2019 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича Комиссари Фил Ҳоган билан учрашди.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодиётни либераллаштириш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатга Европа бизнеси ва сармоясини кенг жалб қилиш учун кўпроқ имкониятлар очаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан тариф ва тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш, стандартлаштиришнинг Европа тизимларини киритиш, сертификатлаш ва сифатни бошқариш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонга “ГСП+” тизими доирасида 6 мингдан ортиқ товарларни бож тўловисиз Европа Иттифоқи ҳудудига олиб киришга ёрдам беришда тайёрлиги учун Европа томонига миннатдорчилик билдирилди.
Ўзбекистон томони Европа Иттифоқи бозорларига кенг турдаги экспорт товарларини, шу жумладан янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни оширишга тайёрлигини қайд этди.
Шунингдек, аграр соҳадаги истиқболли қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ қолдириш