Ўзбекистон ҳудудларида бизнес фаоллиги июль ойида ошди

Ўзбекистон ҳудудларида бизнес фаоллиги июль ойида ошди

Солиқ ва Божхона қўмиталари, Марказий банк ҳамда Республика товар-хом ашё биржасининг тезкор маълумотларига асосан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги мониторингини олиб бормоқда.

Жорий йилнинг июль ойи якунларига кўра, солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43,8% га ўсиб, барқарор ижобий динамикани кўрсатди.

Тушумларнинг сезиларли ўсиши Тошкент, Сирдарё, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда ўртача ўсиш суръати қарийб 29%ни ташкил этди.

Божхона тўловлари 18,1% га ўсди. Энг юқори ўсиш суръатлари Наманган вилоятида 56,4%, Фарғона вилоятида 37,8%, Навоий вилоятида 37,6%, Тошкент вилоятида 27%, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 63,6% даражасида қайд этилди.

Кўрсатилган даврда товарлар экспорти 30,4% га ўсди. Экспорт етказиб беришларининг энг юқори ўсиши Тошкент вилоятида 51,2% ва Бухоро вилоятида 49,6%ни ташкил этди. Навоий, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ўсиш ўртача қарийб 40%ни ташкил этди.

Шу билан бирга, кредитлаш ҳажми ҳам ўсди. Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 4,7% га ошди. Энг юқори ўсиш Самарқанд вилоятида (+48,3%) қайд этилди. Андижон, Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятларида кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръати ўртача 27%ни ташкил этди.

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми 24,3% га ошди. Биржа фаоллигининг энг юқори ўсиши Сурхондарё вилоятида 81,9% ва Бухоро вилоятида 64,8%ни ташкил этди. Навоий, Сирдарё, Андижон ва Хоразм вилоятларида ҳам битимлар ҳажми ўртача 31% га ўсди.

Зарина Қосимова

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар