Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) 2025 йилнинг биринчи чораги учун Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш прогнозини тақдим этди.
Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) жорий даражаси прогнози илғор таҳлил усуллари ва халқаро тажрибани ўрганишга асосланган. Марказ иқтисодий кўрсаткичларни прогноз қилиш учун қуйидаги ёндашувдан фойдаланади:
Ноукастинг — иқтисодиётдаги ўзгаришларга тез жавоб бериш ва келажакдаги тенденцияларни башорат қилиш имконини берувчи кенг қамровли маълумотларни таҳлил қилишга асосланган усул.
Маълумотларни таҳлили ва ҳозирги иқтисодий тенденциялар
Глобал миқёсдаги муаммолар ва макроиқтисодий ноаниқликларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда барқарор ва ўртача ўсишни намойиш этди. Хизмат кўрсатиш соҳаси, ишлаб чиқариш ва қурилиш, шунингдек, юқори даражадаги инвестиция фаоллиги асосий драйверлар бўлди. 2025 йил бошида иқтисодий фаоллик ўсишда давом этди.
Ижобий тенденциялар Ишбилармонлик фаоллиги индексининг (ИФИ) ўсиши билан ўз тасдиғини топмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашига кўра, у 2025 йил январь ойида ўтган ойга нисбатан 8,4%га ўсган. ИФИ таркибида товар-хом ашё биржасида хомашё харид қилиш интенсивлиги 33,3%га сезиларли даражада ошгани ва фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 1,1%га ўсгани қайд этилди.
Жорий йилнинг январь ойи Ўзбекистон учун иқтисодий ўсиш билан ажралиб турди. Солиқ ва божхона йиғимлари, ташқи савдо ва янги корхоналар сони каби асосий кўрсаткичлар барқарор ўсишни кўрсатди. Тезкор маълумотларга кўра, январь ойида солиқ тушумлари 10,3%га, божхона тушумлари эса 14,5%га ошган. Жорий йилнинг биринчи ойида 6 126 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Шу билан бирга, товар экспорти 8,1 фоизга ошди.
Ўзбекистоннинг 2025 йилдаги иқтисодий ўсиш прогнози
2025 йилда иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари инвестиция фаоллигининг юқори даражаси, жумладан, қайта тикланувчи энергетика ва транспорт инфратузилмаси соҳасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, аҳолининг реал даромадларини ошириш бўлади.
Истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи барқарор пул ўтказмаларига, олтин ва бошқа товарлар нархларининг барқарорлиги ҳисобига экспорт ўсишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида йил якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган режаларига бағишланган йиғилишда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 120 млрд долларга, иқтисодиётга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини 42 млрд долларга, экспортни эса 30 млрд долларга етказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Чорак якунидан кейин расмий маълумотлар эълон қилинишидан олдин ЯИМнинг жорий даражасини баҳолаш ва прогноз қилиш учун Марказ энг яхши амалиётлар асосида таҳлил ўтказди. 20 та асосий тоифадаги тахминан 250 га яқин ҳафталик Google қидирув маълумотларини ўрганиш, шунингдек, алоҳида товар нархлари ва ялпи импорт ва инвентарларнинг асосий ўзгарувчилари таҳлили асосида ҳафталик ЯИМ прогнози тайёрланди.
Мавжуд маълумотлар ва тенденциялардан келиб чиқиб, 2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 6,2%ни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодий ўсишнинг прогноз қилинган диапазони 6,0%дан 6,4%гача.
2025 йил биринчи чорагида Ўзбекистон ЯИМнинг ҳафталик ўсиши прогнози
Халқаро баҳолаш
Жаҳон банкининг янгиланган ҳисоботига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8%га ўсиши кутилмоқда, Халқаро валюта жамғармаси эса ЯИМ ўсишини 5,7% даражасида прогноз қилмоқда. 2024 йил сентябрь ойида Осиё тараққиёт банки саноат ва қурилишдаги ижобий тенденцияларни қайд этиб, 2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши прогнозини 6,2%га оширди.
Шундай қилиб, асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ҳафталик мониторингига асосланган ва иқтисодий фаолиятга таъсир қилувчи ички ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда Марказ прогнози чорак якунидан кейин расмий маълумотлар эълон қилинишидан олдин ЯИМнинг жорий даражасини баҳолаш ва прогноз қилиш имконини беради.
Жамшид Ахматов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел.: (+998) 78 150-32-20 (417)
Изоҳ қолдириш