Фарғона вилоятининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги инвестиция кўрсаткичлари таҳлили

Фарғона вилоятининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги инвестиция кўрсаткичлари таҳлили

Фарғона вилоятида ҳисобот даврида асосий капиталга киритилган инвестициялар 7182,5 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли (126,1%) ортгани қайд этилган.

Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг асосий қисми 3 та ҳудудга тўғри келган. Вилоятдаги жами инвестицияларнинг 39,7% Фарғона шаҳри (1771,8 млрд.сўм), Тошлоқ (559,3 млрд.сўм) ва Қўштепа (517,8 млрд.сўм) туманларига тўғри келган.

Ёзёвон (177,6 млрд.сўм), Фурқат (151,7 млрд.сўм), Бувайда (141,9 млрд.сўм) ва Сўх (96,8 млрд.сўм) туманларида эса асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми пастлиги кузатилган. Энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Фарғона шаҳрида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми Сўх туманига нисбатан 18,3 бараварга кўп эканлиги қайд этилган.

Aсосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг аксарият туманларда кескин ўсиш суръатлари кузатилган: Риштон тумани (281,3%), Ёзёвон тумани (248,1%), Данғара тумани (187,6%), Қўштепа тумани (183,9%), Олтиариқ тумани (170,6%), Сўх тумани (158,9%), Бувайда тумани (156,2 %), Бағдод тумани (152,9%), Қува тумани (145,6%).

2022 йилнинг мос даврига нисбатан Ўзбекистон тумани (100,9%), Қувасой шаҳри (100,4%), Фурқат тумани (100,3%) ва Қўқон шаҳрида (100,2%) инвестициялар ҳажмида ўзгариш кузатилмаган.

Вилоятда аҳоли жон бошига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1835,2 минг сўмни ташкил этган. Туман(шаҳар)лар кесимида таҳлил қилинганда, Фарғона (5892,2 минг сўм) ва Қувасой шаҳри (3253,3 минг сўм) ҳамда Тошлоқ (2654,7 минг сўм) ва Қўштепа (2595,5 минг сўм) туманларида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми вилоят бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори эканлиги қайд этилган.

Риштон (1120,8 минг сўм), Фарғона (1060,0 минг сўм), Қува (689,2 минг сўм) ва Бувайда (598,1 минг сўм) туманларида эса жон бошига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми вилоят кўрсаткичига нисбатан анча пастлиги қайд қилинган.

Фарғона вилоятида асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 49,9 % чет эл инвестициялари ҳисобидан, 32,1% корхона ва аҳолининг ўз воситалари ҳисобидан, 6,9% банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари ҳисобидан, 5,1% давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Нурдинова Шоирахон,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Наманган филиали бош илмий ходими
Сайфиддинов Самандар, НамДУ 2-курс талабаси
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар