Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази уй-жой ва ижара бозоридаги тенденцияларни баҳолашни янгилади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази уй-жой ва ижара бозоридаги тенденцияларни баҳолашни янгилади

Мамлакатда уй-жой олди-сотди шартномалари умумий сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2%га ошиб, 25 мингта битимни ташкил этди.

Ҳудудий динамика

Йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро (35,4%), Қашқадарё (26,5%) ва Самарқанд (21,7%) вилоятларида қайд этилди.

Мамлакат бўйича уй-жой билан боғлиқ барча битимларнинг тахминан 30%и пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келади. Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси ҳажми йиллик ҳисобда 8,8%га ошди.

Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозори

Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида йиллик ҳисобда нархларнинг ўртача 7% атрофида мўътадил ўсиши кузатилди.

Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда нархлар ўртача ҳисобда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тахминан 17%га ошди.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги ҳолат

Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи 0,9%га пасайган, бирламчи бозорда эса, аксинча, нархлар 4%га ўсган.

Иккиламчи уй-жой нархларининг пасайиши энг кўп Мирзо-Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилиб, ушбу ҳудудларда ўртача пасайиш тахминан 5%ни ташкил этди.

Пойтахтдаги бирламчи уй-жой бозорида эса нархларнинг энг юқори ўсиши Яккасарой, Мирабод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди. Ушбу туманларда нархлар ўртача ҳисобда тахминан 9%га ошди.

Пойтахтда ижара бозори

Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,7 долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5%га юқори.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар.

Шунингдек, ижара нархларининг ўсиши Мирзо-Улуғбек, Мирабод ва Бектемир туманларида ҳам кузатилиб, мазкур ҳудудларда йиллик ҳисобда ўртача 8% атрофида ошиш қайд этилди.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78) 150 02 02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар