1 ноябрдан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни келтириб ўтамиз.
Хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик маошлари 35% га оширилади
Президент фармони билан:
а) ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошларини 35% га оширилади;
б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
в) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади;
Хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганда компенсация берилади
Қарорга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинган кредитлар (қарзлар) лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да рўйхатга олинган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронларига давлат хизматларини кўрсатишда ҳар қандай тўловлар бўйича 50% чегирма берилади
Президент фармони га мувофиқ, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50% миқдорида чегирма қўлланади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно).
Шунингдек, давлат хизматлари марказлари, “Лицензия” ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари белгиланган муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50%и уларга 1 иш кунида қайтарилади.
Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга айрим тиббий хизматлар бюджет ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади
Президент қарорига асосан республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси ва урология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.
Онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига келиш харажатлари қоплаб берилади
Ҳукумат қарорига асосан онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлари тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади
Президент қарорига асосан «Меҳр дафтари» тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.
Давлат тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқарув курсларида ўқитилади
Президент қарорига биноан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва бошқа давлат тиббиёт муассасалари раҳбарларини соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув (Healthcare Administration) йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш йўлга қўйилади.
Оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича хабар бериш тизими йўлга қўйилади
Ҳукумат қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги — оилавий зўравонлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика марказини, шунингдек, бундай марказлар борлиги ҳақида жабрланганларни хабардор қиладиган тартиб жорий этилади.
Изоҳ қолдириш