинг йиллик ҳажми 2017 йилда 14,9 трлн сўмдан (ЯИМдаги улуши 6%) 2024 йил якунида 134,9 трлн сўмгача (9%), 9,1 баравар ўсиш қайд этди. 2024 йил якунларига кўра, кредит ташкилотлари 229 тани (2017 йил 104 та), масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 52,4 млн кишини (4,5 млн киши), чиқарилган банк пластик карталари сони 53,5 млн донани (19,2 млн. дона), банкомат ва инфокиосклар сони 29 909 тани (5 632 та) ташкил этган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар