“Мен Янги Ўзбекистон Талабасиман”: Олмалиқ давлат техника институтида илк илмий-маърифий анжуман

“Мен Янги Ўзбекистон Талабасиман”: Олмалиқ давлат техника институтида илк илмий-маърифий анжуман

Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, чет эллик меҳмонлар, ота-оналар ҳамда талабалар иштирок этдилар. Анжуманнинг очилиш қисмида институт ректори талаба ёшлар учун сифатли таълим, илмий-амалий фаолият ва инновацион ғояларни ривожлантиришга яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ректор институт ривожланиш концепциясининг асосий мақсад ва йўналишларини ёритиб, талабаларга таълим олиш жараёнида омад ва муваффақият тилади.

Талабалар ўз навбатида Ватанга садоқат, билим олишда масъулият ва жамоат манфаатларига хизмат қилиш борасида тантанали қасамёд қабул қилдилар.

Анжуман доирасида ижодий жамоалар иштирокида маърифий-маданий дастур намойиш этилди. Фаол талабалар ўз ижодий чиқишларини тақдим этдилар. Иқтидорли талабалар институт раҳбарияти томонидан муносиб таъқдирландилар. Мазкур маросимнинг асосий мақсади — ёшларда ватанпарварлик, масъулият, илмга ҳурмат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Олмалиқ давлат техника институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ–279-сон Қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси Тошкент вилояти иқтисодиётининг турли тармоқларида — муҳандислик, металлургия, ишлаб чиқариш ва кончилик соҳаларида замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришдан иборат.

Институт ташкил этилган дастлабки кунларданоқ унинг ривожланиш Концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу Концепция ижроси Ўзбекистон ва Марказий Осиё иқтисодиётини муҳандислик, металлургия ва тоғ-кон соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган замонавий илмий-таълим марказини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакат саноат комплексининг барқарор технологик ривожланишига замин яратади.

Ҳозирги кунда Олмалиқ давлат техника институтида қарийб 6 минг талабага 11 та таълим йўналиши бўйича ўқув жараёнлари йўлга қўйилган. Институт илмий салоҳияти 47,3 фоизни ташкил этар экан, 165 нафар профессор-ўқитувчиларнинг 78 нафари илмий даражага эга.

Бундан ташқари, институт томонидан таълим йўналишлари босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Хусусан, сўнгги 40 йилда илк бор Бекобод туманида янги факультет фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирда ОДТИ 15 га яқин хорижий мамлакатлар — Россия, Хитой, Япония, Малайзия, Туркия, Эрон, Венгрия, Белоруссия каби давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ва саноат компаниялари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолагган ҳолда халқаро ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар