Молия вазирлиги 2030 йилга бўлган муддат учун “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси лойиҳаси”ни эълон қилди.
Лойиҳа аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда самарали идоралараро мувофиқлаштирувчи тизимни яратиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларининг манзиллиги ва самарадорлигини ошириш, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, болаларни ҳимоя қилишни янада яхшилаш, гендер тенглигини таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсади илгари сурилган.
Лойиҳада 2022 йил 1 августдан бошлаб, бюджетдан ташқари Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган 5 та штат бирлигидан иборат Ижтимоий суғурта жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилиши кўзда тутилган.
Жамғарманинг жорий фаолиятини юритиши ва сақланиши, моддий-техник таъминоти ва бошқаруви билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Жамғарманинг асосий мақсади фуқароларнинг кутилмаган ҳолатларда (вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, бахтсиз ҳодиса, иш ўринларининг қисқариши ва бошқа ҳолатларда) даромадсиз қолишдан ҳимоя қилишдан иборат.
Қуйидагилар жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- расмий ишловчи ходимларда ижтимоий суғурта ҳодисалари юзага келганда қонунчиликда белгиланган тартибда кафолатланган тўловларни амалга оширилишини таъминлаш;
- Жамғарма тушумлари ва харажатларини ҳисобини юритиш ва мониторинг олиб бориш;
- ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириб бориш.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
- биринчи босқичда, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади. Бунда, ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг унинг меҳнат стажи ва иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланган миқдорининг қолган қисмини тўлаш иш берувчилар ҳисобидан амалга оширилади;
- иккинчи босқичда, 2024 йилдан бошлаб хўжалик корхоналарида расмий ишловчи аёлларга умумий иш стажи ва суғурталанган стажи ҳамда ўртача иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш ва бу орқали ушбу харажатлар иш берувчи зиммасидан тўлиқ олинади;
- учинчи босқичда, 2025-2030 йилларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, ишсиз қолиш нафақаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари оқибатидаги суғурта тўловлари амалга оширилади.
Мазкур президент фармони ҳали лойиҳа бўлиб, у жамоатчилик муҳокамаси босқичида. Таклифлар эса 3 июнга қадар қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш