Жорий йилда “Ўзметкомбинат” тайёр маҳсулот экспортини йилига 350 минг тоннагача етказмоқчи ва бу режалар аниқ асосга эга. Комбинат маҳсулотига талаб, хусусан МДҲ давлатларида ортиб бормоқда.
Корхона матбуот хизмати берган маълумотга кўра, бунинг сабаби - чет бозорларига маҳсулотни илгари суриш стратегиясининг қўлланилиши, шунингдек ташиш ва логистика шароитларининг яхшиланиши билан боғлиқ.
Яқинда Москвада бўлиб ўтган “Металл-Экспо” халқаро ярмаркада комбинат вакиллари Украина ва Россиянинг қатор компаниялари билан музокаралар олиб боришди. Таъкидлаш лозимки, комбинат учун мазкур ярмарка Россиянинг шу каби етакчи тадбирларида иштирок этишнинг илк тажриба вазифасини бажарди.
Музокаралар натижалари бўйича Россиянинг "Галлактика" ва "Метр" компаниялари “Ўзметкомбинат”нинг рангли металлар ва микрокремнеземдан иборат маҳсулотини, Украинанинг "Содружество" компанияси эса пўлатли шарлар ва турли ҳажмдаги арматурани харид қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
“Тахминларга кўра, бу корхоналарга илк маҳсулот етказиб бериш 2020 йилнинг ўрталаригача амалга оширилади. Бу ҳали бошланиши. Кўргазмада иштирокимиз натижалари бўйича кўплаб учрашув ва музокаралар ўтказилиб, уларни янги шартномалар кўринишга айлантиришга ҳаракат қиламиз”, - деб айтди “Ўзметкомбинат” ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Рахмат Иномов.
Бугунги кунда “Ўзметкомбинат” минтақада қора металлургия соҳаси бўйича етакчи корхона бўлганлиги боис, унинг маҳсулотлари барча қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Масалан, Афғонистон ва Қозоғистон металл прокати, Қирғизистон ва Россия мис қотишмалари, Тожикистон сирланган контейнерлар, металл прокати, иссиқлик сақловчи материаллар, Туркманистон – қурилиш материалларини харид қилиб келмоқда. Айни пайтда Озарбайжонга мис ва қотишмаларни экспорт қилишни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
2017 йилда давлат раҳбари томонидан комбинат ишлаб чиқариш қувватлари ва молиявий-иқтисодий аҳволини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган эди. Натижада комбинат хорижнинг SFI Management Group компаниясига ишончли бошқарув асосида топширилган.
Эътироф этиш керакки, мазкур компания қисқа муддат ичида сезиларли натижаларга эриша олди.
Масалан, бир йилдан сўнг комбинатда ферроқотишмаларни ишлаб чиқариш бўйича янги цех ишга туширилди. Янги ишлаб чиқаришнинг фойдаланишга топшириш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этганлиги мазкур воқеага алоҳида шукуҳ ва тантанаворлик бахш этди. Лойиҳа қиймати 60 миллион долларни ташкил қилиб, бундан 17 миллион доллар Кореянинг Эксимбанки томонидан ажратилган.
“Жами 2018 йилнинг сентябрь ойида завод томонидан 18 минг тонна шундай маҳсулот тайёрланган. Цехда 290 киши меҳнат қилмоқда. Лекин бу борада биз аввалом бор, республикада импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор қаратишимиз, экспорт ҳажмини ҳам ошириб боришимиз талаб этилади.
Келажакда яна 2 та печь қурилади, ишлаб чиқариш ҳажми қўшимча равишда яна 30 минг тоннагача ошиб, умумий ҳисобда 55 минг тонна ферроқотишмалар тайёрланади”, - деб таъкидлади “Ўзметкомбинат”нинг ферроқотишмалар цехи бошлиғи Дилшод Дўсматов.
Кейинги икки йилда корхонанинг молиявий аҳволи барқарорлашди, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошлаб юборилди. Янги қуйиш-прокат цехининг қурилиши – шундай лойиҳалардан саналади.
Италиянинг Danieli компанияси томонидан қурилаётган мазкур қуйиш-прокат цехи 2022 йилда ишга туширилади. Унинг ишга туширилиши билан бир миллион тонна тунука маҳсулотини ишлаб чиқариш учун тегишли шароитлар яратилиб, 1000дан ортиқ киши иш билан таъминланади.
Лойиҳанинг амалга ошишидан сўнг, завод томонидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилига 2.1 миллион тоннага етказилади. Таққослаш учун айтиш мумкинки, 2018 йилда комбинат 1 миллионга яқин тайёр маҳсулот ишлаб чиқарган.
Изоҳ қолдириш