Ўзбекистон қонунчилигида 1 апрелдан нималар ўзгаради

Ўзбекистон қонунчилигида 1 апрелдан нималар ўзгаради

Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига кўчмас мулк объектларининг бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилаётган мазкур тажриба-синов 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилади ҳамда унинг доирасида:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан, кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади.

Нодавлат ташкилотларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш соҳасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишни ташкил этилади

“Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2021 йил 1 апрелгача “profstandart.uz” касбий стандартларнинг ягона очиқ портали ишлаб чиқилади. Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан янги касбий стандарт қабул қилинганда ёки амалдагиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар навбатдаги ўқув йили бошланишидан олдин таълим ташкилотларининг тегишли таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишни ташкил этади.

Маҳаллий экспортчилар қилган айрим чет элдаги харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилади

Маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг 50 фоизи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш мақсадида тезкор экспертиза тартиби жорий этилади

Президент қарорига биноан:

– интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларидан келиб чиқиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинади;

– интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилади.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши бошланади

Президент фармони билан Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда тайёрлаш мақсадида:

– «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 бараварга оширилади;

– «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшлар хорижга таълим олиш учун юборилади;

– «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида республиканинг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар мунтазам равишда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;

– бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини нуфузли хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасадан ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифнома асосида ўтказиш тартиби йўлга қўйилади.

Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида экспорт қилишга рухсат этилади

Президент қарорига асосан Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида (ТИФ ТН бўйича 0104 ва 0204 кодлари) экспорт қилишга рухсат этилади, бунда экспорт контрактлари мониторинги Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ва Уюшма томонидан юритилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади

Президент фармони билан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади.

Ҳар бир маҳалланинг ID идентификация рақами ва ҳудудий чегараси кўрсатилган ягона электрон маълумотлар базаси жорий этилади

“Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (122-сон, 05.03.2021 й.) қабул қилинди.

2021 йил 1 апрелдан:

  • Давлат хизматлари агентлигининг “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига васийликка ва ҳомийликка олинган болалар тўғрисидаги маълумотлар идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви орқали тақдим этилади;
  • давлат ва нодавлат умумтаълим ташкилотларига ўқувчини ўқишга қабул қилишдан бошлаб битиргунга қадар, шунингдек Ўзбекистондаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар, академик лицейларнинг талаба(ўқувчи)ларини ўқишга қабул қилишдан бошлаб битиргунга қадар ушбу таълим ташкилотларининг тегишли буйруқлари ва бошқа ҳужжатлар фақат ягона электрон маълумотлар базасида шакллантирилади ва расмийлаштирилади.

Ўзбекистонга цементни олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади

Уй-жойлар нархини арзонлаштириш бўйича президент фармонига асосан 2021 йил 1 октябрга қадар цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.

Бундан ташқари, фармонда уй-жойлар нархини арзонлаштириш бўйича ўрнатиладиган янги тартибга кўра бошқа бир қатор чоралар ҳам белгиланган.

Айрим пенсионерларнинг ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилади

“Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6195-сон, 25.03.2021 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан:

“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг:

  • раҳбар ва шифокорлар ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга;
  • ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга;
  • бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
  • Агентлик марказий аппарати ходимларининг ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий комиссиялари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
  • “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилади.

Шунингдек, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида 1 нафардан кутубхоначи штат бирлиги жорий этилади.

Республика махсус комиссияси қарори билан оммавий тадбирлар ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилади

Республика махсус комиссияси қарори билан, тўй ва оилавий маросимларни 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш белгиланди. Бундан ташқари, театр, кино, ва концерт дастурларини ташкил этишда бир қанча чекловлар ҳам қўйилмоқда.

«Зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади

Президент қарорига биноан от спортини ривожлантиришда катта аҳамият касб этадиган «зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади

Президент қарорига асосан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади.

Бунда, почта алоқаси хизмати ҳақи кўрсатилган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари, йиғимлари ва барча турдаги тўловлар суммасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан маблағларнинг ўзига йўналтириладиган қисми ҳисобидан тўлаб берилади.

Қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади

«Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан:

1) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади;

2) заргарлик буюмларини асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси билан тамғалаш усули заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил белгиланади;

3) аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади;

4) қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади.

Бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортиш бошланади

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги 660-сонли Қонунига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-7-модда билан тўлдирилиб, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиб, ушбу модда 2021 йил 1 апрелдан кучга кириши назарда тутилган.

Кам таъминланган оилалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланади ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланади

Ҳукумат қарорига асосан Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2021 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилади.

Ушбу низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари;
  • ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш ҳамда уларни тўлаш тартиби;
  • ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиби.

Хорижий мамлакатлардан маҳсулот олиб кирган транспорт воситаларининг юкхоналари карантин назоратидан ўтказилади

Президент қарорига кўра, республика ҳудудига хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юкхоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва «детектор — хизмат ит»ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.

Раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади

«Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига асосан ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ходимларининг иш ҳақи ОТМ ходимларига тенглаштирилади

Ҳукумат қарорига кўра, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази директорининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра базавий лавозим маош миқдорлари олий таълим муассасаси ректорига, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — олий таълим муассасаси проректорига, таркибий бўлинмалар бошлиқлари — олий таълим муассасасининг факультет деканига, методистларининг иш ҳақи миқдори — олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

ХТВ тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади

Президент фармони билан Халқ таълими вазирлиги тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори — олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари услубчи-маслаҳатчиларининг иш ҳақи миқдори — бош ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

Олий ва биринчи навли буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирдагина республика ҳудудида сотишга рухсат этилади

«Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарорига биноан биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.

Ер майдонларини плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудуд ихтисослигидан келиб чиқиб, туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит ҳолда 300 гектаргача ер майдонларида плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади.

Давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади

Давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимлари ўртасидаги ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.

Республика даражасидаги давлат ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш Президент Администрацияси билан келишилади

Барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шуъбаси билан келишилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар