Ислоҳотлар ва иқтисодий ўсиш рейтинг ошишининг асосий омили ҳисобланади
Fitch агентлигининг расмий баёнотида таъкидланишича, рейтинг ошиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва ўрта муддатли иқтисодий ўсишнинг ижобий истиқболлари билан боғлиқ. Бу ҳолат макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, мамлакатнинг тузилмавий кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Асосий ислоҳотлар қаторида: тарифларни либераллаштириш, субсидияларни оптималлаштириш, давлат муассасалари мустақиллигини кучайтириш ва хусусийлаштиришни рағбатлантириш қайд этилган.
Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг реал ЯИМ 2025 ва 2026 йилларда 6,3%га ўсиши кутилмоқда. Бу “BB” (3,8%) рейтингига эга мамлакатлар учун ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори.
Фискал барқарорлик ва субсидияларни қисқартириш
Молиявий интизом рейтингнинг ошишига хизмат қилган муҳим омиллардан бири бўлди. 2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3%дан бироз кўпроғини ташкил этди, бу эса белгиланган 4% мақсадли даражадан паст.
Қайд этилишича, бу солиқ тушумларининг сезиларли даражада ошиши ва энергетика соҳасидаги субсидия харажатларини икки баравар қисқартириб, ЯИМнинг 1%дан камроққа тушириш ҳисобига амалга оширилди.
Давлат корхоналари ислоҳоти
Давлат корхоналари секторини ислоҳ қилиш жараёнлари ҳам жадаллашди – давлат корхоналари сони қисқартирилди, 18 та корхонадаги давлат улуши 2024 йил август ойида ташкил этилган Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилди. Шунингдек, йирик корхоналарни бошқариш сифатини ошириш ва улар фаолиятида шаффофликни таъминлаш мақсадида реорганизация ишлари амалга оширилди.
Fitch томонидан 2025–2026 йилларда бюджет тақчиллиги 3 фоиздан ошмаслиги ҳамда бюджет даромадларининг ошиши қўшимча фискал буфер яратиши қайд этилган.
Давлат қарзи паст даражада сақланмоқда
Fitch томонидан давлат қарзи (давлат кафолатлари инобатга олинмаган) ҳажми 2025–2026 йилларда ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 32 фоиз атрофида сақланиши прогноз қилинган, бу “BB” рейтингли мамлакатлар ўртачаси бўлган 54% дан анча паст.
Бундан ташқари, Давлат қарзининг 89 фоизи хорижий валютада бўлиб, ташқи қарзнинг ўртача муддати 9 йилдан ошади.
Ташқи позиция барқарорлиги ва захиралар ўсиши
2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми олтин нархининг ошиши туфайли 2024 йил якунидаги 41 млрд доллардан 2025 йил 1 июнь ҳолатига 49,7 млрд долларгача ошгани ва 2025–2026 йилларда жорий операциялар ҳисоби тўловини қоплаш даражаси 10 ойдан юқори бўлиши кутилаётгани айтилган..
Қайд этилишича, заҳираларнинг ўсиши асосан олтин нархининг ошиши билан боғлиқ бўлиб, бу мамлакат валюта захираларининг қарийб 77%ни ташкил қилади.
Иқтисодиётни диверсификацияси ва долларлашувнинг камайиши
Экспорт таркибида хизматлар соҳасининг улуши 2021 йилдаги 14%дан 2024 йилдаги 25%гача сезиларли даражада ошиб бормоқда. Fitch томонидан депозитларнинг долларизация даражаси 2020 йил бошидаги 40 фоиздан 2025 йил март ойида 24,5 фоизга пасайгани қайд этилган.
Инфляция секинлашмоқда
Мамлакатда инфляция пасайишда давом этмоқда. 2025 йил май ойида инфляция йиллик ҳисобда 9% дан кам бўлди (2025 йил март ойида – 10%). Бу асосан хизматлар соҳасида нархлар пасайиши ҳисобига юз берди.
Fitch прогнозига кўра, 2026 йилда инфляция ўртача 7% атрофида бўлади. Бироқ, бу кўрсаткич Марказий банкнинг мақсадли 5% даражасидан ҳали ҳам юқори ҳисобланади.
Банк сектори барқарорлигича қолмоқда
Fitch маълумотларига кўра, Ўзбекистон банки сектори барқарор ва ўртача рентабелликка эга. 2024 йил охирида банклар рентабеллиги (ROE) 7%, капитал етарлилиги эса 17% ни ташкил этди.
Тобора кучайиб бораётган банк ислоҳотлари, долларлашувнинг камайиши ва имтиёзли кредитлаш улуши пасайиши, Fitch таъкидлаганидек, марказий банкнинг фоиз ставкалари ва кредитлаш орқали иқтисодиётга таъсирини кучайтиради.
Хулоса
Fitch суверен рейтинги ошиши – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, давлат бошқаруви сифатининг яхшиланиши ва мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги халқаро даражада эътироф этилаётганини англатади.
Бу натижа инвесторлар, халқаро ҳамкорлар ва мамлакат аҳолиси учун муҳим сигналдир – Ўзбекистонда иқтисодий ўзгаришлар амалда ижобий натижа бермоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш